O'zLiDeP Бухоро вилоят Кенгашининг ўтган йиллардаги фаолияти сарҳисоб қилинди

27.11.2023, 17:51

O'zLiDeP Бухоро вилоят Кенгашининг ўтган йиллардаги фаолияти сарҳисоб қилинди

Бухоро шаҳрида Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати –Ўзбекистон Либерал-демократик партияси ташкил этилганлигининг 20 йиллиги муносабати билан тантанали тадбир бўлиб ўтди.

Тантанали тадбирни O'zLiDeP Бухоро вилоят Кенгаши раиси, халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати Обиджон Хамидов кириш сўзи билан очиб, тадбир иштирокчиларини партия ташкил этилганлигининг 20 йиллиги билан самимий қутлади. Асосий электорати тадбиркор, фермер ва ҳунармандлардан иборат бўлган O'zLiDePнинг мамлакатимиз сиёсий саҳнасида етакчи куч сифатида ўз ўрнига эга эканлиги, ўтган давр мобайнида амалга оширилаётган ислоҳотларга қўшаётган ҳиссаси, айниқса ушбу сиёсий тузилманинг мамлакатимиз иқтисодиётини мустаҳкамлашдаги улуши салмоқли эканлигини алоҳида таъкидлади. “Ўзбекистон-2030” стратегиясининг устувор мақсад ва вазифалари партиянинг сайловолди дастури билан ҳамоҳанг эканлигини  қайд этди.

Тадбирда 20 йил давомида партиянинг Бухоро вилоят Кенгаши томонидан амалга оширилган ишлар қисқача сарҳисоб қилиб ўтилди.

Ўтган вақт давомида жамиятимизда партиянинг нуфузи йилдан йилга ошиб, халқ ишончини қозониб бормоқда. Буни партия сафининг йилдан йилга ошиб бораётганида ҳам кўриш мумкин.

2004 йилнинг 1 январ ҳолатида вилоят бўйича 7507 нафар партия аъзоси рўйхатга олинган бўлса, бугунги кунда бу кўрсаткич 93 минг нафарни ташкил этиб турибди. Бошланғич партия ташкилотлари сони эса айтиб ўтилган даврга мос равишда 341 тадан 866 тага етказилган. Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларида жами 145 нафар партиядан сайланган депутатлар фаолият олиб бормоқдалар.

Биргина жорий йилнинг ўтган даври мобайнида маҳаллий Кенгаш депутатлари томонидан 700 дан ортиқ депутатлик сўровлари чиқарилган. Салкам 110 та мутасаддиларнинг ҳисоботи тингланган. Маҳаллий Кенгаш сессияларига 50 га яқин масала киритилган. Депутатларга сайловчилар томонидан қилинган 690 тага яқин мурожаатларнинг аксарияти ўз ижобий ечимини топган. Бир қатор мурожаатлар депутатлик ва партиявий назоратга олинган.

Тадбирда сўзга чиққан O'zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси Сиёсий таълим маркази раҳбари Насим Алимов ва бошқалар бугунги кунда юртимизда Президентимиз бошчилигида амалга оширилаётган улкан ислоҳотларнинг самарадорлигини таъминлашда ва “Ўзбекистон – 2030” стратегиясида белгиланган мақсад ва вазифаларни ҳаётга тадбиқ этишда бухоролик партия фаоллари бундан кейин ҳам олдинги сафларда бўлишларига ишонч билдирдилар.

Тадбир якунида партиявий фаолиятда бир қатор ютуқларга эришган, сафдошларига ўрнак ва намуна бўлиб келаётган, ушбу сиёсий тузилманинг дастурий мақсад ва вазифаларини тарғиб қилиш ва амалга оширишда жонкуярлик кўрсатиб келаётган бир гуруҳ фаолларга партиянинг ташаккурнома, фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалари топширилди.

  • Кўрилди
    355
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+