Видеоселекторда муҳокама қилинган масалалар бизнинг зиммамизга ҳам вазифалар юклайди

04.08.2021, 17:57

Видеоселекторда муҳокама қилинган масалалар бизнинг зиммамизга ҳам вазифалар юклайди

Бир неча йил муқаддам чет эллик йирик сармоядорлар, ишбилармонлар “Ўзбекистонда ҳақиқий иқтисодий ислоҳотлар бошланди” мазмунида фикрлар билдириб, юртимиз тарққиёти жадаллашаётганини эътироф этгандилар. Айрим хорижий иқтисодчилар “Ўзбекистон – Марказий Осиёнинг янги йўлбарси” деган фикрни асослаб бердилар. Мутахассислар айнан иқтисодиётимизга, унинг ривожига  алоҳида эътибор қаратаётгани бежиз эмас. Чунки иқтисодиёт бақувват бўлмаса, бошқа соҳалар, тармоқлар ҳам равнақ топмайди, равнақ топса ҳам, бунинг нафи сезилмайди. Бу ҳақиқат халқимизнинг “оч қоринга қўшиқ не ҳожат?” сингари кўплаб иборалари, нақлларида ҳам ўз ифодасини топган. Шу маънода иқтисодиётимиз билан боғлиқ масалалар доимо Президентимиз диққат марказида тургани алоҳида эътирофга лойиқ. Қайд этиш керакки, O‘zLiDePнинг кўп йилардан буён етакчи сиёсий куч экани, вакилларимиз сайловларда бошқа партияларникига нисбатан кўпроқ овоз олаётгани ҳам халқимизнинг иқтисодиёт, тадбиркорликка доир масалаларга катта қизиқиш билан қарашини, ушбу соҳа янада ривожланишини истаётганини англатади.

3 август куни Президентимиз раислигида жорий йилнинг биринчи ярмидаги иқтисодий натижалар таҳлили ҳамда йил якунига қадар барқарор иқтисодий ўсишни таъминлаш чора-тадбирлари муҳокамаси юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказилди.

Биринчи ярим йилликда мамлакатимиз ялпи ички маҳсулоти 6,2 фоизга  ўсгани қайд этилди. Бунга, асосан, саноат 8,5 фоиз, инвестициялар 5,9 фоиз ва хизматлар ҳажми 8 фоизга ошгани ҳисобига эришилган. Инфляция даражаси 10,9 фоизни ташкил этган.

Шунингдек, мамлакатда жами 53 мингта янги тадбиркорлик субъекти ташкил этилиб, бу кўрсаткич ўтган йилга нисбатан 14 фоиз ошган.

Мажлисда шу каби муваффақиятлар ҳам тилга олинди, лекин асосан камчиликлар ва уларни келтириб чиқараётган омиллар атрофлича муҳокама қилинди, таҳлилларга кенг ўрин берилди. Оқсаб қолаётган тармоқлар, йўналишлар раҳбарларига аҳволни ўнглаш юзасидан аниқ вазифалар юкланди. Шу ўринда йиғилишда соҳадаги реал вазиятни кўрсатувчи рақамлар, фактлар очиқ-ойдин   айтилгани, бу эса, айниқса, иқтисодиётни тараққий эттиришда ижобий рол ўйнашини таъкидлашни истардик. Ҳолбуки, яқин ўтмишда барча жабҳаларда “ўсиш”, “ривожланиш”дан дарак берувчи рақамлар эълон қилинарди. Бу эса хулосалар чиқариш, муаммоларни аниқлаш, ечимини топишга монелик қиларди.

Йиғилишда қайд этилганидек, ҳудудий саноат ҳажми Сирдарё вилоятида 41 фоиз, Хоразмда 33 фоиз, Наманган ва Сурхондарёда 24 фоиз ўсган. Бироқ, бу кўрсаткич катта имкониятларга эга Фарғона вилоятида атиги 1,2 фоиз ва Тошкент вилоятида 4,6 фоизни ташкил этган. 110 та ҳудудий саноат корхонасида ўтган йилга нисбатан 2,2 триллион сўмлик маҳсулотлар кам ишлаб чиқарилган. Қишлоқ хўжалигидаги ишлаб чиқариш ҳажми Қорақалпоғистон Республикаси, Бухоро, Қашқадарё, Самарқанд, Хоразм ва Тошкент вилоятларида ўтган йилги даражада сақланиб қолган. Деҳқончилик йўналишида маҳсулот етиштириш камайган. Ҳудудлар ва тармоқларни ривожлантириш учун зарур молиявий ресурслар ажратилган бўлса-да, ҳали жойларда кутилган натижа бўлмаяпти.

Йиғилишда ана шу масалаларни жадаллик билан ҳал қилиш, ҳар бир тармоқ ва ҳудуд бўйича 9 ой ҳамда йил якунига мўлжалланган аниқ режалар ишлаб чиқиб, ижросини таъминлаш вазифаси қўйилди. 

Биз – депутатлар видеоселектор йиғилишида муҳокама қилинган масалалар, берилган топшириқлардан тегишли хулосалар чиқардик. Аввало, белгиланган вазифалар амалга оширилишини таъминлашда депутатлик ва жамоатчилик назоратидан самарали фойдаланишимиз зарур. Соҳадаги нуқсон-камчиликларнинг ҳал қилиниши бошланган ислоҳотларни янада чуқурлаштиришга ҳам боғлиқ, деб ҳисоблаймиз. Шу боис тегишли қонунчилик ташаббусларини илгари суришни режалаштиряпмиз.

Ҳазратқул ХЎЖАМҚУЛОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

O'zLiDeP фракцияси аъзоси

  • Кўрилди
    804
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Рўйҳатга ўтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+