Энг муносиблар сараланди

22.01.2024, 12:22

Энг муносиблар сараланди

O’zLiDeP Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши ҳамда Ўзбекистон Тадбиркорлик ва фермерликни қўл-лаб-қувватлаш маркази Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси билан ҳамкорликда “Хотин-қизлар ва ёшлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш” лойиҳаси доирасида “Энг яхши бизнес режа” танловининг ҳудудий босқичи ўтказилди.

Унда партия Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши ходимлари, мутасадди ташкилотлар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.  

Ҳар бир ишни бошлашдан олдин уни пухта режалаштириш кераклиги барчага маълум.  Бизнес бошлашдан аввал режа тузиш ишингиз янада муваффақиятли бўлишига ёрдам беради.

Жорий йил мамлакатимизда “Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили” деб белгиланди. Бу билан эртанги кунимизнинг давомчилари бўлган ёшларимизга бўлган эътибор ва бизнес билан шуғулланувчилар учун янада қулай шароитлар яратиш мақсад қилинган. Мазкур партиявий лойиҳанинг мақсади ҳам айнан хотин-қизлар ва ёшларнинг тадбиркорлик ҳамда фермерлик фаолиятига қизиқишини янада кучайтириш, уларни шу соҳага кенгроқ жалб этиш, бизнес режаларини қўллаб-қувватлашдан иборат.  

Танловда иштирокчилар тадбиркорликнинг турли йўналишлари бўйича ўз бизнес-режалари  билан иштирок этди. Ҳакамлар ҳайъати аъзолари ҳар бир бизнес режалар билан яқиндан танишиб, ҳар бирга алоҳида эътибор қаратди.  

Танлов якунида  фахрли биринчи ўринга Бўзатов туманидан  “Кенжебек Даулетияр” МЧЖ раҳбари Наргиза Барибаева муносиб деб топилди. Иккинчи ўринни Қўнғирот туманидан ҳунарманд Альбина Сарсенгалиева эгаллаган бўлса, учинчи ўрин Беруний туманидан “Илёсбек Эъзоза” масъулияти чекланган жамият раҳбари Нодира Қутлимуратовага насиб этди.

– Танловда мен ҳам ўз бизнес режам билан иштирок этиб, ғолиб бўлганимдан мамнунман, –  дейди Бўзатов туманидан “Кенжебек Даулетияр” масъулияти чекланган жамият раҳбари Наргиза Барибаева. – Бизнес режам асосан корхона қошида меҳмонхона хизматини очиш. Лойиҳамнинг умумий қиймати 350 миллион сўмни ташкил этади. Ўз ҳисобимдан 250 миллион,  банк кредити ҳисобидан 100 миллион сўмни ташкил этади. Биласиз, давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан Бўзатов тумани қайта ташкил этилиб, кўпгина ишлар амалга оширилмоқда. Аммо туманга ташриф буюрган меҳмонлар, чет эл инвесторлари учун биронта ҳам меҳмонхонанинг йўқлигини  инобатга олган эдим.  

Ғолибларга партиянинг Қорақалпоғистон  Республикаси Кенгаши томонидан диплом ва эсдалик совғалари топширилди. Бундан ташқари, фаол иштирок этган иштирокчилар ҳам рағбатлантирилди.

Довуд АБИБУЛЛАЕВ

  • Кўрилди
    1397
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+