Фермерлар фаолияти билан танишилди

13.02.2024, 09:01

Фермерлар фаолияти билан танишилди

Қишлоқ хўжалиги қўшимча имкониятларга бой соҳа бўлиб ҳисобланади. Ҳаётимизнинг фаровонлиги, қолаверса бозорларимизнинг файзи кўп жиҳатдан ушбу соҳага боғлиқ. Шу боис кейинги йилларда аграр соҳани тубдан ислоҳ қилиш ва уни бозор талабларига мослаштириш ишларига катта эътибор қаратилмоқда. Бозорларимиз, қолаверса халқимиз дастурхони тўкин-сочинлиги йўлида кун-у тун меҳнат қилаётган деҳқон-у фермерлар нафақат ўз оиласи, балки иқтисодиётнинг ҳам муҳим таянчи ҳисобланади. Айниқса, фермерлик қишлоқ хўжалигида ҳал қилувчи кучга айланди.

 Соҳада ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларнинг қарийб барчаси фермер хўжаликлари ҳиссасига тўғри келмоқда. Қорақалпоғистон Республикасида ҳам аҳоли, хусусан, ёшлар бандлигини таъминлаш, уларнинг доимий даромад манбаини шакллантириш, оилалар даромадини ошириш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Бу борада Беруний туманида ҳам бир қатор ишлар амалга оширилмоқда. 

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари, Ўзбекистон фермер деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари Кенгаши раиси, O’zLiDeP фракцияси раҳбари Актам Хаитов Беруний туманида фермерлар билан мулоқот қилди, муаммо ва таклифларини ўрганди.

Даставал Спикер ўринбосари аграр соҳа вакилларига соҳа ривожи бўйича батафсил маълумотлар берди. Мазкур тадбирда Қорақалпоғистон фермер деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари Кенгаши раиси И.Юнусов, O’zLiDeP Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши аппарат раҳбари А.Айбергенов, Беруний тумани ҳокимининг биринчи ўринбосари У.Матирзаев, мутасадди ташкилот вакиллари, деҳқон фермер хўжалиги раҳбарлари ва ОАВ вакиллари қатнашди. 

Мамлакатда озиқ-овқат хавфсизлигини ва ички бозорларда нархлар барқарорлигини таъминлаш ҳамда аграр соҳада аҳолининг ташаббусларини қўллаб-қувватлаш орқали уларнинг даромадларини ошириш, шунингдек, «Бир ҳудуд — бир маҳсулот» тамойили асосида қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришни кенгайтириш ҳамда экспорт салоҳиятини ошириш мақсадида Беруний туманидаги “Озод Интенсив боғ” фермер хўжалигида семинар ҳам ташкил қилинди.

Семинарда мазкур тамойил асосида деҳқон хўжаликлари фаолиятини ташкил этиш борасидаги ишлар, экспортбоп маҳсулотларни етиштириш тажрибалари намойиш этилди. Бунда Беруний тумани мисолида деҳқон хўжаликларини сифатли уруғликлар билан таъминлаш, экспортчи-агрегаторлар билан ҳамкорлигини йўлга қўйиш масалалари ҳам муҳокама этилди.  

Семинар иштирокчиларига Президентимизнинг ПҚ-373 сонли қарорига мувофиқ деҳқон хўжаликларини ташкил этиш, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, экспорт салоҳиятини ошириш, кооперация тамойиллари асосида экспортбоп экинларни оқилона жойлаштириш, кафолатли харид қилиш масалалари тушунтирилди. 

 

O’zLiDeP Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши матбуот хизмати

  • Кўрилди
    167
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+