Когон шаҳри ишбилармон аёлларига муносиб баҳо берилди

11.08.2023, 09:57

Когон шаҳри ишбилармон аёлларига муносиб баҳо берилди

Кўрик-танловнинг Когон шаҳар босқичида ҳудуддаги ҳунармандлар, ишлаб чиқариш соҳаси вакиллари, тадбиркорлар ва ишбилармон аёллар 5 та номинация бўйича ўз кўргазмаларини намойиш этдилар.

Комила Жўраева ҳудуддаги “Туркистон” МФЙга қарашли 3 гектар майдонда оила аъзолари билан бирга деҳқончилик қилади. Ҳар йили анжир, узум, шафтоли каби мевалар, қовун, тарвуз, помидор, бодринг, қовоқ, булғор қалампири сингари полиз маҳсулотларидан мўл-кул ҳосил олинмоқда.

Худди шу МФЙдаги Дилафрўз Жўраева эса рангли қоғозлардан турли хил гуллар ясашга эътибор бермоқда. Аксарият байрам, қутлуғ сана ва бошқа тадбирларда Дилафрўз меҳнатининг самарасини кўрса бўлади. Дилафрўз ва унинг шогирдлари томонидан тайёрланган гуллари турли байрамларнинг кўркига-кўрк
қўшиб турибди.

Мана 5 йилдирки Когон шаҳридаги “Моҳигул Самад” оилавий корхонасига ишчан тадбиркор аёллардан бири Моҳигул Равшанова раҳбарлик қилмоқда. 10 га яқин шогирдлар билан бирга у миллий ҳунармандчилик йўналишларидан бири кулолчилик намуналарини яратиш билан машғул.

Якка тартибдаги тадбиркорлик билан шуғулланиб келаётган хотин-қизлар Когон шаҳрида кўпчиликни ташкил этади. Улардан бири Дилнора Тўқсановадир. Шаҳардаги мактабгача таълим ташкилотлари билан тузилган ўзаро манфаатли шартномалар асосида бу моҳир ҳунарманд аёл ҳар хил юмшоқ ўйинчоқ ва қўғирчоқлар ясаб буюртмачиларга етказиб келмоқда.

ЯТТ сифатида фаолият юритиб келаётган Маржона Жафарованинг ҳам эртанги кундан кўнгли тўқ. Нуроний кўчаси 16-уйда бўлган кишилар бу моҳир тикувчи аёл томонидан буюртмачилар учун тайёрлаб қўйилган бир-биридан бежирим ва сифатли тикув маҳсулотларини кўздан кечириш имконига эга.
Тикиш-бичишга қизиқиш Маржонада болалигиданоқ пайдо бўлган. Дастлаб қўғирчоқларга, кейинчалик эса кичкинтойларга кийим кечаклар тика бошлаган Маржона бугунги кунда барча ёшдаги маҳалладош аёлларга турли либосларни тикиш билан банд.

Кўрик-танлов ҳайъатининг якуний қарорига биноан Комила Жўраева “Қишлоқни ижтимоий ривожлантиришда фаоллик кўрсатган фермер аёл”, Дилдора Тўқсанова ҳамда Дилафрўз Ўлжаевалар “Замонавий ташаббускор аёл”, Моҳигул Равшанова “Йилнинг мурувватли ишбилармон аёли”, Маржона Жафарова эса “Энг ёш, фаол аёл тадбиркор” номинациялари бўйича ғолиб деб эълон қилиндилар.

Ғолиб ва совриндорларга O'zLiDeP Когон шаҳар Кенгашининг диплом ва эсдалик совғалари топширилди.

Танловда ўз фаолияти давомида юқори натижаларга эришган иштирокчилар “Ишбилармон аёл-2023” кўрик-танловининг вилоят босқичида иштирок этадиган бўлдилар.

  • Кўрилди
    577
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+