Давлат дастурининг мазмун-моҳияти тушунтирилди

28.02.2024, 08:57

Давлат дастурининг мазмун-моҳияти тушунтирилди

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари, O'zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси раиси Актам Хаитов Урганч шаҳридаги “UzXCMG” МЧЖ қўшма корхонасида  сиёсий партиялар вакиллари, маҳаллий кенгаш депутатлари, корхона ишчи-ходимлари ва ёшлар билан мулоқот қилди.

Мулоқотда Президентимиз томонидан имзоланган “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини “Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили”да амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида”ги Фармонининг мазмун-моҳиятига тўхталиб ўтилди.

Ёшларни замонавий билим ва тажрибалар, миллий ва умумбашарий қадриятлар асосида мустақил ва мантиқий фикрлайдиган, эзгу фазилатлар эгаси бўлган инсонлар этиб вояга етказиш, ўғил-қизларимизни меҳнат бозорида талаб юқори бўлган замонавий касб-ҳунарларга ўргатиш, уларда тадбиркорлик кўникмалари ва меҳнатсеварлик фазилатларини шакллантириш ҳамда ташаббусларини рўёбга чиқариш, иш ва уй-жой билан таъминлаш, бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш, таълим муассасаларидаги, корхона-ташкилотлардаги ёшларимиз билан тизимли ишлаш борасида фикр алмашилди.

Мулоқотдан сўнг партия етакчиси мазкур МЧЖ қўшма корхонаси фаолияти билан яқиндан танишди.

Бугунги кунда иқтисодиётда чуқур таркибий ўзгаришларни амалга ошириш, ташқи савдо ҳамда инвестиция жараёнларини қўллаб-қувватлаш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик соҳасини барқарор ривожлантириш борасида салмоқли ютуқлар қўлга киритилмоқда.

Жумладан, вилоятнинг барча ҳудудларида йирик корхоналар ташкил этиш, уларни қўллаб-қувватлаш, маҳсулотларни экспортга йўналтириш ва қўшимча иш ўринлари яратиш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар иқтисодиётнинг барқарор суръатлар билан ўсишида муҳим аҳамият касб этмоқда. Амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотлар натижасида Хоразм вилоятининг экспорт салоҳияти ошиб бормоқда.

Спикер ўринбосари заводдаги иш жараёни, қишлоқ хўжалиги машиналари ва махсус техникаларни кўздан кечирди.

“UzXCMG” МЧЖ қўшма корхонаси Ўзбекистон - Хитой ҳамкорлигида ташкил этилган бўлиб, лойиҳанинг биринчи босқичида қишлоқ хўжалиги техникаларини йирик бўғинли йиғиш, иккинчисида саноат усулида йиғиш, учинчисида эса ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш йўлга қўйилди.

Ҳозирги кунда бу ерда 10 хил турдаги экскаватор ишлаб чиқарилмоқда. Сув хўжалиги, қурилиш ва йўл таъмирлаш соҳалари учун ўта зарур бўлган бундай техникалар илгари валюта эвазига хориждан келтирилар эди. Эҳтиёт қисмлар таъминоти ва сервисда кўп қийинчиликлар бор эди.

Қўшма корхонанинг ишга туширилиши бу заруратни ҳал этиш билан бирга вилоятнинг иқтисодий салоҳиятини юксалтириш, юртимиздаги ирригация ва мелиорация тадбирларини ўз вақтида бажариш имконини бермоқда.

Қўшма корхонада маҳаллийлаштириш даражаси 40 фоиздан ошган. Энди маҳсулотларни чет элга, жумладан, қўшни мамлакатларга Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон давлатларига экспорт амалга оширилмоқда. Экскаватор ва махсус техникалар буюртма асосида ишлаб чиқарилиши экспорт салоҳиятини янада оширишга хизмат қилмоқда.

 

O'zLiDeP Хоразм вилояти кенгаши

матбуот хизмати

  • Кўрилди
    214
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+