Ўзбекистон–Қатар: ўзаро муносабатларда муҳим босқич бошланмоқда

08.06.2023, 11:59

Ўзбекистон–Қатар: ўзаро муносабатларда муҳим босқич бошланмоқда

Сўнгги ўн йилликда  Қатарнинг  халқаро  муносабатлар тизимидаги ўрни  сезиларли даражада ошди. Ушбу давлат аҳоли жон бошига ялпи ички маҳсулот ҳажми бўйича дунёда биринчи ўринда туради, жаҳоннинг газ экспорт қилувчи  йирик мамлакатлари бешталигига киради.  

Бундан ташқари, ушбу давлат минтақавий муносабатларда муҳим халқаро воситачи ва мувофиқлаштирувчи  ҳамдир. Сўнгги йилларда Қатар ўз ташқи сиёсий  стратегиясида кенг имкониятларга эга бўлган етакчи араб мамлакатларидаги воқеаларга жалб қилиниш бўйича сиёсий доктринага  таяна бошлади.

Бугунги кунда бу давлат миллий даромад манбаларини диверсификация қилишга, ресурслар, инвестициялардан оқилона фойдаланиш сиёсатини қабул қилишга, рақобатбардош  иқтисодиётни  қуришга эътибор  қаратмоқда. Мамлакатнинг инсон капиталини ривожлантириш бўйича тажрибаси катта қизиқиш  уйғотмоқда.

Ўзбекистонда Қатарга нафақат яқин шарқ минтақасидаги, балки  бутун араб мусулмон оламидаги истиқболли ҳамкор сифатида қаралади. Жорий йилда Тошкентда ушбу мамлакат элчихонасининг очилиши  икки томонлама ҳамкорликни фаол илгари суришда муҳим ўрин тутганини алоҳида таъкидлаш жоиз. Ўз навбатида,  Ўзбекистоннинг географик жойлашуви  Осиё бозорига  чиқиш имконини беради, бу эса  қатарлик ишбилармонлар ва сармоядорларга Осиёда янги бозорларни ўзлаштиришга туртки бўлмоқда. 

2022 йилда Ўзбекистон ва Қатар ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 4,82 млн долларни ташкли этди,  шундан 4,32 млн доллар  нефть маҳсулотлари ва углеводородларни ўз ичига олган импорт ҳиссасига тўғри келади. Ўзбекистон углеводородларни  қидириш ва қазиб олишни кенгайтириш учун  нефть-газ тармоғига ҳорижий инвестицияларни жалб қилишга интилмоқда. Мамлакатимиз  электр энергия соҳасига  Қатар  капиталини жалб қилиш истиқболлари мавжуд.  Бундан ташқари, Қатарнинг етакчи компаниялари ва молия институтларини жалб қилган ҳолда, саноат ишлаб чиқаришини модернизация қилиш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини чуқур қайта ишлаш ҳамда Ўзбекистон инфратузилмасини  модернизация қилиш давлатларимиз ўртасидаги ҳамкорликни  мустаҳкамлайди.

Шу боис, Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан Қатар Давлати Амири шайх Тамим бин Ҳамад Ол Сонийнинг Ўзбекистон Республикасига амалга оширган давлат ташрифи ҳар икки мамлакат учун катта ижобий  воқеа бўлди. Ташрифнинг асосий тадбирлари  Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтди.

Шавкат Мирзиёев ва шайх Тамим бин Ҳамад Ол Соний ўртасидаги музокараларда сиёсий мулоқот ва маданий-гуманитар алмашинувни янада ривожлантириш, савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни кенгайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Дипломатик муносабатлар тарихида биринчиси бўлган ушбу олий даражадаги ташриф икки томонлама ҳамкорликда янги босқични бошлаб бериши ҳамда уни кенг қамровли шериклик даражасига кўтаришга хизмат қилиши қайд этилди.

Томонлар ўзаро савдо кўрсаткичларини ошириш, қўшма инвестиция лойиҳалари ва савдо шартномаларини амалга оширишга тайёр эканликларини таъкидладилар.

Қатарнинг етакчи компаниялари энергетика, газ-кимё саноати, қишлоқ хўжалиги, инфратузилма, логистика, туризм ва бошқа тармоқларда умумий қиймати 12 миллиард доллардан зиёд йирик инвестиция лойиҳаларини амалга оширишда иштирок этиши юзасидан келишувга эришилди.

Музокараларнинг яна бир муҳим натижаси –  давлат раҳбарларининг Марказий Осиёни Кўрфаз мамлакатлари билан боғлайдиган энг қисқа, ишончли ва хавфсиз йўлакларни шакллантириш муҳимлиги ҳақида якдил фикрдалигидир.

Томонлар Афғонистонга нисбатан прагматик сиёсат юритилиши, мамлакат иқтисодиётини қўллаб-қувватлаш ва афғон халқига инсонпарварлик ёрдами кўрсатилиши муҳимлигини таъкидладилар.

Шу маънода, Трансафғон темир йўлини барпо этиш бўйича стратегик лойиҳани амалга оширишни биргаликда илгари суриш истиқболлари кўриб чиқилди.

Умуман олганда, музокаралар якуни бўйича: Инвестицияларни ўзаро рағбатлантириш ва ҳимоя қилиш тўғрисида ҳукуматлараро битим;  Икки томонлама солиққа тортишнинг олдини олиш ҳамда даромад ва мулк солиқларини тўлашдан бош тортишни бартараф қилиш тўғрисида ҳукуматлараро битим; Божхона ишларида ўзаро кўмак кўрсатиш тўғрисида ҳукуматлараро битим; Меҳнат муносабатлари соҳасида ҳамкорлик тўғрисида ҳукуматлараро битим имзоланди.

Хулоса ўрнида шуни қайд этамизки, Қатар Давлати Амири шайх Тамим бин Ҳамад Ол Сонийнинг Ўзбекистонга ташрифи, шубҳасиз, Қатар ва Ўзбекистон ўртасидаги икки томонлама муносабатларда муҳим босқич бўлиб, у турли соҳалар, айниқса, энергетика ва қишлоқ хўжалигидаги ҳамкорлик учун янги  имкониятларни очади. Шу тариқа, давлат ва хусусий сектордаги  барча манфаатдор томонлар учун савдо-иқтисодий  ҳамкорликни мустаҳкамлаш,  инвестициялар ва қўшма лойиҳалар бўйича  истиқболли имкониятлардан фойдаланиш учун қулай шароитлар  яратилди.

Актам ХАИТОВ,

O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси раиси

  • Кўрилди
    354
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Рўйҳатга ўтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+