Шавкат Мирзиёев сирдарёлик сайловчилар билан учрашди

06.07.2023, 18:00

Шавкат Мирзиёев сирдарёлик сайловчилар билан учрашди

Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Шавкат Мирзиёев 6 июль куни Сирдарё вилоятидаги сайловчилар билан учрашув ўтказди.

Тадбирни номзоднинг Сирдарё вилояти бўйича ишончли вакили
Покиза Ахмеджанова очиб берди. У ўз сўзида Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида сўнгги йилларда вилоятда улкан ўзгаришлар рўй бергани, иқтисодиёт тармоқлари ривожланиб, аҳолининг фаровонлиги ошганини қайд этди.

Хусусан, сўнгги олти ярим йилда вилоятга 3 миллиард доллар хусусий инвестициялар жалб қилиниб, 7 мингта янги корхона ишга туширилди. Вилоятда саноат маҳсулотлари ҳажми 1,3 баробар кўпайиб, 12 триллион сўмдан ошди, унинг ялпи ҳудудий маҳсулотдаги улуши 25 фоизга етди. Умуман, ялпи ҳудудий маҳсулот 1,5 баробарга кўпайиб, 18 триллион сўмга, аҳоли жон бошига эса, 20 миллион сўмга етди.

Учрашувда Шавкат Мирзиёев Сирдарё вилоятини келгуси етти йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича ўзининг стратегик режаларини маълум қилди.

Аввало, ҳар бир инсоннинг муносиб ҳаёт кечириши учун зарур шароитлар яратиш – устувор вазифа экани таъкидланди. Хусусан, келгуси етти йилда вилоятда 900 та кўп қаватли уй-жой барпо этилади. 400 километр йўл, 2,5 минг километр сув тармоғи, 455 та сув иншооти қурилади. 4 минг километр электр тармоқлари ва 1 мингта трансформатор янгиланади. Умуман, келгуси етти йилда вилоятда маҳаллалар инфратузилмасини яхшилаш учун 10 триллион сўм йўналтирилади.

Номзод замонавий таълим тизимини яратиш масалаларига алоҳида тўхталди. Жумладан, келгуси етти йилда вилоятда 450 та янги боғча фаолияти йўлга қўйилиб, қўшимча 15 мингта бола ўрни яратилиши, 17 та маҳаллада янги мактаблар барпо этилиши, 40 та мактаб реконструкция қилиниши, барча мактаблар иссиқ сув ва фильтрланган ичимлик суви билан таъминланиши қайд этилди.

Номзоднинг сайловолди дастуридан фуқароларни соғлиқни сақлаш тизимидан рози қилиш масалалари ҳам алоҳида ўрин олган. Қайд этилганидек, келгуси йилларда 55 та поликлиника ва шифокорлик пункти, 15 та тиббиёт пункти ташкил этилади, Оқолтин ва Сирдарё туманларида туманлараро қўшма жароҳатлар ва юрак-қон томир касалликлари марказлари фаолияти йўлга қўйилади. Сардоба ва Боёвутда туманлараро перинатал марказлар ташкил этилади. Вилоятдаги барча туғруқ комплекслари реконструкция қилиниб, энг замонавий ускуналар билан жиҳозланади. Гулистон тиббиёт кластерида “Тиббиёт шаҳарчаси” барпо этилиб, вилоятдаги 6 та шифохона битта ҳудудга жойлаштирилади.

Учрашувда вилоят иқтисодий салоҳиятини ошириш масалалари ҳақида сўз борар экан вилоятда фаол инвестиция сиёсатини давом эттириб, Хитой тажрибаси асосида иқтисодиётга инновация ва замонавий технологиялар олиб киришга алоҳида эътибор қаратилиши таъкидланди. Хусусан, хорижий инвестициялар ҳисобига вилоятнинг деярли барча туманларида турли хил ихтисослашувга эга янги ишлаб чиқариш мажмуалари ташкил этилади. Натижада келгуси етти йилда вилоят экспорти ҳажми 5 карра оширилиб, 1 миллиард 800 миллион долларга етказилади.

Вилоятда қишлоқ ва сув хўжалиги соҳаларини модернизация қилиш борасидаги режалар ҳам айтиб ўтилди. Унга кўра, Хитой компанияси билан 500 миллион доллар инвестиция эвазига Ховос туманида замонавий агрологистика комплекси барпо этилади. Ушбу комплексда 5 мингдан зиёд иш ўрни яратилади, йилига 150 минг тонна мева-сабзавотни қайта ишлаш ва ташиш қувватлари ташкил этилади. Умуман, келгуси етти йилда қишлоқ хўжалигига 1 миллиард 600 миллион доллар инвестициялар жалб қилиниб, 500 та йирик лойиҳа амалга оширилади. Шу билан бирга, вилоятда сув таъминотини яхшилаш ҳисобига, 2030 йилга қадар қўшимча 10 минг гектар ер майдонлари қайта фойдаланишга киритилади. Бунинг учун 9 та насос станцияси тўлиқ модернизация қилинади.

Номзоднинг дастуридаги режаларни рўёбга чиқариш учун алоҳида дастур қабул қилиниши ва бунга жами 18 миллиард доллар йўналтирилиши таъкидланди.

Учрашувда Шавкат Мирзиёев мамлакатимизда олий таълим соҳасини янада ривожлантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратди. Аввало, педагогика йўналишидаги олийгоҳларни алоҳида ёндашув асосида ривожлантириш, хусусан, бакалавр педагог кадрлар тайёрлашни тўлиқ давлат грантига ўтказиш, магистратурада эса, квоталар 2 карра оширилиб, тўлиқ давлат ҳисобидан қилиш, кадрлар етишмайдиган, таълим сифати оғир мактаблар олдиндан танланиб, улар учун мақсадли давлат буюртмаси жорий қилиш вазифаларига тўхталиб ўтилди. Пировардида, 2030 йилга бориб боғча тарбиячиси ҳам, мактаб ўқитувчиси ҳам фақат ва фақат олий маълумотли бўлиши қайд этилди.

Бундан ташқари, хусусий олийгоҳларни янада қўллаб-қувватлаш учун уларга давлат буюртмалари сонини 3 баробар ошириш, талабаларнинг таълим олиш имкониятларини янада кенгайтириш мақсадида имтиёзли таълим кредити учун ресурслар ҳажмини 2 карра кўпайтириш, қўшимча 150 минг ўринли талабалар турар жойлари ташкил қилиш масалалари ҳам долзарб эканлиги таъкидланди.

Номзод томонидан таълим тизими ва сифатини янада такомиллаштириш йўналишидаги қилинадиган ишларга ҳам тўхталиб ўтилди. Унга кўра, математика, физика, кимё ва биология фанлари бўйича халқаро тан олинган сертификати бор абитуриентларга ушбу фанлардан имтиҳон топширмаслик имтиёзи берилади, давлат грантлари билан бир қаторда, иш берувчилар ва олийгоҳлар томонидан грантлар бериш амалиёти йўлга қўйилади, бакалавриатдаги таълим тўлиқ қайта кўриб чиқилади ва мазмун жиҳатидан яқин бўлган йўналишлар бирлаштирилиб, замонавий меҳнат бозори талабларига мослаштирилади.

Бундан ташқари, бухгалтерия, логистика, маркетинг, “IT”, дизайн, туризм каби бакалавриат йўналишларида ўқиш муддати 3 йил этиб белгиланади, 2030 йилга қадар юртимизда камида 30 та олийгоҳ халқаро аккредитациядан ўтказилиб, битирувчилар учун халқаро меҳнат бозорида ишлаш имкониятлари кенгайтирилади. Олийгоҳларимизнинг таълим ва тадқиқот жараёнларига хорижлик олимларни ҳам жалб қилиш амалиёти йўлга қўйилади.

Умуман, 2030 йилга қадар олий таълимдаги ислоҳотлар натижасида муҳандислик-техник йўналишларда ўқиётган талабалар улуши ҳозирги 26 фоиздан 50 фоизга олиб чиқилади. Илм-фанга ажратилган маблағларнинг ялпи ички маҳсулотга нисбатан улуши ҳозирги ярим фоиздан 2 фоизга кўпайтирилади. Таълим экспорти 20 баравар оширилиб, 500 миллион долларга олиб чиқилади, илмий-тадқиқотлар натижаларини тижоратлаштириш йиллик ҳажми ҳозирги 140 миллиард сўмдан 5 триллион сўмга оширилади.

Учрашув сўнгида партия фаоллари ва олий таълим соҳасининг етакчи вакиллари сўзга чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида Шавкат Мирзиёев номзодини қўллаб-қувватлашини таъкидлади ва бошқаларни ҳам шунга чақирди.

O‘zLiDeP матбуот хизмати

  • Кўрилди
    485
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+