OʻzLiDeP PRESS KLUBI: Махсус иқтисодий ва кичик саноат зоналари фаолиятидаги мавжуд муаммолар муҳокама қилинди

30.11.2022, 15:36

OʻzLiDeP PRESS KLUBI: Махсус иқтисодий ва кичик саноат зоналари фаолиятидаги мавжуд муаммолар муҳокама қилинди

“OʻzLiDeP PRESS KLUBI”нинг навбатдаги сессиясида
махсус иқтисодий ва кичик саноат зоналари фаолияти самарадорлигини ошириш, мавжуд муаммолар ва уларни ҳал этиш чоралари муҳокама қилинди.

Пресс-клубда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Маҳаллий Кенгашлар депутатлари, вазирлик ва идоралар вакиллари ҳамда тадбиркорлар иштирок этди.

2022 - 2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясида махсус иқтисодий ва кичик саноат зоналари самарадорлигини ошириш, уларни мухандислик-коммуникация тармоқлари билан таъминлаш ва янгиларини ташкил этиш юзасидан кўплаб вазифалар белгиланган.

Бугунги кунда Республика бўйича 24 та махсус иқтисодий, 507 та кичик саноат ва 210 та ёшлар саноат зоналари ташкил этилган.

Махсус иқтисодий зоналарда қиймати 3 млрд.долларлик 573 та лойиҳалар амалга оширилиб, улар томонидан ҳисобот даврида 23,8 трлн.сўмлик маҳсулотлар ишлаб чиқарилиб, 540,5 млн.долларлик маҳсулотлар экспорт қилинган.

507 та кичик саноат зоналарида қиймати 9,7 трлн.сўмлик 2 452 та лойиҳалар амалга оширилиб, 72 мингга яқин янги иш ўринлари яратилган. Ҳисобот даврида кичик саноат зоналаридаги корхоналар томонидан 7,5 трлн.сўмлик маҳсулотлар ишлаб чиқарилиб, 157,3 млн.долларлик маҳсулотлар экспорт қилинган.

210 та ёшлар саноат зоналарида қиймати 1,3 трлн.сўмлик 780 та инвестиция лойиҳалари амалга оширилган ва улар негизида 17 704 нафар ёшлар иш билан таъминланган. Ушбу зоналарда жойлашган корхоналар томонидан 256,5 млрд.сўмлик маҳсулотлар ишлаб чиқарилиб, 1 млн.долларга яқин маҳсулотлар экспорт қилинган.

Бугунги кунда инвесторларни жалб қилиш мақсадида «E-AUKSION» электрон савдо платформасида эркин иқтисодий зоналардаги 650 дан ортиқ, кичик саноат зоналаридаги 1500 дан ортиқ, ёшлар саноат зоналаридаги 1100 дан ортиқ бўш ер участкалари шаффоф тарзда онлайн аукционга чиқарилган.

Тадбир давомида эришилган натижалар бир қаторда махсус иқтисодий ва кичик саноат зоналаридаги муаммолар ҳам муҳокама қилинди.

Жумладан, мухандислик-коммуникация тармоқлари билан таъминлаш, энергия таъминотидаги узилишлар, ерларни аукционга чиқаришдаги ҳуқуқий асосларни мустаҳкамлаш, ҚҚСнинг қайтарилиши, кредитларни ажратишдаги қийинчилар ва бошқа кўплаб масалалар муҳокама марказида бўлди.

Шу билан бирга, энергия таъминотидаги узилишлар тадбиркорларга катта зарар келтираётганлиги, ишлаб чиқаришда брак маҳсулотлар кўпайиши, ишлаб чиқариш ҳажмларининг тушиб кетаётганлиги масалаларига ҳам кенгроқ тўхталиб ўтилди.

Тадбир иштирокчилари томонидан махсус иқтисодий ва кичик саноат зоналарида фаолият юритаётган тадбиркорлар учун “Ўзини-ўзи энергия билан таъминлаш” ташаббуси билдирилиб, бунда тижорат банкларининг узоқ муддатли, имтиёзли кредитлари ёки субсидиялар ҳисобига қайта тикланувчи энергия манбаларидан кенгроқ фойдаланиш таклифлари билдирилди.

Тадбир якунида OʻzLiDeP депутатлари, вазирлик ва идоралар вакиллари ҳамда партия фаоллари билан биргаликда махсус иқтисодий ва кичик саноат зоналари фаолияти самарадорлигини ошириш юзасидан кенг кўламли тарғибот ишларини жадаллаштириш ва жамоатчилик назоратини ўрнатишга келишиб олинди.

  • Кўрилди
    253
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+