Хайрли ташаббуслар юртимизга ёғилаётган эзгулик нурини зиёда этади

13.05.2019, 12:22

Хайрли ташаббуслар юртимизга ёғилаётган эзгулик нурини зиёда этади
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 10 май куни Тошкент шаҳрида амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари ва йирик лойиҳалар билан танишди.
 
Давлатимиз раҳбари дастлаб Шайхонтоҳур туманидаги Сузук ота мажмуасига ташриф буюрди.
 
Муқаддас ислом динининг эзгу амалларини эъзозлаш, улуғ алломаларимиз меросини тиклаш, қадамжоларини обод этиш борасидаги хайрли ишлар муборак Рамазон ойида эзгулик нурларини янада кўпайтиради.
 
Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида ҳар йили Рамазон ойида ислом динининг асл моҳиятини тарғиб этиш, илм-фанни ривожлантириш, эътиқод эркинлигини таъминлаш, мўмин-мусулмонлар учун кенг шароит яратиш бўйича янги-янги ташаббуслар рўёбга чиқарилмоқда. Хусусан, ўтган йили Рамазон ҳайитида Тошкент шаҳрида Ўзбекистон ислом цивилизацияси маркази қурилишига тамал тоши қўйилди.
 
Айни муқаддас Рамазон кунлари Сузук ота мажмуаси тўла фойдаланишга топширилгани пойтахт аҳолисига ўзгача туҳфа бўлди.
 
Сузук ота зиёратгоҳини яқин-яқингача кўпчилик билмас, маҳалла ичида қолиб кетган мақбара ва эски масжид қаровсизликдан зах тортиб, нураб ётган эди.
 
Давлатимиз раҳбари 2017 йил 26 май куни Сузук ота мажмуасида бўлиб, мақбара ва масжидни реконструкция қилиш, атрофини ободонлаштириш бўйича топшириқлар берган эди. 2018 йил 9 февралда қурилишнинг бориши билан танишиб, мажмуа ёнида ҳунармандлар маркази ва кутубхона барпо этиш бўйича кўрсатма берди. Шундан сўнг амалга оширилган бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари тарихий обидаларга янги ҳаёт бахш этди.
 
Мақбара ва эски намозхона тубдан таъмирланиб, масжид, иккита минора барпо этилди. Мажмуага кираверишда музей, кутубхона, маҳалла идораси ва бошқа объектлар қад ростлади. Фавворалар ўрнатилиб, қарийб 8 гектарлик майдон ободонлаштирилди. Мақбаранинг икки томонида ҳунармандлар учун ҳар бири 4,5 сотихли ўттизта коттеж барпо этилди.
 
Ҳудудда зиёратчиларнинг ҳордиқ чиқариши учун айвонлар қурилди. Уларнинг ёғоч устунлари, равоқлари нафис ўймакорлик намуналари билан безатилди. Мақбара ва бинолар сирти, эшик-ромлар, тоқларга турфа рангларда нақшлар билан миллий менталитетимизга мос зеб берилди.
 
Хўжа Аҳмад Яссавийнинг набираси бўлган Сузук ота яссавия тариқатининг пешвоси, ўймакор уста бўлган. Юзлаб шогирдлар тарбиялаб, ҳунар ўргатган. 1363-1364 йилларда буюк бобокалонимиз Амир Темур Сузук ота қабри устида мақбара ва масжид бунёд эттирган.
 
Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан бу ерда амалга оширилган бунёдкорлик ишлари натижасида бебаҳо ёдгорлик ўзининг тарихий қиёфасини сақлаган ҳолда янги маҳобатли табаррук зиёратгоҳга айланди. Бугун бу ерга келганлар мажмуанинг бетакрор салобатидан улкан маънавий-руҳий қувват олади.
 
Президентимиз ушбу бунёдкорлик ишлари билан танишди. Мақбара зиёрат этилиб, Қуръон тиловат қилинди.
 
Шу ерда диний уламолар ва нуронийлар билан суҳбат бўлиб ўтди. Шавкат Мирзиёев уларни Рамазон ойи билан яна бир бор табриклаб, янгиланган мажмуанинг шундай улуғ айём кунларда очилиши хайрли эканини таъкидлади.
 
Шайхонтоҳур қадимдан Тошкентнинг ҳунармандлик ривожланган масканларидан бўлиб келгани, аждодларимизнинг эзгу анъаналарини бардавом сақлаш юртимизда қадимий ҳунармандлик турлари билан бирга, сайёҳликни ривожлантиришга хизмат қилиши қайд этилди.
 
Бошқалар йўқ тарихини бор қилишга ҳаракат қилади. Биз буюк тарихимизни, алломаларимиз меросини халқимизга, ёшларимизга тўлиқ етказиб беролмадик. Ўзлигимизни англаш нуқтаи назаридан шундай жойларга эътибор берсак, бунга ҳамма эътибор қаратади, деди давлатимиз раҳбари.
 
Бу ердаги ҳунармандлар уйлари шу маҳаллада яшовчи уста-ҳунармандларга берилди. Улар дурадгорлик, мисгарлик, мусиқа асбоблари ясаш, ёғоч ўймакорлиги, наққошлик, бешикчилик, қурувчилик, косиблик каби ота-боболаридан мерос ҳунарлар билан шуғулланиб келмоқда.
 
Президентимиз ҳунармандлар уйларини, ёғоч қирмачилик ва хаттотлик устахоналарини кириб кўрди. Икки қаватли бу хонадонларнинг биринчи қавати устахона ва дўкон учун ажратилган. Бу ер ўзига хос ҳунармандлик маркази бўлиб, мажмуа билан бирга ноёб туризм масканига айланади.
 
Ҳунармандлик – ҳалол касб. Бугунги кунда энг катта вазифамиз – иш жойлари яратиш. Ҳунармандларга шароит яратсак, ҳам ўзини боқади, ҳам бошқаларни иш билан таъминлайди. Шогирдлар тарбияласа, қанча ёшлар ҳунарли бўлади, ўз тадбиркорлик ишини очиб, даромад топади, деди Шавкат Мирзиёев.
 
Тошкент шаҳрининг тарихий қиёфасини сақлаб қолиш, бунда Шайхонтоҳур туманининг ҳунармандлик ва тадбиркорликни ривожлантиришдаги қадимий ролига урғу бериш юзасидан тавсиялар берилди.
 
Давлатимиз раҳбари Чилонзор тумани Боғистон кўчасида барпо этилаётган кўп қаватли уйларни бориб кўрди.
 
Бугун халқимиз турмуш шароитини янада яхшилаш йўлидаги ислоҳотлар ҳар бир туман, ҳар бир маҳаллага кириб боряпти. Тошкент шаҳрида ҳам кўп қаватли уйлар, замонавий мактаб, болалар боғчалари, савдо ва маиший хизмат кўрсатиш шохобчалари, автомобиль турар жойлари барпо этилмоқда.
 
Боғистон кўчасидаги уйларнинг қурилиши бошланганига кўп бўлгани йўқ. Президентимиз 2018 йил 21 декабрь куни бу ерга келиб, қурилиш макетлари билан танишган, зарур кўрсатмалар берган эди. Орадан беш ой ўтиб, бу ерда замонавий турар жой мавзеи бунёд этилди.
 
Умумий майдони 5,6 гектар бўлган ҳудудда жами 24 та 9 қаватли уй барпо этиш режалаштирилган. Айни пайтда 17 та уй қурилиши якунланиб, ички ва ташқи пардозлаш ишлари олиб борилмоқда.
 
Давлатимиз раҳбарига уйларнинг қурилиш технологияси, сифати ҳақида маълумот берилди.
 
Уйлар 100 фоиз юртимизда ишлаб чиқарилган қурилиш материалларидан фойдаланиб, инновацион усуллар асосида барпо этилмоқда. Деворлар қўшимча материаллар билан қоплангани иссиқликни сақлаш ва 70 фоизгача энергияни тежаш имконини беради. Иситиш ва совутиш тизими ҳар бир хонадонда мустақил бошқарилади. Энг муҳими, уйлар яшаш учун тайёр ҳолда топширилади.
 
Президентимиз қуриб битказилган хонадонлардан бирини кириб кўрди.
 
Кенг, баланд, шинам, қулай уйлар шаҳарсозликнинг янги намунаси бўлади ва одамларга янгича тарзда турмуш кечириш имконини туҳфа этади.
 
Бундай уйларнинг сифати, энергияни тежаши, зилзилабардошлиги халқимизга жуда маъқул бўлмоқда. Шу тажриба асосида мамлакатимизнинг бошқа ҳудудларида ҳам турар жойларни кўпайтириш зарур, деди Шавкат Мирзиёев.
 
Айни пайтда уйлар сотуви бошланган. Мижозлардан “call маркази” орқали 24 соат давомида ариза қабул қилиш ва махсус дастур асосида хизмат кўрсатиш йўлга қўйилган.
 
Турар жой мажмуасида “ақлли шаҳар” концепцияси асосида аҳолига коммунал хизмат кўрсатишнинг янги тажрибаси қўлланилади. Яъни, уйларда электр, сантехника ёки бошқа масалада бирор муаммо пайдо бўлса, бу ҳақда марказий бошқарув пультига хабар боради ва тезкор гуруҳ зудлик билан етиб келади.
 
Лойиҳага кўра, ҳудудга туташ бир километрга яқин йўл ва Бўзсув канали атрофида велосипед йўлаги, болалар майдончалари, дам олиш жойлари, фавворалар, музқаймоқхоналар ташкил этилади.
 
Президентимиз шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф номидаги мажмуада амалга оширилган бунёдкорлик ишлари билан танишди.
 
Давлатимиз раҳбари ўтган йили февраль ойида ушбу мажмуа лойиҳаси билан танишиб, уни янада такомиллаштириш, бунда халқимиз ва уламоларнинг таклифларини ҳам ўрганиш бўйича топшириқлар берган эди.
 
Мажмуада қисқа вақтда улкан қурилиш-ободонлаштириш ишлари амалга оширилди. 2 минг кишига мўлжалланган масжид, анжуманлар зали, музей, кутубхона, мақбара, таҳоратхона ва бошқа ёрдамчи хоналар бунёд этилди. Фаввора қурилиб, замонавий ўриндиқлар ўрнатилди.
 
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф 1952 йил 15 апрель куни Андижон вилоятида таваллуд топган. Жуда қийин ва мураккаб даврда Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний идораси раиси, муфтий лавозимида ишлади. У киши фаолият кўрсатган йиллар исломий илмлар, диний қадрият ва анъаналар қайта тикланган давр сифатида тарихимизда алоҳида ўрин тутади.
 
Муфтий вазифасида у киши халқаро миқёсда кенг фаолият юритиб, кўплаб ислом мамлакатлари билан маданий-маърифий алоқаларни ривожлантириш йўлида хизмат қилди. Улуғ ватандошимизнинг дунё мусулмонлари орасидаги обрў-эътибори жуда баланд эди. У Жаҳон мутафаккир уламолари йиғини Ижроия қўмитаси, Жаҳон мусулмон уламолари халқаро уюшмаси, Жаҳон ислом уюшмаси каби нуфузли ташкилотлар, Иордания қироллик академияси аъзоси, Миср Араб Республикасининг “Нил лаври” олтин нишони совриндори бўлган. Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, замонавий тарихимизда исломий илмлар бўйича ҳеч ким бу даражада юксак мавқега кўтарилмаган.
 
Улуғ аллома диний-маърифий мавзуларда 100 дан зиёд китоб ёзган. Шайх ҳазратларининг ҳикматга тўла сўзлари, суҳбатлари, радио ва телевидение, матбуот саҳифаларидаги чиқишлари юртдошларимиз қалбидан чуқур жой олган.
 
Президентимиз бу масжид шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф номига муносиб бўлганини таъкидлади. Ҳазратнинг илмий меросини ўрганиш, маърифат ва одоб-ахлоқ мавзуларида кўпроқ китоблар чоп этиш, жамиятимиздаги маънавий муҳитни мустаҳкамлаш бўйича тавсиялар берилди.
 
Шавкат Мирзиёев “Тошкент” автовокзалида бўлиб, бу ерда амалга оширилган ишлар ва йўловчилар учун яратилган шароитлар билан танишди.
 
Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 10 январдаги “Аҳолига транспорт хизмати кўрсатиш ҳамда шаҳарлар ва қишлоқларда автобусларда йўловчилар ташиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида Тошкент шаҳридан вилоятлар марказлари ва қўшни давлатларга автотранспорт қатнови йўлга қўйилди. Ташландиқ ҳолга келиб қолган “Тошкент” автовокзали таъмирланиб, йўловчилар ва мамлакатимизга келаётган сайёҳлар учун кўплаб қулайликлар яратилди.
 
Айни пайтда автовокзалда бир вақтнинг ўзида 2 минг 200 йўловчига хизмат кўрсатиш имконияти мавжуд. Вокзал сўнгги русумдаги технологиялар билан жиҳозланган. Бу ерда замонавий VIP-зал, она ва бола, тиббиёт хоналари, намозхона, меҳмонхона, ҳайдовчилар учун дам олиш хонаси, диспетчерлик хизмати, дўконлар, кафе-бар ташкил этилган. Имконияти чекланганларнинг вокзал ҳудудида эмин-эркин ҳаракат қилиши учун ҳам шароит яратилган. Иккитадан лифт ва эскалатор, махсус пандуслар шулар жумласидан.
 
Ҳозирги кунда “Тошкент” автовокзалидан Россиянинг Нижний Новгород, Қозон, Қозоғистоннинг Нур-Султон, Чимкент, Туркистон, Қизил Ўрда, Олмаота, Ушкунур, Тароз, Еттисой, Қирғизистоннинг Бишкек, Тожикистоннинг Хўжанд шаҳарларига автобуслар қатнамоқда. Улар хизматидан кунига мингтагача йўловчи фойдаланади.
 
Бундан ташқари, маҳаллий йўналишларда кунига 10 дан ортиқ қатнов амалга оширилаётир. Узоқ йўналишларга чипталарни олдиндан сотиш йўлга қўйилган. Ҳар бир автобус йўналишга чиқишдан аввал тўлиқ техник, ҳайдовчилар эса тиббий кўрикдан ўтади. Автобусларнинг санитар ҳолати ҳам доимий назоратда.
 
Давлатимиз раҳбари бу ерда яратилган шароитни кўздан кечирди. Халқаро тажриба асосида автобус ҳайдовчилари малакасини ошириш, йўловчилар хавфсизлигини таъминлаш бўйича мутасаддиларга зарур топшириқлар берди.
 
Президентимизнинг 2018 йил 5 мартдаги “Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун республика ташқарисига транспортда чиқиш вақтида хавфсизлигини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига биноан хорижий давлатларга вақтинчалик ишлаш учун кетаётган фуқароларни ўз манзилига хавфсиз етказиб қўйиш мақсадида “Uzautotrans Service” корхонаси ташкил этилди. Корхона паркини замонавий автобуслар билан таъминлаш учун Хитойнинг “Zhengzhou Yutong Bus Co. Ltd.” компаниясидан 168 та замонавий автобус харид қилинди.
 
Шу ерда мамлакатимизнинг транспорт-логистика тизимини ривожлантириш, халқаро ва шаҳарлараро автобус йўналишлари, автовокзал ҳамда автостанцияларни такомиллаштириш лойиҳалари тақдимоти ўтказилди.
 
Давлатимиз раҳбари Учтепа туманидаги 238-умумий ўрта таълим мактабининг янги ўқув биноси билан танишди.
 
Мазкур таълим муассасаси 1969 йилда қурилган. Мактабларни қуриш, реконструкция қилиш, мукаммал таъмирлаш ва жиҳозлаш бўйича манзилли дастур асосида 2006 йилда жорий таъмирдан чиқарилган бу муассасада 2 минг 600 дан зиёд ўқувчи икки сменада таълим олади.
 
Янги ўқув биноси қурилишига 2 миллиард сўмдан ортиқ бюджет маблағи сарфланди. У 240 ўринга мўлжалланган. Кутубхона, мусиқа, технология, инглиз тили, тасвирий санъат каби 12 ўқув хоналари замонавий жиҳозланган. “Ёшлар театр студияси”, “Ёш ижодкорлар”, “Халқ чолғу асбоблари”, “Дастурлаш ва компьютер сабоқлари”, “Тадбиркор қизлар”, тикувчилик ва бичувчилик тўгараклари ўқувчилар ихтиёрида. Кутубхонада Wi-Fi ҳудуди ташкил этилган бўлиб, ўқувчилар электрон ва аудиокитоблардан бемалол фойдаланиши мумкин.
 
Президентимиз янги бинодаги шароитларни кўздан кечирди. Таълим тизимига замонавий ўқув дастурларини жорий этиш бўйича тавсиялар берди.
 
Шу ерда Тошкент шаҳар халқ таълими муассасаларининг бугунги аҳволи, мактабларнинг моддий-техник таъминоти бўйича маълумот берилди.
 
Тошкент шаҳрида айни пайтда 303 та мактаб мавжуд. Уларда 409 мингдан зиёд ўқувчи таҳсил олмоқда. 217 та мактабда 2-3 сменада таълим берилади. 2019-2020 ўқув йилида ўқувчилар сони 450 мингга етиб, қўшимча 40 минг ўқувчи ўрнига эҳтиёж пайдо бўлади. Шунинг учун 9 та, жумладан, жорий йилнинг ўзида 7 минг 350 ўринли 5 та янги мактаб, 37 та мактабда қўшимча бинолар қуриш таклифи илгари сурилди.
 
Янги мактаб қуришдан олдин бор имкониятлардан, жумладан, коллеж ва лицейлардан бўшаган бинолардан унумли фойдаланиш масаласини ўрганиб чиқиш зарур. Мактаблар қурилишига, архитектурасига янгича услубда ёндашиш мақсадга мувофиқдир, деди Президент.
 
Давлатимиз раҳбари Учтепа туманида 200 нафар хотин-қиз иш билан таъминланадиган тикувчилик цехига борди. Мамлакатимизда хотин-қизлар бандлигини таъминлаш, ички бозорни ўзимизда ишлаб чиқарилган сифатли кийим-кечаклар билан тўлдиришда жойларда ташкил этилаётган тикувчилик корхоналарининг алоҳида ўрни бор.
 
Яқинда “Козимжон рейтинг сервис” корхонаси томонидан ташкил этилган тикувчилик цехи шулардан бири. Бу цех “Кўкча текстиль” жамияти билан ҳамкорликда бунёд этилди. Лойиҳа қиймати 3 миллиард сўм. “Кўкча текстиль” хориждан 100 та замонавий тикув машинаси ва ёрдамчи ускуналар олиб келиб ўрнатди. Цех йилига 500 минг дона тайёр трикотаж маҳсулоти ишлаб чиқариш қувватига эга. Асосан Учтепа туманидаги банд бўлмаган хотин-қизлар қайта ўқитилиб, ишга қабул қилинади. Келгусида тайёр маҳсулотлар учун махсус кўргазма зали ташкил этиш кўзда тутилган.
 
Корхона хизмат кўрсатиш соҳасида иш юритади. 2017 йили супермаркет, 2018 йилда оилавий ресторан қурилиб, 135 иш ўрни яратилган. Тошкент шаҳридаги Инҳа университети билан ҳамкорликда очилган махсус тайёрлов курси фаолият кўрсатмоқда.
 
Президент бу каби корхоналарнинг мамлакатимиз иқтисоди ривожидаги ўрнига тўхталиб, биринчи навбатда, маҳсулот сифатига эътибор қаратиш зарурлигини қайд этди. Бозор талабини доимий ўрганиб бориш, маҳсулот экспортини йўлга қўйиш бўйича кўрсатмалар берди.
 
Шавкат Мирзиёев Учтепа тумани раҳбарлари, маҳаллалар раислари, зиёлилар, мутасаддилар билан учрашув ўтказди. 
 
Давлатимиз раҳбари туманда аҳоли жон бошига саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш Тошкент шаҳри бўйича ўртача кўрсаткичдан 2 баробар камлигини қайд этди. Тадбиркорликни ривожлантириш, иш ўринларини кўпайтириш, ички йўллар ва коммунал тармоқларни таъмирлаш, ёшлар масаласи бўйича кўп ишлар қилиниши зарурлигини таъкидлади. 
 
Учтепа туманини ҳар томонлама ривожлантириш бўйича алоҳида қарор қабул қилинади. Унга нисбатан аниқ таклифларингизни айтсангиз, бу ҳужжат амалий жиҳатдан янада фойдали, қамровли бўлади, деди Шавкат Мирзиёев.
 
Туман иқтисодиётини ривожлантириш мақсадида 2019-2020 йилларда умумий қиймати 1 триллион 540 миллиард сўмлик 61 та лойиҳани амалга ошириш бўйича туман инвестиция дастури шакллантирилган. Ушбу лойиҳалар доирасида 132 миллион доллар хорижий сармоя ўзлаштирилиб, 6 мингдан зиёд янги иш ўрни яратилади.
 
Тумандаги бўш турган ёки тўлиқ ишлатилмаётган 194 та объект фаолиятини қайта тиклаш ёки улар негизида янги корхоналар ташкил этиш бўйича топшириқлар берилди.
 
“Ҳар бир оила – тадбиркор” дастури доирасида ўз бизнесини бошламоқчи бўлган оилаларни аниқлаб, уларга жами 37 миллиард сўм миқдоридаги имтиёзли банк кредитлари қисқа муддатда тўлиқ ажратилишини таъминлаш лозимлиги қайд этилди.
 
Жорий йилда Инвестиция ва “Обод маҳалла” дастурларига мувофиқ 1 минг 200 ўринли 5 та боғчада қурилиш, реконструкция ва капитал таъмирлаш ишлари бажарилади. Шунингдек, 200 ўринли 2 та янги хусусий боғча ташкил этилади. 24-оилавий поликлиниканинг янги биноси қурилиши якунланиб, фойдаланишга топширилади.
 
“Обод маҳалла” дастури доирасида жорий йилда Гузар ва Фарҳод маҳаллаларида 60 та кўп қаватли уй, ички йўллар, электр ва оқова сув тармоқлари, ижтимоий соҳа объектларида 18 миллиард сўмлик таъмирлаш-тиклаш ишлари бажарилади. Натижада 11 минг нафар аҳолининг турмуш шароити яхшиланади.
 
“Ёшлар – келажагимиз” Давлат дастурига мувофиқ, 12,5 миллиард сўм имтиёзли кредит ажратиш орқали 14 та лойиҳа амалга оширилади. Ёшларни зарарли таъсирдан сақлаш ва бўш вақтини мазмунли ташкил этиш учун уларни маданият, санъат, спорт, китоб ўқиш ва ахборот технологияларига қизиқтиришга қаратилган 5 та ташаббус ҳаётга изчил татбиқ этилади.
 
Туман ёшлари учун “Экобоғ”, “Яшил хиёбон”, “Китоб кафеси” ва “Кўча спорти” намунасидаги спорт-соғломлаштириш майдончалари барпо этилади.
 
Учрашув очиқ мулоқот тарзида ўтди. Одамлар ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди. Президентимиз таклифларни тегишли режаларга киритиш, яқин вақтларда амалга ошириш бўйича мутасаддиларга топшириқлар берди.
  • Кўрилди
    1105
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Рўйҳатга ўтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+