Ерлардан самарали фойдаланиш имкони яратилмоқда

13.03.2024, 21:49

Ерлардан самарали фойдаланиш имкони яратилмоқда

Мамлакатимизда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, аҳоли бандлиги ва даромадини оширишнинг муҳим манбаи бўлган деҳқон ва томорқа хўжаликлари ерларидан самарали фойдаланиш, экин экиш ишларини тизимли ташкил қилиш ҳамда экспортбоп маҳсулот етиштириш ҳажмларини кўпайтириш бугуннинг энг долзарб вазифаси бўлиб турибди.   

Деҳқон хўжаликлари ер майдонлари ва аҳоли томорқаларида маҳсулот етиштиришга ҳар томонлама кўмаклашиш мақсадида жорий йилнинг 5 март куни Президентимизнинг “Аҳоли хонадонларида саноат усулида маҳсулот ишлаб чиқаришни қўллаб-қувватлаш ҳамда томорқа ва деҳқон хўжаликларида янги захираларни ишга солишга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги Қарори қабул қилинди.

  Бугунги кунда дунё бозорларида сотилаётган қишлоқ хўжалик маҳсулотларининг сифатига алоҳида эътибор қаратилаяпти. Шунинг учун жаҳон стандартларига мос, экспортбоп маҳсулотлар етиштириш талаби кун тартибига қўйилмоқда. Буни ҳисобга олган ҳолда дала меҳнатчиларининг сифатли, экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқариш борасидаги билим ва кўникмаларини ошириш кечиктириб бўлмайдиган вазифа саналади. Мамлакатимиздаги ер эгаларини сифатли ҳамда сердаромад қишлоқ хўжалик маҳсулотлари экиш, етиштириш ва сақлаш борасидаги билим ва кўникмаларини ошириш мақсадида 54 туманда намунавий ўқув-тажриба майдонлари ташкил этилади. Ҳудудларнинг тупроқ-иқлим шароити ҳамда сув таъминотидан келиб чиқиб, айрим туманлар экспортбоп ва сердаромад экинлар экиш учун кичик ишлаб чиқариш ва маҳсулот етиштиришга ихтисослаштирилади. 

Мамлакат бозорларида маҳсулотлар нархи барқарорлигини таъминлаш замонавий совуткичларнинг ўрни беқиёс. Очиғи, ҳозиргача айрим вилоятларда совуткичлар етарли бўлмаганлиги сабабли баъзан бозорлардаги нархларни ошиб кетиш ҳолати содир бўлмоқда. 2024 йилда мева-сабзавотчиликка ихтисослашган 51 та туманда мева-сабзавотларни шок усулида музлатишни йўлга қўйиш бўйича янги лойиҳалар амалга оширилиши ана шу муаммони бартараф этишга яқиндан ёрдам беради. Эндиликда ишлаб чиқариш ва маҳсулот етиштириш билан боғлиқ лойиҳаларга 100 миллион сўмгача гаровсиз кредитлар ажратиладиган бўлди.

 Президентимизнинг 2018 йил 26 апрелдаги “Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари фаолиятини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига мувофиқ Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси томонидан фермерлар, деҳқон хўжаликлари раҳбарлари ва томорқа ер эгалари, “Томорқа хизмати” МЧЖ ва бошқа қишлоқ хўжалик ишлаб чиқарувчиларини қишлоқ хўжалик техникаси, технологиялари ва асбоб-ускуналар билан таъминлаш бўйича лизинг фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқи берилган эди. Бундан буён тадбиркорлик билан шуғулланмоқчи бўлган фуқаролар музлатгичли омборхона, тайёр ҳолда иссиқхона, қадоқлаш, қуритиш ва қайта ишлаш цехларини 12 ойга бўлиб тўлаш шарти билан лизингга олишлари мумкин. Бу борада мазкур жамғарма уларга кўмакчи бўлади. Қишлоқ жойларида минглаб оилавий тадбиркорлар томонидан биогумус тайёрлаш йўлга қўйилган бўлса-да, улар бандлиги таъминланган    шахслар рўйхатига киритилмас эди. Эндиликда қишлоқ одами биогумус тайёрлаш орқали ўзини-ўзи иш билан таъминлай олади. 

Замон ўзгарди, техника кун сайин ривожланиб бормоқда. Илгарилари деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларига ерни ағдариш ва жўяк олиш, экинларга ишлов бериш учун машаққатли меҳнат қилишга мажбур эди. Чунки кичик ер майдонларига ҳайдов тракторлари кира олмасди. Энди бўлса  минитракторлар уларнинг энг яқин ёрдамчилари. Қарорга кўра, 2027 йил 1 январгача мотокультиваторлар (ТИФ ТН коди - 8432 29 100 0), бир ўқли тракторлар (ТИФ ТН коди - 8701 10000 0) ва минитракторларни (ТИФ ТН коди - 8701 91 100 0 - 8701 94 100) олиб киришда божхона божи олинмайдиган бўлди. Бу имтиёз деҳқон хўжалиги раҳбари ва томорқа ер эгасига минитракторни арзон нархда харид қилиш имконини беради.

Ҳар олти ойда “Online-mahalla” платформасининг “Аҳоли томорқаси” модулига томорқа ер эгалари томонидан етиштирилаётган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, хонадонда мавжуд иссиқхоналар ҳамда томорқадан самарали фойдаланиш тўғрисидаги маълумотлар киритилиб, бу борада эришилган ютуқлар ва йўл қўйилган камчиликлар таҳлил этиб борилади.  

Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларини қўллаб-қувватлаш жамғармасининг ресурслари ҳисобидан ажратиладиган кредитлар йиллик Марказий банкнинг асосий ставкасидан 4 фоизлик пункт юқори ставкада берилади. Чорвачилик (қорамол, қўй, эчки), балиқчилик, қуёнчилик, асаларичилик, куркачилик ва паррандачилик, биогумус ишлаб чиқариш ва “дала дўконлари”ни қуриш учун – 1 йилгача имтиёзли давр билан 3 йил муддатга молиявий кўмак ажратилади. Боғдорчилик (кўчатчилик), узумчилик (ток сўриси) ва лимончиликни ташкил этиш, иссиқхона қуриш, қишлоқ хўжалиги техникаси ва асбоб-ускуналарини харид қилиш ҳамда уларни жойлаштириш учун бино ва иншоотлар қуриш, кўчма музлаткичларни ўрнатиш, артезиан қудуқларини қазиш учун – 3 йилгача имтиёзли давр билан 7 йилгача муддатга бериладиган бўлди.

Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, тайёрлов, қайта ишлаш ва экспорт қилувчи корхоналарни жалб этган ҳолда етиштирилган маҳсулотни харид қилиш, уни қайта ишлаш, сақлаш, ички ва ташқи бозорларга йўналтириш борасида янги-янги лойиҳаларни амалиётга татбиқ этиш борасида чора-тадбирлар режасини  ишлаб чиқаяпмиз.

Мухтасар қилиб айтганда, ушбу қарор мамлакатимизда мева-сабзавот етиштириш ва экспорт қилиш, қишлоқ хўжалигида кичик ишлаб чиқарувчиларни янада қўллаб-қувватлаш, экин ерларидан самарали фойдаланиш самарадорлигини ошириш асносида ер эгаларининг даромадларини кўпайтириш орқали турмуш фаровонлигини оширишга хизмат қилади.

Актам ХАИТОВ,

O'zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси,

Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа

ер эгалари кенгаши раиси

  • Кўрилди
    137
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+