Жиззахда томорқачиликни янада ривожлантиришга бағишланган семинар ташкил этилди

12.04.2024, 16:43

Жиззахда томорқачиликни янада ривожлантиришга бағишланган семинар ташкил этилди

Президентимиз Шавкат Мирзиёев Жиззах вилоятига ташрифи чоғида вилоятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш борасидаги асосий вазифаларни белгилаб берди. Жумладан, вилоятда аҳоли хонадонларидаги мавжуд томорқалардан унумли фойдаланишни сифат жиҳатдан янги босқичга кўтариш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Вилоятда ахоли томорқаларини ишга солиш бўйича 309 та маҳаллага “Лидер” тадбиркор – экспортчилар бириктирилиши белгиланди. Эндилидка банклар томорқада 50 миллион сўм даромад қиладиган молиявий пакет ишлаб чиқади.

Давлатимиз раҳбари томонидан белгилаб берилган вазифалар ижросини таъминлаш, вилоятда томорқачиликни янада  ривожлантириш, бу борада бой тажриба тўплаган соҳибкорларнинг иш усулларини маҳаллаларда кенг оммалаштириш мақсадида Жиззах вилоятининг Зарбдор ва Шароф Рашидов туманларида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари, O’zLiDeP  Сиёсий Кенгаши Ижроия Қўмитаси  раиси Актам Хаитов ва соҳага бевосита масъул бўлган мутасаддилар, “маҳалла еттилиги”, депутатлар ва партия фаоллари иштирокида семинар ташкил этилди.

Семинар иштирокчилари дастлаб Зарбдор туманидаги Лалмикор МФЙга ташриф буюришди. Мазкур маҳаллада 3 700 нафардан ортиқ аҳоли яшайди. Маҳалла обод қилинган, йўл четлари ва бўш майдонларга “Яшил макон” лойиҳаси доирасида кўчатлар экилган.

Маҳалла деҳқончилик ва чорвачиликка ихтисослашган. Мавжуд 668 та хонадоннинг барчасида томорқа бор. Шунингдек, аҳолига деҳқончилик қилиш учун 126 гектар ер ажратилган. Маҳаллада резавор мевалар етиштириш бўйича ўқув майдони ташкил этилган. Бу ерда маймунжон, хўжағат, голубика кўчатлари ўстирилиб, ахоли томорқаларига экилади. Ҳосилга киргач, экспортчилар томонидан сотиб олинади.

Вилоятнинг барча ҳудудларида бўлгани каби бу ерда ҳам томорқа ва деҳқон хўжаликларида янги заҳираларни ишга солиш, бозорбоп маҳсулотлар етиштириш чоралари кўрилмоқда. Бу борада намунали томорқачи Ҳошим Аҳмедов хонадонида амалга оширилган ишлар таҳсинга лойиқ.

Кафтдеккина ҳовлида иссиқхона ташкил қилиниб, лимон экилган. Ҳовлида 4 қути асалари, қорамол, қўй, шунингдек 100 дан ортиқ бролер жўжалар боқилмоқда. 10 хил турдан зиёд мевали дарахтлар, кўкат, зиравор ва бошқа экинлар дид билан экилган. 5 кишидан иборат оила аъзолари, улардан унумли фойдаланиб, йилиги 200 миллиондан ортиқ соф даромад қилиш имконияти борлигини айтишмоқда.

Семинар иштирокчилари томорқачининг амалга ошираётган ишлари билан яқиндан танишдилар, ўзларини қизиқтирган барча саволларга атрофлича жавоб олдилар.

Партиямиз етакчиси иштирокидаги навбатдаги семинар машғулоти Шароф Рашидов тумани “Туёқли” маҳаласида истиқомат қилувчи “Намунали томорқачи” кўкрак нишони соҳиби Абдумўмин Каримов хонадонида давом эттирилди.

Тажрибали томорқачи хонадонида бўш ернинг ўзи йўқ. Кирган кишининг дили яйрайди, кўзи қувнайди. Ҳар қарич ерга дид билан ишлов берилиб, экин экилган. 6 сотих майдонни эгаллаган 2 та иссиқхона, токзор, турли мевали кўчатлар экилган боғ, йил ўн икки ой томорқадан ҳосил олиш имконини беради. Қолаверса, рўзғорда қорамол, қўй, товуқ боқилмоқда.

Албатта, мўъжазгина ҳовлида яратилган бу мўъжизанинг сири – уқув ва меҳр билан қилинаётган меҳнатда. Абдумўмин аканинг хонадонида 8 киши истиқомат қилади. Оила аъзолари, ҳатто неваралар ҳам томорқачининг яқин дастёрларига айланишган.

Томорқачи ўз ютуқ ва муваффақиятлари сирлари билан ўртоқлашди. Шунингдек, томорқачилик билан шуғулланишни истовчилар учун уруғлик, кўчат, қаламча бериб, кўмаклашишга тайёрлигини билдирди.

Семинар давомида намунали бу томорқачилар иш тажрибасини оммалаштириш, вилоятдаги аҳоли хонадонларида мавжуд томорқаларнинг ҳар бирини даромад келтирадиган, аҳоли бандлигини таъминлайдиган соҳага айлантириш асосий вазифа эканлиги таъкидланди. Мутасаддилар томонидан бу борада бериладиган имтиёзли амалий ёрдам турлари санаб ўтилди.

 

O’zLiDeP Жиззах вилоят ҳудудий

партия ташкилоти Матбуот хизмати

  • Кўрилди
    264
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+