Хоразмлик мутасадди раҳбарлар куз-қиш мавсумига тайёргарлик ҳолати бўйича ахборот берди

09.11.2023, 16:59

Хоразмлик мутасадди раҳбарлар куз-қиш мавсумига тайёргарлик ҳолати бўйича ахборот берди

Халқ депутатлари Хоразм вилоят Кенгашидаги O'zLiDeP депутатлик гуруҳининг навбатдаги эшитуви ташкил этилди. Унда масъул ташкилотлар вакиллари депутатларга куз-қиш мавсумига тайёргарлик кўриш ишлари, хусусан, муҳандислик коммуникация тизимларини барқарор ишлашини таъминлаш, аҳоли ва иқтисодиёт тармоқларига электр энергияси, табиий ва суюлтирилган газ, иссиқлик таъминоти, ичимлик ва иссиқ сув ресурсларини етказиб бериш борасида олиб борилаётган ишлар юзасидан ҳисобот берди.

Ҳисоботга кўра, истеъмолчиларни мавсум давомида узлуксиз табиий газ билан таъминлаш мақсадида 14,5 км газ қувурларини реконструкция қилиш, вилоят бўйича 26 та газ созлагичларни мукаммал таъмирлаш ишлари тўлиқ бажарилган. Бундан ташқари вилоятдаги 7451 та газ тақсимлаш қурилмаларини тафтиш қилиш ишлари ҳам охирига етказилган

Шунингдек, бугунги кунгача 523,8 км узунликда электр узатиш тармоқлари ва 201 дона трансформатор пунктлари янгидан қуриш ва реконструкция қилиш ишлари бажарилган бўлса, жорий  йил якунигача яна 110,1 км электр узатиш тармоқлари ҳамда 71 дона трансформатор пунктларида янгидан қуриш ва реконструкция қилиш ишлари бажарилиши кўзда тутилган.

Бундан ташқари, ичимлик суви таъминоти тармоқларининг барқарор ишлаши учун тасдиқланган чора-тадбирлар режасига асосан 5,45 км узунликдаги марказлашган ичимлик сув тармоқлари, 8 та ичимлик сув насосларини жорий ва мукаммал таъмирлаш ишлари амалга оширилган.

Аҳоли хонадонларининг маҳаллий кўмирга бўлган эхтиёжларини қондириш учун 44 417 тонна маҳаллий кўмир аҳолига тарқатилди. Ижтимоий соҳа муассасаларига 17 114 тонна маҳаллий кўмир ёқилғиси  етказиб берилган.

Эшитувда депутатларнинг саволларига вилоятдаги мутасадди идоралар вакиллари жавоб бердилар. Депутатлар уларнинг эътиборини ижтимоий соҳа объектлари ва бошқа тоифадаги истеъмолчиларга зарур миқдорларда энергетика ресурсларини етказиб бериш бўйича мунтазам равишда  ўрганишлар олиб бориш лозимлигини алоҳида қайд этдилар.

Муҳокамаларга бой бўлган йиғилишда депутатлар ҳар бир масалани атрофлича муҳокама қилиб, устувор вазифаларни белгилаб олдилар. Ҳар бир  депутатлар ўзи сайланган округда куз-қиш мавсумига тайёргарлик кўриш бўйича белгиланган вазифалар ижросини доимий назорат қилиб, аниқланган камчиликларни соҳа мутасаддилари билан ҳамкорликда жойида ҳал қилиб борилиши куз-қиш мавсумини беталофат ўтказишга хизмат қилиши таъкидланди.

  • Кўрилди
    229
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+