Шаҳрисабз туманида ишсизлик қачон камаяди?

13.10.2022, 10:18

Шаҳрисабз туманида ишсизлик қачон камаяди?

Халқ депутатлари Шаҳрисабз туман кенгашидаги O’zLiDeP депутатлик гуруҳи йиғилишида туман Аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази директори Зайниддин Халиловнинг ҳисоботи эшитилди.  Ҳисоботда таъкидланишича, туманда 226283 нафар аҳоли истиқомат қилади. Меҳнат ресурслари умумий сони 119054 нафар бўлиб, иқтисодий  фаол  аҳоли  89290  нафар, жами банд бўлганлар эса 8517 нафарни ташкил этади.  Шундан 80773 нафари  иқтисодиётнинг  расмий, 11166  нафари  норасмий  тармокларда иш билан таъминланган. 11167 нафар фуқаро иш излаб, ҳудуддан бошқа жойларга чиқиб кетган. 11766 нафар киши эса мутлақо ишсиз.

 Марказ томонидан аҳолини иш билан таъминлашни яхшилаш мақсадида бирмунча ишлар қилинган. Хусусан, инвестиция, саноат, хизматлар кўрсатиш, сервис соҳасини ривожлантириш, қурилиш саноати, ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш, молиявий жиҳатдан ночор корхоналарни хусусийлаштириш ва соғломлаштириш дастурлари, тижорат банклари томонидан молиялаштирилиши назарда тутилган кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик лойиҳалари ҳамда касаначилик, ҳунармандчилик ҳамда оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари ҳисобига 2022 йилда 1824 та янги иш ўринлари ташкил этилган. Марказга мурожаат этган 6166 нафар фуқародан 1134 нафари иш билан таъминланган.

 Рўйхатга олинган фуқароларнинг 458 нафари касбга тайёрлаш ва қайта тайёрлаш курсларига юборилди ва  282 нафарига белгиланган тартибда ишсизлик нафақаси тайинланиб, 746 нафари  ҳақ тўланадиган жамоат ишларига юборилган. 109 нафар фуқарога субсидиялар ажратилган, 16 та иссиқхона, 28 та насос қурилмалари, 30 та асбоб-ускуна учун жами 299 млн. сўм ажратилган. Жазони ижро этиш муассасасидан озод этилган 20 нафар  фуқародан 14 нафари  ишга жойлаштирилган. Ташкил этилган 11 та бўш иш  ўринлари ярмаркасида  1463 нафар фуқаро иштирок этган бўлиб, 171 нафари доимий ишга жойлаштирилган. Ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқароларни ишга жойлаштириш режаси 48 фоизга бажарилган, холос.

Йиғилишда депутатлардан Арслон Узоқов, Неъмат Турдиев, Наргиза Маматова ва бошқалар сўзга чиқиб, туманда аҳоли бандлигини таъминлашда мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланилмаётганлиги боис иш излаб хорижга чиқиб кетаётган фуқаролар, мардикор бозорларидаги ишсизлар сони ой сайин ортиб бораётганлиги, оилавий тадбиркорликни ривожлантириш, томорқа хўжалигидан самарали фойдаланиш, маҳаллий ишлаб  чиқаришни ривожлантириш, туризм салоҳиятини ошириш борасидаги ишлар талабга жавоб бермаслигини айтиб ўтишди.

- Туманимизнинг тоғолди гўшаларида чиққан киши, мафтун бўлиб, ортга қайтолмай қолади,-дейди депутат Арслон Узоқов. – Президентимизнинг “Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қил!” шиори остидаги ички туризмни ривожлантириш борасидаги кўрсатмалари ижросини таъминлаш вақти келди. Дунёнинг саноқли археологик шаҳарлари рўйхатидан ўрин олган Шаҳрисабздаги меъморий обидаларни кўрмоқ истагида бўлган сайёҳлар дунёнинг исталган мамлакатида топилади. Уларни жалб этиш борасидаги ишларимиз эса мутлақо талабга жавоб бермайди. Туманимизнинг туризм салоҳиятини ривожлантириш орқали минглаб иш ўринлари яратса бўлади. Бу мавжуд юздан бир имкониятдир. Қачонки улардан  самарали фойдаланмас эканмиз, ишсизликка барҳам бериб бўлмайди. 

 Йиғилишда туманнинг ички имкониятларидан самарали фойдаланган ҳолда ишсизликни тугатиш юзасидан таклиф ва мулоҳазалар билдирилди.  

O’zLiDeP Қашқадарё вилоят кенгаши

Матбуот хизмати.

 

  • Кўрилди
    331
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+