Томорқа ва тадбиркорликка ҳавасманд аёллар “Banoaz Tekstile”МЧЖ иссиқхона хўжалигини ўргандилар

07.02.2024, 14:30

Томорқа ва тадбиркорликка ҳавасманд аёллар “Banoaz Tekstile”МЧЖ иссиқхона хўжалигини ўргандилар

Айни кунда савдо ва хизмат кўрсатиш, қурилиш тармоқлари қаторида 4 гектар иссиқхона хўжалигини юритиб, дала-деҳқончилик ишлари туфайли жамоаси моддий манфаатдорлигини таъминлаб келаётган “Banoaz тekstile” МЧЖ барқарор иш фаолияти ва ўз тарихига эга корхоналардан бири. 2017 йилда “Турон банки” вилоят филиалининг 484 минг АҚШ доллар кредити ҳисобига Ромитан тумани “Қаҳрамон” МФЙда 1 гектардан иборат ер майдонида иссиқхона ташкил этган тадбиркор томони мазкур иссиқхонасини Корея давлатидан олиб келинган ускуналар билан жиҳозлаган.

Бозор талабига биноан асосан помидор, бодринг етиштиришга мослаштирилган бу иссиқхонада ўндан ортиқ доимий ва яна шунча хотин-қиз мавсумий иш билан таъминланган. Дастлабки йиллардан бу иссиқхонадан 100 тонна атрофида ҳосил олинган. Ўз фаолиятини кенгайтирган “Banoaz тekstile” МЧЖ ва унинг раҳбари Маҳтоб Одилова ҳозирга келиб “Турон банки”дан олинган 1 миллион 200 минг АҚШ доллари миқдоридаги имтиёзли кредит сармояси асосида Когон туманидаги “Беклар” МФЙда ҳам 4 гектардан иборат ер майдонида иссиқхона ташкил этиб, аҳоли дастурхони тўкинлигини таъминлашда баҳоли қудрат ҳисса қўшиб келмоқда.

Дарвоқе, савдо ходими, қурувчи, тадбиркор, O‘zLiDeP вилоят Кенгаши фаоли—бу Маҳтоб Адилованинг қарийб 40 йиллик серқирра меҳнат фаолиятига хос яхлит таъриф десак, муболаға эмас. Кўп тармоқли тадбиркор, “Меҳнат шуҳрати” ордени соҳибаси Маҳтоб Одилованинг бизнес фаолияти маҳаллий намунали томорқачилар, ташаббускор аёлларнинг эътиборида. Шу боис, бу корхонада иссиқхона хўжалигига оид маҳорат дарслари, иш ўрганиш мазмунидаги учрашувлар тез-тез ташкил қилинади. Зеро, “Бир маҳалла—бир маҳсулот” тамойили асосида маҳаллаларни шаклланган тажриба асосида аниқ бир экин турига ихтисослаштириш, бунда тажрибали фермер ва тадбиркор аёллар иш услубини оммалаштириш муҳим аҳамият касб этмоқда.

—Иссикхонамизда 43 нафар хотин-қиз иш билан таъминланган бўлиб, улардан 13 нафари доимий, 30 нафари эса мавсумий ишчилардир,—дейди Маҳтоб Одилова. — Эндиликда маҳсулот етиштириш билангина чекланмасдан, тайёр помидорни қайта ишлашни йўлга қўйиш борасида изланиш олиб бормоқдамиз. Албатта, бу билан маҳсулот салмоғи қаторида жамоамиз даромадини янада оширамиз. Иссиқхонага келсак, ҳозирда “Аламина” навига мансуб помидор экиб етиштириш билан бандмиз. Ҳадемай, жамоамиз билан бу ердан 200 тоннадан кам бўлмаган ҳосил йиғиштириб олиш тараддудидамиз. Ўтган йилги мавсумда 100 минг АҚШ долларига тенг маҳсулотни Россиядаги буюртмачи ҳамкорларимизга етказиб берган бўлсак, бу йил ҳам маҳсулот экспортига эътибор қаратамиз.    

O‘zLiDePнинг “Намунали томорқачи аёл - фаровонлик бунёдкори!”  лойиҳаси  доирасида ўтказилган ўзига хос “маҳорат дарси” давомида иссиқхона фаолиятини йўлга қўйиш истагида бўлган қирққа яқин хотин-қизларга ҳар қарич экин еридан самарали фойдаланиб, баракали ҳосил етиштириш, иссиқхона фаолиятини янада кенгайтириш ва шу орқали оилавий даромадни ошириш юзасидан зарур тавсиялар берилди. Албатта, бунда қатнашган аёллар орасидан ҳадемай салоҳиятли тадбиркорлар, иссиқхона хўжалигини даромад манбаига айлантиришга қодир ишбилармонлар етишиб чиқишига ишонч бор.  

 

  • Кўрилди
    137
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+