Маҳаллий Кенгашлар вакилларининг масъулияти янада ошмоқда

09.02.2024, 16:38

Маҳаллий Кенгашлар вакилларининг масъулияти янада ошмоқда

Мамлакатимизда сўнгги йилларда амалга оширилаётган ва сифат жиҳатдан янги босқичга кўтарилган ислоҳотлар  асносида  “Халқ давлат органларига эмас, давлат органлари халққа хизмат қилиши керак”, деган тамойил изчиллик билан ҳаётга жорий қилинмоқда.

Жорий йил 2 февраль куни қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Президентининг  “Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари фаолиятининг самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони маҳаллий даражада давлат ҳокимиятини трансформация қилишга, том маънода халқчил тизимни жорий этишга қаратилган муҳим сиёсий ислоҳотларнинг мантиқий давоми бўлди. Айни кунларда ушбу тарихий фармон билан белгилаб берилган янги модель -  “Кучли Кенгаш, ҳисобдор ва ташаббускор ҳоким” тамойили асосида ислоҳ қилишга қаратилган қатор қоидалар нафақат маҳаллий Кенгашлар депутатлари, балки кенг жамоатчилик вакиллари томонидан қизғин муҳокама қилинмоқда, ўрганилмоқда.

Бу бежиз эмас, чунки бу маҳаллий Кенгашларга берилаётган қўшимча ваколатгина эмас, балки улар зиммасига юкланаётган улкан масъулият ҳамдир. Энди сайловчилар ҳам ўз вакилларига овоз беришар экан, бўлажак депутатдан  аниқ натижаларни талаб қилиш имконига эга бўлишади.

Фармон билан жамият ва давлат ҳаётининг муҳим масалаларини ҳал этишда ушбу ҳудудда истиқомат қилаётган аҳолининг фикрини инобатга олиш, маҳаллий давлат ҳокимияти вакиллик органларининг ролини ошириш мақсадида таълим, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, шаҳарсозлик, транспорт ва ҳудуднинг инфратузилмасини ривожлантиришга қаратилган 33 та ваколат Кенгашлар ихтиёрига ўтказилмоқда.

Биргина таълим соҳасини олиб кўрайлик. Эндиликда тегишли ҳудудда давлат боғча ва мактабларини ташкил этиш бўйича қарор айнан  маҳаллий Кенгашлар томонидан қабул қилинади. Муайян ҳудуддаги эҳтиёжни ҳар томонлама ўрганган ҳолда, қайси ҳудудда, маҳаллада янги мактаб ёки боғча ташкил этиш керак, қайси бирини кенгайтириш,  қайсисини тугатиш кераклигини аҳоли иродасининг кўзгуси бўлмиш  халқ вакиллари ҳал этади.

Умуман олганда, Фармонда белгиланган вазифаларнинг амалга оширилиши маҳаллий Кенгашлар иш самарадорлигини ошириш, жойлардаги аҳоли манфаатларини ҳимоя қилиш, ҳал этилиши лозим бўлган масалаларга имкон қадар тезроқ ечим топиш имконини бериши шубҳасиз.

Фарҳод Одилов,
O’zLiDeP Жиззах вилоят Кенгаши раисининг ўринбосари,
халқ депутатлари Жиззах вилоят Кенгаши депутати

  • Кўрилди
    194
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+