Ўзбекистон ва Германия ҳамкорлигинининг истиқболлари белгиланди

03.10.2023, 10:01

Ўзбекистон ва Германия ҳамкорлигинининг истиқболлари  белгиланди

Замонавий Ўзбекистон ривожига қизиқиш мамлакатлар ва давлат арбоблари, экспертлар ҳамда кенг доирадаги халқаро жамоатчилик орасида ортиб бораётгани шубҳасиз. Бу дунё миқёсида шиддатли жараёнлар кечаётган, турли  воқеа ва тенденциялар шароитидаги ўзига хос “тарихий эврилиш” палласига тўғри келган – бир тарихий давр ниҳоясига етиб, башорат қилиш мушкул бўлган янги бир давр бошланган даврдаги қатор  сабаблар билан белгиланади.

Хусусан, бугун мамлакатимиз муҳим трансформация босқичида турибди, Янги Ўзбекистон – инсон манфаатлари олий қадрият бўлган демократик давлатни барпо этиш йўлидан бормоқда. Мамлакатимизни 2030 йилга қадар ривожлантириш бўйича узоқ муддатли стратегия қабул қилинган ва ундаги юксак мақсадлар халқаро ҳамкорларнинг салоҳиятини жалб қилиш орқали амалга оширилади.

Бу ўзгаришларда ташқи сиёсат, хусусан Германия билан ҳамкорлик алоҳида ўрин тутади. Кейинги йилларда товар айирбошлаш ва саноат кооперацияси кўрсаткичлари икки баробар ўсди. Мамлакатимизда Германиянинг “Volkswagen”, “MAN”, “CLAAS”, “Siemens”, “Linde”, “Aurubis”, “Henkel”, “Knauf”, “Papenburg”, “Deutsche Kabel” ва бошқа кўплаб етакчи компаниялари муваффақиятли иш олиб бормоқда. Тоғ-кон, энергетика, кимё, электротехника, тўқимачилик саноати ва инфратузилма бўйича янги лойиҳалар портфели шакллантирилган.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Германия Федерал Канцлери Олаф Шольцнинг таклифига биноан амалий ташриф билан Берлин шаҳрига ташрифи ана шундай халқаро  қизиқишнинг ёрқин ифодаси бўлди. Давлатимиз раҳбари ушбу ташриф доирасида Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг Германия Федерал Президенти Франк-Вальтер Штайнмайер билан учрашувида иштирок этди.

Учрашувда конструктив сиёсий мулоқотни мустаҳкамлаш, савдо-иқтисодий, транспорт-коммуникациявий ва маданий-гуманитар ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.

Тадбирда Қозоғистон Республикаси Президенти Қосим-Жомарт Тоқаев, Қирғиз Республикаси Президенти Садир Жапаров, Тожикистон Республикаси Президенти Эмомали Раҳмон, Туркман халқининг миллий етакчиси, Туркманистон Халқ Маслаҳати Раиси Гурбангули Бердимуҳамедов ҳам қатнашди.

Бошиданоқ, бугунги минтақавий ҳамкорликнинг юқори даражаси, хусусан  Ўзбекистон яхши қўшничилик, ўзаро ишонч ва ҳамкорликни мустаҳкамлаш сиёсатини оғишмай амалга ошираётганини алоҳида қайд этамиз.

Берлинда минтақавий хавфсизлик ва барқарор тараққиётни, шу жумладан, Европа Иттифоқи дастурлари доирасида таъминлашнинг долзарб жиҳатлари юзасидан фикр алмашилди. Давлатимиз раҳбари ўз сўзида “Марказий Осиё – Германия” форматидаги ҳамкорлик истиқболларига алоҳида тўхталди.

Узоқ муддатли ҳамкорликнинг умумминтақавий аҳамиятга эга устувор йўналишлари кўрсатиб ўтилди. Булар – инвестициявий, инновациявий ва технологик алоқалар ва алмашинувни ривожлантириш, қайта тикланувчи энергия манбаларини жорий қилиш, хомашё ресурсларини чуқур қайта ишлаш, транспорт-коммуникациявий ўзаро боғлиқликни кучайтириш, “яшил” кун тартибини илгари суриш, Германия стандартларига мувофиқ турли тармоқлар учун мутахассисларни тайёрлаш, Афғонистон аҳолисига гуманитар ёрдам кўрсатишдан иборатдир.

Марказий Осиё мамлакатлари етакчилари Германия томонининг Марказий Осиё ва Германия ўртасида стратегик минтақавий шерикликни йўлга қўйиш, ушбу форматда мунтазам учрашув ва маслаҳатлашувлар ўтказиб бориш таклифини қўллаб-қувватладилар.

Ташриф доирасида шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Германия Федерал Президенти Франк-Вальтер Штайнмайернинг икки томонлама учрашуви бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон билан Германия ўртасидаги кўп қиррали муносабатларни ривожлантиришнинг долзарб масалалари кўриб чиқилди. Жорий йил май ойида Германияга амалий ташриф давомида ўтказилган сермаҳсул музокараларда эришилган келишувларни амалга ошириш бўйича биргаликдаги саъй-ҳаракатларни давом эттириш муҳимлиги қайд этилди.

Ўзбекистон Президентининг Германия иқтисодиёти Шарқий қўмитаси шафелигида ташкил этилган Иқтисодий форум ишидаги иштироки ижобий резонанс уйғотди.

Хусусан, форум ишида “CLAAS”, “Siemens Energy”, “Knauf”, “Linde”, “Papenburg”, “BayWa”, “WILO”, “IPEX-Bank”, “Commerzbank”, “AKA”, “Mangold Consulting”, “Deutsche Bahn”, “DB E.C.O.”, “Euler Hermes”, “Ernst Klett”, “SMS Group”, “Deutsche Bank”, “Evonik Industries”, “John Deere”, “BASF”, “Airbus” каби Германиянинг етакчи компания ва банклари раҳбарлари қатнашди. Бандай кенг доирадаги вакиллик Германия бизнесида Марказий Осиё мамлакатлари бозоридаги фаолиятини кенгайтиришга қизиқиш ортиб бораётганидан далолатдир.

Ўз навбатида Ўзбекистон, Германия компаниялари билан бир қатор  истиқболли йўналишлар бўйича ҳамкорликни янада кенгайтиришни таклиф қилмоқда. Хусусан, харидоргир саноат маҳсулотларини ишлаб чиқариш учун кооперацияни ривожлантириш. Мамлакатимиз муқобил энергетикани ривожлантириш борасида германиялик ҳамкорлар билан муваффақиятли тажриба ва истиқболли кооперация лойиҳалардан манфаатдор. 

Энг муҳим хомашё ресурслари соҳасида уларни қайта ишлашга илғор технологик ечимларни жалб қилиш ва саноат маҳсулотларининг экспортини ташкил этиш бўйича қўшма лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш муҳим аҳамиятга эга.

Юртимиз қишлоқ ва сув хўжалиги соҳаларига Германия компанияларининг энергия самарадор ва рақамли технологияларини жалб қилишга тайёр.

Марказий Осиёни Европа билан боғлайдиган самарали йўналишларни ривожлантириш муҳимлиги таъкидлаб ўтамиз. Транспорт лойиҳаларини экспертиза жиҳатидан қўллаб-қувватлаш учун Германиянинг етакчи ташкилот ва компаниялари мутахассисларини жалб қилиш  мумкин.

Шавкат Мирзиёевнинг бўлиб ўтган ушбу ташрифи якунларини умумлаштирган ҳолда, шуни айтиш мумкинки, “Марказий Осиё — Германия” формати очиқ мулоқот ҳамда минтақа мамлакатлари ва Германия ўртасидаги ҳамкорликнинг янги кун тартибини шакллантириш учун самарали майдонга айланмоқда. Ташриф давомида ишбилармонлик соҳасидаги шерикликни кенгайтириш, иқтисодиёт, инвестиция, транспорт, энергетика ва бошқа соҳаларда кооперацияни чуқурлаштиришга алоҳида эътибор қаратилди.

Давлатимиз раҳбари қўшма иқтисодий тадбирларни мунтазам ўтказиб бориш, муқобил энергетикани ривожлантириш, қишлоқ хўжалиги ва сув ресурслари бошқарувини рақамлаштириш, хомашёни чуқур қайта ишлаш, молиявий воситаларни кенгайтириш, икки мамлакат ҳудудлари ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш, миграция ва кўчувчанлик соҳасида ҳамкорлик қилиш бўйича қатор аниқ таклифларни илгари сурди.

Шу тариқа, Ўзбекистон бундан кейин ҳам мамлакатимиздаги ишбилармонлик ташаббуслари ва қўшма инвестиция лойиҳаларига ҳар томонлама кўмаклашишга, Германия бизнеси учун катта имкониятларни  тақдим этишга тайёрлигини амалда тасдиқлади.

Актам ХАИТОВ,

O'zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси раиси

  • Кўрилди
    351
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+