Аҳоли хонадонларида мулоқот ташкил қилинди

14.02.2024, 15:16

Аҳоли хонадонларида мулоқот ташкил қилинди

Андижон вилоятида тадбиркорликни ривожлантириш, саноат ва қишлоқ хўжалигида илғор технологияларни жорий қилиш, меҳнат унумдорлигини ошириш, ер, сув ва бошқа табиий ресурслардан тежамкор фойдаланиш, ишлаб чиқаришда сифат ва самарадорликка эришиш, экспортбоп маҳсулотлар етиштиришда ўзига хос тажриба мактаби яратилган десак муболаға бўлмайди. Айниқса, Асака тумани ўзининг нафақат саноати, балки қишлоқ хўжалигида узумчилик, боғдорчилик, кўчатчилик ва шахсий томорқа хўжалигидан унумли фойдаланиш борасида ҳам катта ислоҳотлар майдонига айланган сир эмас.

O’zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси раиси Актам Хаитов Асака тумани “Отиш” МФЙга қарашли Қўрғонча кўчасида истиқомат қилувчи Бозорбой ака ва Азизахон опа Собировлар хонадонидаги ўттиз сотихлик каттакон иссиқхонани кўздан кечирди.

Партия етакчиси асакаликлар чин маънода ишнинг кўзини биладиган, ер билан тўрт фаслда ҳам тиллаша олишига алоҳида урғу берди.

“Биламан, Бозорбой акага ўхшаган андижонлик қўли гул инсонлар бир йилда уч мартагача ҳосил олмаса барибир тинчимайди. Сизнинг тимсолингизда ҳақиқий деҳқон, миришкор қандай бўлмоғини бошқалар ҳам англаб етиши керак. Агар имкони бўлса бу каби тажрибаларни туманнинг 77 та маҳалласига ёйиб, оммалаштирсак, ғоят савобли иш бўлмайдими?” - деди А.Хаитов.

Шундан сўнг Партия вилоят кенгаши фаоллари, фермер ва томорқачилар иштирокида ўтказилган тадбирда, энг аввало, 12 феврал куни Президентимиз раислигида аграр соҳадаги устувор вазифа ва режалар муҳокамасига бағишланган видеоселектор йиғилишида белгилаб берилган долзарб вазифаларнинг мазмун-моҳиятига батафсил тўхталиб ўтилди.

Мулоқот давомида Президент ўша кунги йиғилишда мамлакат миқёсида муҳим тармоқлардан бири бўлган иссиқхона хўжаликларини кредитлаш механизмини қайта кўриб чиқиш борасида ҳам соҳа мутасаддиларига жиддий топшириқлар юклагани айтиб ўтилди. Унга кўра, ёқилғисиз иситиладиган, ихчам иссиқхоналарни барпо қилиш тажрибасини қўллаб-қувватлаб, тайёр ҳолда топшириш шарти билан 10 сотихли 200 тагача ихчам иссиқхона қуриш вазифаси қўйилиб, “Оилавий тадбиркорлик” дастури доирасида 100 миллион сўмгача гаровсиз кредит ажратилади.

Партия раҳбари ушбу берилаётган имкониятлардан самарали фойдаланиш, маҳаллаларда ушбу типдаги иссиқхоналарни оммалаштириш борасида ўз таклифларини берди.

  • Кўрилди
    331
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+