Берунийлик ишбилармон хотин-қизлар ўзаро беллашдилар

25.07.2023, 17:32

Берунийлик ишбилармон хотин-қизлар ўзаро беллашдилар

“Ишбилармон аёл - 2023” кўрик-танловининг Беруний туман босқичи бўлиб ўтди. Танловда тумандаги тадбиркор, фермер  ва ҳунарманд  хотин-қизлар ўзлари ишлаб чиқарган маҳсулотлари билан иштирок этишди.

- Энг чекка ҳудудларда  хотин-қизлар бандлигини таъминлаш, айниқса “Темир дафтар, “Аёллар дафтари”, “Ёшлар дафтари”га киритилган фуқароларни турли касб-ҳунарларга ўқитиш, ишга жойлаштиришга катта эътибор қаратилмоқда, - дейди O`zLiDeP Беруний тумани Кенгаши аппарат раҳбари Рахима Юлдашева. - Хотин-қизларни тадбиркорликка йўналтириш орқали бандлигини таъминлаш, жамият ва давлат бошқарувидаги иштирокини кенгайтириш борасида партиямиз томонидан амалга оширилаётган чора-тадбирлар ўз самарасини бермоқда. “Ишбилармон аёл” кўрик-танлови ҳам иқтисодиётимизни юксалтиришда янги-янги лойиҳаларни амалиётга татбиқ этиб, аҳоли фаровонлигини оширишга муносиб ҳисса қўшаётган шижоатли, ташаббускор хотин-қизларни кашф этиш орқали замонавий ишбилармон аёллар қиёфасини яратди десак, айни ҳақиқатни айтган бўламиз.

Ҳакамлар ҳайъати аъзолари танлов мобайнида тумандаги тадбиркор, ишбилармон ва ҳунарманд хотин-қизларнинг фаолияти билан яқиндан танишдилар. Уларнинг шу даврга қадар эришган ютуқлари, имкониятлари, келгуси режалари билан ҳам ўртоқлашди.

Танлов якунида “Озод Яшнар” боғдорчилик деҳқон фермер хўжалиги раҳбари Турсуной  Базарбаева 1-ўрин, "Илёсбек Эъзоза" тикувчилик ишлаб чиқариш корхонаси раҳбари Нодира Қутлимуратова 2-ўринни, "Миллий либослар" тикувчилик корхонаси раҳбари Нигора Қўзибаева 3-ўринни қўлга киритди. Ғолиблар танловнинг Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудий босқичида иштирок этишади. Ғолибларга диплом ва эсдалик совғалари топширилди.

Мазкур танловнинг туман босқичлари Тўрткўл, Қонликўл, Мўйноқ, Қўнғирот ва Нукус туманларида ҳам ўтказилди.

O’zLiDeP Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши

матбуот хизмати

  • Кўрилди
    521
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+