Йўллар ёқасида савдо ва хизмат кўрсатиш объектлари: тадбиркорларни даромад, аҳолини иш билан таъминлайди

23.04.2021, 16:43

Йўллар ёқасида савдо ва хизмат кўрсатиш объектлари: тадбиркорларни даромад, аҳолини иш билан таъминлайди

Шу йилнинг 22 апрель куни Президент Шавкат Мирзиёев раислигида хизмат кўрсатиш соҳасини ривожлантириш масаласига бағишланган видеоселектор йиғилишида халқимизнинг фаровонлиги ва бандлигини таъминлашга қаратилган қатор ҳаётий вазифалар белгилаб берилди.

Энг асосийси давлат раҳбари томонидан қўйилаётган масаланинг амалга ошириш манбаси ва механизми аниқ кўрсатиб берилди. Хусусан, жорий йилда хизматлар соҳасини ривожлантириш учун тижорат банклари томонидан 18 триллион сўм кредитларнинг ажратилиши, бундан ташқари яна шунча миқдордаги ресурс вилоят, туман ва шаҳар ҳокимлари томонидан банклар билан биргаликда шакллантирилишининг белгиланганлиги фикримиз тасдиғидир. Таъкидлаш керакки, амалга оширилиши белгиланган ушбу вазифалар O'zLiDeP Сайловолди дастурида бу борада белгиланган мақсад ва ғоялар билан ҳамоҳанг. Мисол учун партия дастурида “Самарали сервис иқтисодиётига эга Янги Ўзбекистон” тамойили асосида мамлакатда ЯИМда хизматлар улушини ошириш, янги замонавий хизмат турларини ривожлантириш, соҳага стратегик йўналиш сифатида эътибор қаратиш, хизматлар таркибида туризмни кенг ривожлантириш масалаларига алоҳида урғу берилган.

Эътиборга молик жиҳати бу борадаги ишлар маҳаллабай тизимида амалга оширилаётганлиги, лойиҳаларнинг манзилли рўйхатлари маҳаллалар кесимида шакллантирилиши, ҳар бир маҳаллада камида 20 турдаги, туман ва шаҳарларда 70 та турдаги хизматларнинг тўлақонли ташкил этилиши бўйича белгиланган вазифалар аҳолимизнинг қулай ва фаровон ҳаёт кечиришига хизмат қилади.

Айниқса Миллий банк қошида хизматларни ривожлантириш бўйича лойиҳа-таҳлилий марказларининг ҳар бир ҳудудда ташкил қилиниши хизмат кўрсатиш ва сервис объектларини барпо этишда тартиблилик ва замонавийликни таъминлайди.

Қолаверса, халқаро ва вилоятлараро магистрал йўллар ёқасида намунавий лойиҳалар асосида камида 500 та савдо ва хизмат кўрсатиш объектларининг ташкил этилиши мамлакатимизда йўл, транспорт ва туризм инфратузилмаларини ривожланишига олиб келади. Бу ишлар натижасида қарийб 50 мингта иш ўринлари яратилишини амалий ишларнинг натижаси сифатида эътироф этсак тўғри бўлади.

Бундан ташқари хизматлар сифатини яхшилаш, объектлар сонини кўпайтириш орқали 14 та йўналиш бўйича хизмат кўрсатиш ҳажмларини ошириш юзасидан ўтказилган туманбай таҳлиллар ва белгилаб берилган вазифалар мамлакатимизнинг ЯИМ таркибида хизматлар улушини кўпайтиришга хизмат қилишини алоҳида таъкидлаб ўтиш керак.

Умуман олганда, хизмат кўрсатиш соҳаси кенг қамровлилиги билан иқтисодиётда, аҳоли ҳаётида муҳим ўрин тутади. Бу соҳада янги иш ўринларини кам харажат билан ва тез муддатда ташкил этиш мумкин. Аҳоли даромадларининг реал ўсиши ҳам аввало хизматлар ривожида сезилади. Шу маънода йўллар ёқасида савдо ва хизмат кўрсатиш объектларини ташкил этиш тадбиркорларни даромад, аҳолини иш билан таъминлашда муҳим роль ўйнайди.

  • Кўрилди
    490
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Рўйҳатга ўтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+