Конституциявий қонун лойиҳаси юзасидан семинар ўтказилди

27.10.2023, 15:52

Конституциявий қонун лойиҳаси юзасидан семинар ўтказилди

Самарқанд давлат университетида “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига сайлов ва референдум ўтказиш тартибини янада такомиллаштиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида«ги Конституциявий қонун лойиҳаси юзасидан семинар-мулоқот бўлиб ўтди.

Унда Ўзбекистон республикаси Марказий сайлов комиссияси масъуллари, Олий мажлис Қонунчилик палатаси ва маҳаллий кенгаш депутатлари ҳамда сиёсий партиялар вакиллари иштирок этди.

Тадбирда мазкур қонун лойиҳаси юзасидан Ўзбекистон республикаси Марказий сайлов комиссияси котиби, Юридик фанлар доктори, профессор Худоёр Маматов йиғилганларга атрофлича маълумот берди.

Қайд этилганидек, “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига сайлов ва референдум ўтказиш тартибини янада такомиллаштиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида«ги Конституциявий қонун лойиҳасида мамлакатимиз сайлов тизимига аралаш (мажоритар, пропорционал) сайлов тизимини жорий этиш ва шу орқали Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари сайловини янги тизим асосида ўтказиш, бир мандатли сайлов округлари бўйича овоз беришда иштирок этган сайловчиларнинг ярмидан кўпининг (мутлақ кўпчилик) эмас, балки бошқа номзодларга нисбатан кўпроқ (нисбий кўпчилик) овозини олган номзод депутат этиб сайланган деб ҳисобланишини назарда тутувчи муҳим ва долзарб янгиликлар таклиф этилган.

Эндиликда, Сайлов кодексига киритилаётган ўзгартириш ва қўшимчаларга мувофиқ, Қонунчилик палатаси депутатларининг 50 фоизи, яъни 75 нафари одатдагидек можаритар сайлов тизимига мувофиқ бир мандатли сайлов округларидан сайланиши, қолган 50 фоизи, яъни 75 нафари пропорционал сайлов тизими асосида ягона сайлов округида партиялар томонидан кўрсатилган депутатликка номзодлар рўйхати (партия рўйхати) бўйича сайланиши таклиф этилмоқда.

Марказий сайлов комиссияси масъуллари, Олий мажлис Қонунчилик палатаси ва маҳаллий кенгаш депутатлари, сиёсий партиялар вакиллари шунингдек, Ургут туманидаги 154 умумтаълим мактабида бўлиб, туман фаоллари, мактаб директорлари ва маҳалла раислари билан учрашди.

Бу ерда ҳам “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига сайлов ва референдум ўтказиш тартибини янада такомиллаштиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида«ги Конституциявий қонун лойиҳаси ҳамда “Таълим тўғрисида«ги қонун лойиҳасига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш бўйича йиғилганларга тушунтириш берилди.

Олий мажлис Қонунчилик палатаси депутати Ғайрат Абдиев “Таълим тўғрисида«ги Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳасининг концепциясига тўхталиб, мазкур қонунининг қабул қилинишидан кутилаётган натижалар тўғрисида маълумот берди.

Таъкидланганидек, ушбу Қонун қабул қилиниши натижасида соҳадаги қонунчилик ҳужжатларида эскирган, ўз аҳамиятини йўқотган, бир-бирига зид нормалар, ҳуқуқий бўшлиқлар бартараф этилади ва таълим-тарбия жараёни иштирокчиларининг ижтимоий ҳимояси ва моддий таъминотининг ҳуқуқий кафолатлари мустаҳкамланади ҳамда фуқароларни таълим соҳасидаги конституциявий ҳуқуқларини ҳар томонлама таъминлаш имкониятлари кенгаяди.

Семинар ва мулоқотларда йиғилганларни қизиқтирган саволларга масъуллар томонидан атрофлича жавоб қайтарилди.

Абдулазиз ЙЎЛДОШEВ, “Халқ сўзи”.

  • Кўрилди
    254
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+