Қишлоқ хўжалиги соҳаси вакиллари билан мулоқот ўтказилди

14.02.2024, 17:15

Қишлоқ хўжалиги соҳаси вакиллари билан мулоқот ўтказилди

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари, O’zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси раиси Актам Хаитов Фарғона шаҳридаги “Бешбола” МФЙда жойлашган деҳқон хўжалигида партия фаоллари, қишлоқ хўжалиги соҳаси вакиллари, фермерлар, томорқа ер эгалари билан мулоқот қилди.

Мулоқотда Президентимиз раислигида 12 февраль куни қишлоқ хўжалигида ишга солинмаган янги захираларни сафарбар этиш чора-тадбирлари муҳокамаси юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида белгилаб берилган устувор вазифаларга тўхталиб ўтилди.

Давлатимиз раҳбари ер ва сув ресурслари чекланган шароитда янгича ишлаб, маҳсулотни кўпайтириш, соҳага саноат муҳитини олиб кириш зарурлигини таъкидлади. Фермерларнинг манфаатдорлиги масаласига алоҳида эътибор қаратилди.

Йиғилишда мева-сабзавот етиштириш ҳамда экспорти ҳажмини ошириш, минерал ўғитларни сақлаш, фермерларга ўз ҳисобидан ўғит сотиб олишда қулай молиявий механизмларни жорий қилиш, логистикаси, ёқилғини ўз вақтида етказиб бериш, сув йўқотишларини камайтириш ва сувни тежаб ишлатиш, ипакчиликчилик, балиқчилик соҳаларини ривожлантириш каби масалаларда топшириқлар берилди.

Партия электорати иштирокидаги мулоқотда сўз олганлар сўнги йилларда қишлоқ хўжалиги соҳасида улкан ислоҳотлар олиб борилаётгани, фермерлар катта даромадга эга бўлаётгани, энг муҳими давлатимиз раҳбари томонидан аграр соҳада белгилаб берган ушбу вазифалар ҳам фермерлар, деҳқонлар манфаатига хизмат қилишини алоҳида эътироф этдилар.

Мулоқотда давлатимиз раҳбарининг видеоселектор йиғилишида белгиланган вазифалар ижросида партия депутатлари фаоллик кўрсатган ҳолда жойларда жамоатчилик назорати тадбирларини олиб бориш, аниқланган муаммоларни тегишли мутасадди раҳбарлар орқали ҳал қилиш чораларини кўриш кераклиги таъкидланди.

Учрашув давомида тадбиркорлар, фермерлар сўзга чиқиб, ўз фаолиятларига тўхталдилар, соҳага берилаётган имконият ва имтиёзлар, эришилаётган ютуқларини эътироф этдилар. Қишлоқ хўжалиги соҳасига оид ўз таклифлари ва фикр-мулоҳазаларини ҳам билдириб ўтдилар.

Эътиборли жиҳати, иссиқхоналар ва ижтимоий объектлар учун  замонавий иситиш қозонлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган Фарғона шаҳридаги “АLTER  HEATING” МЧЖ ишлаб чиқариш корхонаси фаолияти кўпчиликнинг диққатини тортди.

Партия етакчиси Фарғона шаҳридаги "Илясов" масъулияти чекланган жамиятига қарашли иссиқхона фаолияти билан ҳам танишди.

Таъкидлаш жоизки, бугунги кунда тадбиркор 1 гектар ер майдонида иссиқхона ташкил қилган бўлиб, у ерда гул кўчатлари етиштириб келинмоқда. Иссиқхонада 20 нафар ишчи меҳнат қилади, маҳсулотлар асосан ички бозорларга чиқарилади. Тадбиркорнинг йиллик даромади 1 млрд. сўмни ташкил қилади.

Суҳбат давомида куни кеча давлатимиз раҳбарининг қишлоқ хўжалиги масалаларига бағишлаб ўтказилган видеоселектор йиғилишида айнан томорқалардан самарали фойдаланиш, кредитлаш механизмини қайта кўриб чиқиш, ёқилғисиз иситиладиган, ихчам иссиқхоналарни барпо қилиш тажрибасини оммалаштириш борасида қатор вазифалар белгилаб берилгани айтиб ўтилди.

Эндиликда тайёр ҳолда топшириш шарти билан 10 сотихли 200 тагача ихчам иссиқхона қуриш, ушбу мақсадларга “Оилавий тадбиркорлик” дастури доирасида 100 миллион сўмгача гаровсиз кредит берилиши катта имконият эканлиги таъкидланди.

Партия раҳбари ушбу берилаётган имкониятлардан самарали фойдаланиш, фаолиятини янада кенгайтириш борасида ўз таклифларини берди.

  • Кўрилди
    246
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+