Маҳалла фаолияти билан танишилди, аҳолининг муаммо ва таклифлари ўрганилди

10.02.2024, 08:10

Маҳалла фаолияти билан танишилди, аҳолининг муаммо ва таклифлари ўрганилди

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикер ўринбосари, O'zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси раиси Актам Хаитов Хоразм вилоятида учрашувлари давомида аҳоли вакиллари, тадбиркорлар, фермерлар, томорқа ер эгалари билан юзма юз мулоқотда бўлди, улар фаолияти билан яқиндан танишди.

Партия етакчиси дастлаб Хива туманидаги “Истиқлол” маҳалласида аҳоли хонадонларида бўлиб, томорқаларини кўздан кечирди, муаммо ва таклифларини тинглади. Жумладан, мазкур маҳаллада истиқомат қилувчи Шукуржон Отажоновага қарашли иссиқхона фаолияти билан танишилди. Хонадон эгаси ўз томорқасига қарашли 10 сотих ер майдонида иссиқхона ташкил қилган. Иссиқхонада помидор, булғор қалампири, бодринг ва бошқа маҳсулотлар етиштириб ички бозорга сотмоқда.

Кейинги хонадон эгаси Ҳажарбийи Қурёзова ўзига тегишли уйни оилавий меҳмонхона сифатида ташкил қилиб, маҳаллий ва хорижий меҳмонларни Хиванинг гўзал табиати, ноёб обидалари ва қадамжолари билан сайёҳлар эътиборини жалб қилиб келмоқда. Шунингдек, хонадон эгаси ўз томорқасидан ҳам унумли фойдаланган ҳолда 10 сотих майдонда иссиқхона ташкил қилган. У ерда кўкат, исмалоқ, картошка каби маҳсулотлар етиштиради. Ўз эҳтиёжидан ортган маҳсулотлар бозорга ҳам сотилмоқда. Бу эса оила даромадини янада оширишга хизмат қилмоқда.

Мулоқотларда ер даромад манбаи эканлиги, маҳалладаги ишсиз ёшлар ҳам ўз томорқаларида иссиқхона ташкил этиб, даромад олишларини йўлга қўйишлиги, намунали томорқачиларнинг тажрибаларини оммалаштириш лозимлиги таъкидланди. Мазкур ишларда O’zLiDeP вакиллари ва маҳаллий кенгаш депутатлари кўмагида аҳоли айниқса, ёшлар ўртасида тарғибот ишларини олиб бориш, ер билан тиллашган томорқачилар билан учрашувларни, маҳорат дарсларини ташкил этиш бўйича келгусидаги вазифалар белгилаб олинди.

Спикер ўринбосари ушбу маҳаллада аҳоли томорқаларини кўздан кечирар экан, аксарият хонадон эгалари ердан унумли фойдаланиб, даромад топаётганига гувоҳ бўлди.

Шунингдек, ушбу маҳалла ҳудудида жойлашган “Нуржаҳонгир Мирзо” фермер хўжалиги фаолияти билан ҳам яқиндан танишилди.

Мулоқотлар давомида “Истиқлол” маҳалласида ташкил қилинган иссиқхоначилар тажрибасини ўрганиш, даромадини янада ошириш, экин турларини кўпайтириш, йилига 4 мартагача ҳосил олишни йўлга қўйиш бўйича ўз тавсияларини берди.  

Мухтасар қилиб айтганда, ердан мўл ҳосил олаётган деҳқонлар нафақат ўз даромадларини оширишга балки, бозорлар тўкинлигини таъминлашга муҳим ҳисса қўшаяптилар.

  • Кўрилди
    104
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+