Қовчиннинг ҳунарманд аёллари маҳорат дарси ўтишди

14.10.2022, 11:46

Қовчиннинг ҳунарманд  аёллари  маҳорат дарси ўтишди

O’zLiDeP Қашқадарё вилоят ҳамда Қарши туман кенгашлари томонидан Қовчин маҳалла фуқаролар  йиғинида 15 октябрь “Халқаро қишлоқ аёллари куни”  муносабати билан тадбир ташкил этилди. Дастлаб анжуман иштирокчилари партия фаоли, ҳунарманд Раъно Ҳусанова томонидан тайёрланган маҳсулотлар кўргазмаси билан танишдилар. Шундан сўнг “Янги ҳаёт” маҳалласида яшовчи тажрибали гиламдўзлар Тожихол Элбоева ва Гулсара Умидовалар томонидан қадимий артефакт сифатида сақланиб, аждодларимиздан мерос бўлиб келаётган гиламдўзлик санъати, гилам тўқиш, ипак ва жун ипларнинг бўялиши, табиий бўёқларнинг тайёрланиш жараёни, миллий нақшлардан қай даражада фойдаланиш юзасидан маҳорат дарслари ташкил этилди.

- Аёллар томонидан уйда тўқилган гиламлар оддий, лекин мукаммал техникада ишлаб чиқилганлиги боис, ранглар, шакллар, нозик нақш комбинациялари ва ижодий безакларни мукаммал ёрқинлиги билан ажралиб туради,- дейди моҳир гиламдўз Тожихол Элбоева. - Келинлик сарполарига гиламларнинг пат, тарақи, қилчаки, терма, холи  турлари қўшиб берилади.  Бугунги тадбир гиламдўзлик анъаналарини сақлаб қолиш, ривожлантириш, уни авлоддан-авлодга бус-бутун етказиш, соҳани кенг тарғиб қилиш ва янада кенгайтиришга яқиндан ёрдам беришига ишонаман. Қовчинимизнинг қўли гул ҳунармандларимиз томонидан тўқилган гиламдўзлик маҳсулотлари нафақат маҳаллий, балки чет эллик меҳмонлар, сайёҳларни ҳам лол қолдирмоқда. Бугунги маҳорат сабоғимизда иштирок этган қизлар  ўз сепи учун лоақал 2 та дона гилам тўқиса, оила иқтисодини яхшилашда ота-онасига катта ёрдам берган бўларди.

Тадбирда Қарши тумани ҳокими ўринбосари оила ва хотин -қизлар бўлими бошлиғи Фазилат Абдираҳимова, партия туман кенгаши Фахрийлар кенгаши раиси Маҳкамтош Дониева ва бошқалар сўзга чиқиб, мамлакатимизда хотин-қизлар тадбиркорлигини ривожлантириш, уларнинг билим ва ҳунар ўрганиши, ижтимоий ва сиёсий ҳуқуқлардан, тиббий хизматдан фойдаланиши учун барча имкониятлар яратилганлиги ҳақида батафсил фикр юритдилар. Тумандаги 58 та маҳалла фуқаролар йиғинларида ташриф буюрган хотин-қизлар иштирокидаги тадбир сўнгида фаол иштирокчиларга O’zLiDeP Қарши туман кенгашининг “Ташаккурнома”лари тақдим этилди. 

Феруза МУСТАЕВА,

O’zLiDeP Қарши туман кенгаши раиснинг

биринчи ўринбосари, аппарат раҳбари.

  • Кўрилди
    702
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+