“Энг яхши бизнес режа” танлови ғолиблари

25.01.2024, 16:27

“Энг яхши бизнес режа” танлови ғолиблари

Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати –Ўзбекистон Либерал-демократик партиясининг “Хотин-қизлар ва ёшлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш” лойиҳаси доирасида партия Бухоро вилоят Кенгашида ҳудуддаги хотин-қизлар ва ёшларнинг дастлабки бизнес фаолиятларини ривожлантириш ҳамда рағбатлантириш мақсадида “Энг яхши бизнес режа” танловининг вилоят босқичи ўтказилди.

Танлов иштирокчилари тадбиркорликнинг турли йўналишлари бўйича ўз бизнес-режалари ва тақдимотлари билан иштирок этди. Ҳакамлар ҳайъати аъзолари иштирокчиларнинг бизнес режалари бўйича ўз фикр-мулоҳазаларини баён этиб, холисона баҳо берди. 

Танловнинг якуний натижаларига кўра, фахрли биринчи ўрин Бухоро табиий ресурсларни бошқариш институти Табиий ресурслар муҳандислиги факультети 3-босқич талабаси Ойбек Чутбоевга насиб этди. 

–Танловда сайёҳларга зиёратгоҳлар ҳақида маълумот берувчи ва уларга хизмат кўрсатишга мўлжаллаб яратилган “Visit ancient Bukhara” мобиль иловаси тақдимоти билан иштирок этдим, –дейди О.Чутбоев. – Маълумки, Бухорода кўплаб муқаддас қадамжолар ва зиёратгоҳлар бор. Лекин нафақат сайёҳлар, балки маҳаллий аҳоли ҳам уларнинг барчаси ҳақида тўлиқ маълумотга эга эмас. Мен яратган мобиль иловада эса барча зиёратгоҳлар ҳақида тўлиқ маълумотлар ўз ифодасини топган. Сайёҳлар кўрсатиладиган турли сервис ва бошқа хизматлардан ҳам хабардор бўлиш мумкин. Мазкур мобиль илова мамлакатимиз иқтисодий ривожланишининг асосий омилларидан бири ҳисобланган зиёрат туризми салоҳиятидан тўлиқ фойдаланиш имконини беришига ишонаман. 

Ҳакамлар ҳайъати қарорига кўра, иккинчи ўринга қоракўллик Фаёзбек Сориевнинг интенсив боғ яратишга оид бизнес-режаси лойиқ деб топилган бўлса, 3-ўринга вобкентлик Муҳаммад Латибов ҳамда Феруз Икромовларнинг нон ва нон маҳсулотлари ишлаб чиқаришга йўналтирилган бизнес- режалари муносиб деб топилди. 

Танлов якунида ғолиб ва фаол иштирокчиларга партия вилоят Кенгашининг диплом, ташаккурнома ва эсдалик совғалари топширилди. 

 

Зариф Комилов, ЎзА мухбири

  • Кўрилди
    319
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+