Депутатлар Жиззах шаҳри ва Дўстлик туманида қурилиш соҳасида амалга оширилаётган лойиҳалар билан танишди

31.03.2024, 10:24

Депутатлар Жиззах шаҳри ва Дўстлик туманида қурилиш соҳасида амалга оширилаётган лойиҳалар билан танишди

Аввал хабар берганимиздек, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатларидан иборат ишчи гуруҳ аъзолари ҳудудларда бўлиб, Давлатимиз раҳбари раислигида ўтказилган йиғилишларда белгилаб берилган макроиқтисодий барқарорлик, иқтисодий ривожланишни таъминлаш, инвестиция ва экспорт ҳажмини ошириш, саноат, қурилиш, транспорт, экология ҳамда ижтимоий соҳаларда 2024 йилда амалга оширилиши лозим бўлган устувор вазифалар ижроси ҳолатини ўрганмоқдалар.

- Жорий йил 29 январда Президентимиз раислигида уй-жой ва коммунал хўжалиги, қурилиш, транспорт ва экология соҳаларидаги устувор вазифалар муҳокамаси юзасидан видеоселектор йиғилишида мазкур соҳалардаги амалга оширилаётган ишлар танқидий таҳлил қилиниб, амалга оширилиши зарур бўлган долзарб вазифалар белгилаб берилган эди.

Айни пайтда ишчи гуруҳ аъзолари қурилиш соҳасида Жиззах шаҳри ва Дўстлик туманида амалга оширилаётган лойиҳалар билан яқиндан танишиб, мавжуд муаммо ва камчиликларни ўрганмоқдалар, - дейди ишчи гуруҳ аъзоси, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги O`zLiDeP фракцияси аъзоси Феруза Нигматова.

Халқ ноиблари Жиззах шаҳрининг бош режасига асосан “Тошлоқ” МФЙ ҳудудида  барпо этилаётган  кўп қаватли турар жой биноларида амалга оширилаётган бунёдкорлик жараёни билан танишдилар. Мазкур ҳудудда шаҳарнинг  “Шифокорлар” ва Наримонов кўчаларини боғловчи 500 метр автомобиль йўли қурилиши белгиланган. Ушбу йўлнинг ёқасидан 1276 хонадонга мўлжалланган 15 та кўп қаватли уйлар қурилиши бошлаб юборилган. Мазкур аҳоли турар жой мажмуасида 105 та савдо, маиший-хизмат кўрсатиш шахобчалари ҳам бунёд этилиши режалаштирилган.

Ушбу турар жой мажмуасини бунёд этиш учун 38 та турар жой ва 6 та нотураржой бинолари бузилган бўлиб, “снос”га тушган мазкур объектларнингг компенсация суммаси 38.166.518 минг сўмни ташкил қилади.

Қолаверса, мазкур бунёдкорлик жараёнлари учун “Жиззах сув таъминоти” МЧЖга қарашли ернинг бир қисми жамоат эҳтиёжи учун ўтказилгани муносабати билан, қурилиш ишларини амалга оширишга киришган “Азиза Кредо мах” МЧЖ, шаҳарлик сув таъминотчиларга янги маъмурий бино ва бошқа объектларни қуриб бериш сарф-ҳаражатларини ўз ҳисобидан қоплайди ва 2 дона артезиан қудуқлар ҳимоя зонасини бетон тўсиқ билан ўраб беради.

Қурувчилар билан бўлган мулоқотлар чоғида, халқ ноиблари, турар жой биноларининг таннархи, сифати, ичимлик суви, табиий газ, электр энергия, канализация таъминоти масаллари билан атрофлича танишиб чиқдилар. Қурувчиларни ўйлантираётган муаммолар билан қизиқдилар.

Шунингдек, мазкур қурилиш жараёнларида доимий ва мавсумий иш билан таъминланган 1000 нафардан ортиқ ишчи ходимларга яратилган шарт-шароитлар ҳам депутатлар назаридан четда қолмади.

Ишчи гуруҳ аъзоларининг Жиззах вилоятидаги ўрганиш ишлари давом этмоқда.

 O`zLiDeP Жиззах вилоят ҳудудий партия ташкилоти

Матбуот хизмати

 

  • Кўрилди
    134
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+