Ҳокимиятлар мувозанатини таъминлашнинг энг тўғри ва мақбул йўли

13.02.2024, 09:33

Ҳокимиятлар мувозанатини таъминлашнинг энг тўғри ва мақбул йўли

Маълумки, Ўзбекистон Республикасининг янги таҳрирдаги Конституциянинг бешинчи бўлим 22-бобида “Маҳаллий давлат ҳокимияти асослари” ҳамда “Ўзбекистон-2030” стратегиясининг тегишли мақсад ва йўналишларида маҳаллий давлат ҳокимияти вакиллик органлари фаолияти бўйича ҳам бир қатор устувор вазифалар ўз ифодасини топган. Жорий йил 5 февраль куни Президентимиз томонидан қабул қилинган “Маҳаллий давлат ҳокимияти вакиллик органларининг фаолияти самарадорлигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони ушбу иккала муҳим ҳужжатнинг мантиқий давоми бўлиб ҳисобланади. Қолаверса у халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларнинг ваколатларини кенгайтириш, уларнинг назорат фаолиятини кучайтиришга қаратилган муҳим ва долзарб аҳамиятга эга бўлган ҳужжатдир.

Диққатга сазовор томони шундаки, Президент фармони билан халқ депутатлари Кенгашларининг назорат функцияларини кенгайтириш мақсадида уларга ўндан ортиқ қўшимча ваколатлар берилиб, айниқса, прокуратура, адлия, ички ишлар, молия, солиқ, экология ва соғлиқни сақлаш органлари раҳбарларининг ҳисобдорлиги белгилаб қўйилди. 

Ушбу Фармонда маҳаллий давлат ҳокимияти органлари фаолиятини янги модел –“Кучли Кенгаш, ҳисобдор ва ташаббускор ҳоким” тамойили асосида ислоҳ қилишга қаратилган қатор қоидалар белгилаб берилганлига, хусусан, таълим, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, шаҳарсозлик, транспорт ва ҳудуднинг инфратузилмасини ривожлантиришга қаратилган 33 та ваколат Кенгашлар ихтиёрига ўтказилаётганлиги ҳам мақсадга мувофиқ деб ҳисобланди. Шу тариқа жамият манфаатларига бевосита дахл қилувчи масалаларни ҳал этишда халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларининг масъуллиги янада ошадиган бўлди.

Фармонда белгиланган тартибларга кўра, маҳаллий Кенгашлар ўз фаолиятини давлат ҳокимияти органларидан мустақил равишда амалга оширади. Эндиликда маҳаллий Кенгашлар зиммасига вазифа ва функциялар фақатгина қонун ҳужжатлари билан юкланади, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари маҳаллий Кенгашлар фаолиятига аралашишига йўл қўйилмайди.

Фармонда белгиланган вазифаларнинг амалга оширилиши Кенгашларни ҳудудлардаги аҳолининг ҳуқуқ-манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш, ҳал этилиши лозим бўлган муаммо ва масалаларга имкон қадар тезроқ ечим топиш, вилоят, туман ва шаҳар ҳокимининг маҳаллий Кенгашлар олдидаги ҳисобдорлиги, масъулияти ва жавобгарлигини оширишга, маҳаллий давлат ҳокимияти даражасида бир-бирини тийиб турувчи механизмлар самарали ишлашига, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари мансабдорларининг ҳолати ва кайфиятига қараб иш тутмаслигига хизмат қилади.

 Негаки, маҳаллий Кенгашлар депутатлари ҳамюртларига энг яқин бўлган, аҳолини қийнаётган ва ўйлантираётган муаммолар сабабларидан яхши хабардор бўлган халқ вакиллари ҳисобланадилар. Президентимиз Фармонига биноан, уларга янада кенг ваколатлар берилиши, шубҳасиз, депутатларнинг ҳақиқатдан ҳам халқ вакили сифатида иш олиб боришига мустаҳкам асос бўлади. 

Усмонжон Шамуратов,
O`zLiDeP Бухоро туман Кенгаши раиси,
Халқ депутатлари Бухоро туман Кенгаши депутати

 

  • Кўрилди
    266
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+