Янги Конституция – барқарор тараққиёт кафолати

07.12.2023, 18:35

Янги Конституция – барқарор тараққиёт кафолати

Урганч давлат педагогика институтида Хоразм вилояти ҳокими ўринбосари, O’zLiDeP аъзоси Нигора Кутлимуратова, Олий Мажлис  Сенати аъзоси Фароғат Саъдуллаева, вилоят Ички ишлар бошқармаси ўринбосари Севара Худайберганова, Урганч шаҳар ҳокими ўринбосари Барно Бердийевалар иштирокида Конституциямизнинг 31 йиллиги муносабати билан “Янги Конституция – барқарор тараққиёт кафолати” мавзусида учрашув ташкил қилинди.

Тадбирда таъкидланганидек, мамлакатимизда ёшлар билан ишлаш тизимини янги даражага олиб чиқиш, уларни ижтимоий ва сиёсий фаоллигини ошириш, ҳуқуқий онгини юксалтириш, касб-ҳунарга ўргатиш ва бандлигини таъминлаш, инновацион ғояларини амалиётга татбиқ этиш ҳамда ҳаётда ўз ўрнини топишига кўмаклашиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Янги таҳрирдаги Конституциямизда давлат томонидан ёшлар ҳуқуқлари ҳимояланиши ва уларнинг жамият ва давлат ҳаётида фаол иштироки рағбатлантирилиши кафолатлаб қўйилди. Инсон манфаати, инсонпарварлик тамойили асосида қабул қилинган Бош қомусимиз мамлакатимизда янги ривожланиш даврини бошлаб берди.

Асосий қонунимизда инсон қадри, унинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатлари кафолатлари билан боғлиқ белгиланган нормалар мамлакатимизнинг чинакам демократик, ҳуқуқий, ижтимоий ва дунёвий давлат сифатида жаҳон ҳамжамиятидаги ўрнини янада мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.

Тадбирда сўз олган депутатлар ёшларга янги таҳрирдаги Конституциянинг аҳамияти, “Ўзбекистон — 2030 стратегияси” ижроси доирасида мамлакатимизда олиб борилаётган ўзгариш ва янгиланишлар ҳақида батафсил маълумотлар бердилар.

Меҳмонлар томонидан янги таҳрирдаги Конституцияда белгилаб қўйилган хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, гендер тенглиги ҳамда аёлларга бериладиган ҳимоя ордери каби бир қатор масалалар юзасидан фикр-мулоҳазалар ҳам билдирилди.

Қизғин савол-жавоблар давомида тадбир иштирокчилари янги таҳрирдаги Конституция Ўзбекистоннинг барқарор ривожланишини таъминлашда, фуқаролар ҳуқуқлари кафолатларининг мустаҳкам ҳуқуқий асосларини шакллантиришда муҳим аҳамиятга эгалигини таъкидладилар.

  • Кўрилди
    265
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+