Замон билан ҳамнафас бўлайлик!

01.09.2019, 10:37

Замон билан ҳамнафас бўлайлик!

Ассалому алайкум, қадрли 
партиядошлар!

Барчамиз орзиқиб кутадиган ушбу шукуҳли дамларда, аввало, партиямизнинг кўп минг сонли аъзолари ва барча ватандошларимизни энг улуғ, энг азиз байрамимиз – Мустақиллик куни билан чин қалбимдан самимий табриклаётганимдан бениҳоя мамнунман. 

Роппа-роса 28 йил аввал биз дунё ҳамжамиятининг тенг ҳуқуқли аъзоси сифатида мустақил тараққиёт йўлига чиққан эдик. Кейинги йилларда эса янгиланаётган Ўзбекистоннинг ёруғ келажагини биргаликда бунёд этмоқдамиз. Зотан, эркинлик инсоннинг салоҳиятини борича рўёбга чиқариши омили ҳисобланади.

Мамлакатимиз тараққиётини янги босқичга кўтариш мақсадида муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Ҳаракатлар стратегияси ишлаб чиқилиб, ушбу ноёб ҳужжатда белгиланган улуғвор вазифалар ижросини таъминлашда партиямизнинг ҳам муносиб ҳиссаси борлиги барча маслакдошларимизга фахр-ифтихор бағишлайди.

Ҳозирда партиямиз аъзолари сони 730 мингдан ошиб кетди. Ишбилармон, ғайрат-шижоатли, азми қатъий маслакдошларимиз кўплиги салоҳиятимизга салоҳият қўшади. Айниқса, куни кеча давлатимиз раҳбари томонидан имзоланган фармонга биноан икки сафдошимиз – Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси Муса Ерниязов ҳамда Олтиариқ туманидаги “Нурли обод” фермер хўжалиги бошлиғи Лола Муротовага “Ўзбекистон Қаҳрамони” унвони берилиши барчамизни чексиз қувонтирди.

Юртимизнинг энг чекка ҳудудларига қадар янгиланиш, ўзгариш нафасини, бунёдкорлик руҳини олиб кираётган “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” давлат дастурлари доирасида партиямиз 100 мингга яқин хонадонга кириб борди. Ўрганишлар натижасида шунга амин бўлдикки, бугун одамларнинг фикри, дунёқараши ўзгарган, қишлоқда турмуш даражаси муттасил ошмоқда. Бу ҳам юртбошимиз томонидан ислоҳотларнинг марказига инсон омили қўйилганидан далолатдир.

Президентимиз O‘zLiDeP VIII съездида илгари сурган сайловолди дастурида ҳам, кейинчалик шу дастур асосида ишлаб чиқилган Ҳаракатлар стратегиясида ҳам одамлар эртага эмас, олис келажакда эмас, бугун яхши яшаши кераклиги бирламчи тамойил қилиб олинди. Барча саъй-ҳаракатлар инсонни бугунидан рози, эртасидан кўнгли тўқ ҳолда фаровон яшашига қаратилиши қатъий белгиланди.

Жаҳонда либерализм ғояси айнан инсон манфаатларини барча нарсадан устун қўйишга таяниши кўпчиликка яхши маълум. Бугун юртимизда ислоҳотларнинг локомотивига айланган ижтимоий қатлам – тадбиркор ва ишбилармонлар, фермерларни қўллаб-қувватлаш, уларга зарур шарт-шароитларни яратиб бериш аслида инсон манфаатларини таъминлаш билан ўзаро уйғунлик касб этади. Давлатимиз раҳбари халқимизнинг бугун яхши яшашига эришишни вазифа қилиб қўяр экан, буни тадбиркорлик ривожи билан боғлаётгани ҳам ҳаётий асосларга эга.

Тарихда шундай даврлар ҳам бўлганки, инсон катта давлат машинасининг оддий бир мурватига айлантирилган ва бугун ана шу баҳайбат машинани инсон учун ишлашга йўналтириш янгиланаётган Ўзбекистон олдида ҳам сиёсий, ҳам иқтисодий, қолаверса, ижтимоий соҳаларда қандай улкан вазифалар турганини яққол кўрсатади. Ушбу эзгу ғояни ҳаётга татбиқ қилиш барча кучларимизни бирлаштириб, бор имкониятларимизни сафарбар этишни талаб қилади.

Азиз маслакдошлар!

Шу йил декабрь ойида миллий парламентимиз ва маҳаллий вакиллик органларига ўтказиладиган сайловлар республика ҳаётидаги муҳим воқеа бўлиб, партиялар учун чинакам синовга айланиши турган гап. Мазкур сиёсий жараёнларда тенглик, очиқлик ва холислик тамойиллари асосида қатнашиб, Олий Мажлис ва халқ депутатлари маҳаллий кенгашларида ўз фракция ва партиявий гуруҳларимизни шакллантириш мамлакат сиёсий-ижтимоий ҳаётида фаол иштирок этишимизга кенг имконият яратади.

Янги қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодекси ушбу муҳим жараённинг кўппартиявийлик ва муқобиллик, ошкоралик ва транспарентлик тамойиллари асосида, дунёда умум эътироф этилган демократик стандартларга мос ҳолда ўтишини таъминлашга хизмат қилади. Сайловолди тарғиботига пухта тайёргарлик кўриб, янги ғоя ва мақсадлар, ҳаётбахш дастурлар билан кириб боришимиз эртанги муваффақиятимизга замин ҳозирлайди. Ташвиқот кампанияларини замонавий ахборот технологиялари ёрдамида ташкил қилиш, оммавий ахборот воситаларида тақдим қилинган имкониятлардан ташқари бош нашримиз – “ХХI asr” газетаси, uzlidep.uz ва 21asr.uz веб-сайтлари ва бошқа қатор тезкор тарғибот воситаларидан ҳам самарали фойдаланишимиз талаб этилади.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев 22 август куни сиёсий партиялар раҳбарлари билан учрашув чоғи “Ҳар қандай сиёсий партия замон билан ҳамнафас бўлиб, унинг ўткир талабларига жавоб берган тақдирдагина сиёсий куч сифатида яшай олади”, деб таъкидлагани бежиз эмас, албатта.

Бугун жаҳон Тўртинчи саноат инқилоби арафасида турибди. Ана шундай шароитда мамлакатимизнинг инновацион ривожланиш йўлидан жадал ҳаракатланиши, “билимлар иқтисодиёти” ҳамда “рақамли иқтисодиёт”, “ахборот жамияти” шакллантирилишини таъминлаш олдимизда турган энг муҳим вазифалардан бўлиб қолмоқда. Бу ислоҳотлардан кўзланган мақсад Ўзбекистонни эркин ва бахтли одамлар яшайдиган қудратли давлатга айлантириш, замонавий технологиялар ёрдамида бутун мамлакат бўйлаб юқори турмуш даражасига эришиш ва келажак авлодга мустақил, ҳар томонлама ривожланган обод ва озод Ватан қолдиришга муносиб ҳисса қўшишдир.

Ишончимиз комилки, ушбу мақсадларга фақат либерализм ва демократиянинг умум тан олинган тамойилларига амал қилиниб, “Жадал янгиланишдан – жамият тараққиёти ва гуллаб-яшнаши сари”, “Халқ бой бўлса, давлат ҳам бой ва қудратли бўлади” каби эзгу ғоялар ҳаётга тўла татбиқ этилган шароитдагина эришиш мумкин.

Муҳтарам сафдошлар!

Президентимиз роппа-роса бир йил муқаддам “...халқ билан бевосита мулоқот олиб бориш, унинг дарду ташвишлари билан яшаш, эл-юртимизни рози қилиш – бу вақтинчалик кампания эмас. Бу – халқимизнинг фаровон ҳаётини, юртимиз равнақини таъминлашга қаратилган узоқ муддатли стратегиядир”, дея алоҳида таъкидлаган эди. Ушбу қатъий позиция партиямизнинг мақсад ва вазифларига тўла ҳамоҳанг ва биз шу йўлда мунтазам давом этамиз. 

Фурсатдан фойдаланиб, мамлакатимиз мустақиллигининг йигирма саккиз йиллик байрами билан барчангизни яна бир бор чин қалбдан самимий табриклайман. 

Юртимиз тинч, осмонимиз мусаффо бўлсин!

Актам ХАИТОВ,

O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши

Ижроия қўмитаси раиси

  • Кўрилди
    933
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Рўйҳатга ўтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+