Депутатларнинг фаоллиги ва ташаббускорлиги ошмоқда

09.02.2024, 16:04

Депутатларнинг фаоллиги ва ташаббускорлиги ошмоқда

Бугунги кунда юртимизда бошқарув соҳасида халқаро меъзонларни амалиётга киритиш, ривожланган мамлакатлар тажрибасини қўллашга катта аҳамият бериляпти. Хусусан, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари фаолияти, қолаверса маҳаллий кенгашлар мисолида буни кўришимиз мумкин.   

Давлатимиз Раҳбарининг 2024 йил 2 февраль санасида қабул қилинган “Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари фаолиятининг самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони бу борада катта аҳамиятга эга. Мазкур ҳужжатга кўра эндиликда, жамият ва давлат ҳаётининг муҳим масалаларини ҳал этишда маҳаллий вакиллик органларининг ролини ошириш мақсадида 33 та функция ва ваколатлар халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларига ўтказилди.

Масалан, давлат боғча ва мактабларини ташкил этиш, атмосфера ҳавосига таъсир этувчи корхоналарни қуриш жойларини, чиқиндилар кўмиб ташланадиган жойларни белгилаш, йўловчи ва юк ташиш тарифлари, жумладан фуқароларнинг алоҳида тоифалари учун имтиёзли тарифлар, табиий объектларга, транспорт ва муҳандислик-техника инфратузилмаси объектларига ном бериш ва бошқалар.

Шу билан бирга, Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларининг давлат органларининг ҳисобот (ахборот)ларини эшитишга доир айрим ваколат ва функциялари 10 тага бирлаштирилган ҳолда тизимлаштирилди. Масалан, ҳокимлар ва улар ўринбосарларининг 7 турдаги (дастурлар ижроси; кичик бизнес, тадбиркорлик, аҳоли бандлиги; кредитлар ажратиш; ҳоким ёрдамчилари ахборотларини эшитиш якунларига оид) ҳисоботларини эшитиш – ҳокимларнинг ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурлари ижроси бўйича ҳисоботларини эшитиш доирасида кўриб чиқилади. Фармон билан 2024 йил 1 октябргача Ўзбекистонда маҳаллий давлат ҳокимияти вакиллик органлари фаолиятини 2030 йилга қадар ривожлантириш концепцияси ишлаб чиқилиши назарда тутилган.

Дарҳақиқат, ҳар қайси маҳаллий бошқарув органларининг асосий мақсади  мамлакатдаги ислоҳотлар самарасининг энг қуйи поғонага қадар етиб боришини таъминлаш саналади. Қолаверса давлат иқтисодий тараққиётида ўсиш нуқталарининг қамрови ҳам айнан маҳаллий бошқарувнинг нечоғли самарали ташкил этилганига боғлиқ. Бунда эса маҳаллий кенгашлар, хусусан депутатлар ислоҳотларни юргизувчи, қаердаки муаммо мавжуд бўлса, айтайлик ривожланишга тўсиқ бўлаётган коррупция ёки коррупцияга мойил раҳбарларни бартараф этиш — янгиланишга йўл очувчи кучдир. Юқоридаги Фармон ижроси ана шундай имкониятни кенгайтириш билан бирга, депутатларнинг ҳам фаоллигини, ташаббускорлигини оширишга хизмат қилади, албатта.

Саодат БОЗОРОВА,
Халқ депутатлари Навоий вилояти
Кенгашидаги ЎзЛиДеП депутатлик гуруҳи аъзоси

  • Кўрилди
    228
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+