O‘zLiDeP давра суҳбатида ҳунармандчилик соҳасидаги айрим муаммоларга атрофлича ечим изланди

05.04.2024, 11:14

O‘zLiDeP давра суҳбатида ҳунармандчилик соҳасидаги айрим муаммоларга атрофлича ечим изланди

Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитасида “Ўзбекистонда ҳунармандчиликни ривожлантиришнинг долзарб масалалари ва уларнинг ҳуқуқий ечимлари” мавзусидаги давра суҳбатида ана шулар ҳақида сўз борди.

Видеоконференцалоқа тарзида ўтган тадбирда партиянинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси аъзолари, маҳаллий кенгашлар депутатлари ва фаоллар, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, Ҳунармандчилик ва касаначиликни қўллаб­қувватлаш жамғармаси, Ўзбекистон Савдо­саноат палатаси ва “Ҳунарманд” уюшмаси масъул ходимлари ҳамда ҳунармандлар қатнашдилар. Иштирокчилар Ўзбекистонда ҳунармандчиликни ривожлантиришнинг ҳуқуқий асослари, соҳани молиявий қўллаб­қувватлаш, “уста­шогирд” анъаналари,  мазкур йўналишда амалга оширилаётган ишлар ва учраётган муаммоларни қизғин муҳокама қилишди.

 – Халқимиз кундалик ҳаётининг ажралмас қисми бўлган ҳунармандчилик санъати, хусусан, ёғоч ўймакорлиги, ганчкорлик, кулолчилик, тўқимачилик, зардўзлик, созгарлик, кандакорлик, заргарлик ва бошқа шаклларининг ҳар бири неча минг йиллик тарихга, ўзига хос ижодий мактаб ва анъаналарига, атоқли намояндаларига эга, – деди O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси ҳузуридаги Сиёсий таълим маркази раҳбари Насимжон Алимов. –  Ўзбекистонлик усталар томонидан тайёрланган кўплаб бадиий ҳунармандчилик ва амалий санъат маҳсулотлари дунёнинг машҳур музейларида сақланиши уларнинг жаҳон халқлари тарихида нақадар буюк аҳамият касб этишини кўрсатади. Сўнгги йилларда мамлакатимизда соҳани ривожлантириш учун қулай шарт-шароитлар яратиш, жумладан, ҳунармандларни солиққа тортиш тизимини такомиллаштириш, уларни зарур хомашё ва молиявий ресурслар билан узлуксиз таъминлаш, маҳсулотларини реализация қилиш учун инфратузилма яратиш ва бозорларни кенгайтириш борасида самарали ишлар амалга оширилмоқда.

Очиқ мулоқот савол­жавобларга бой ўтган тадбирда соҳа вакиллари, партия фаоллари ва депутатлар томонидан кўплаб таклиф ва мулоҳазалар билдирилди.

Хусусан, давлатимиз раҳбарининг 2023 йил  12 июндаги “Аҳолини ҳунармандчиликка жалб қилиш ва ҳунармандчилик фаолиятини ривожлантириш учун қулай шарт­шароитлар яратиш чора­тадбирлари тўғрисида”ги фармонида белгиланган “Ҳунарманд” уюшмасининг устувор вазифаси сифатида ҳудудларда ҳунармандчилик фаолиятининг ҳар бир йўналишини алоҳида ёндашувлар асосида ривожлантириш дастурларини амалга ошириш, бу соҳанинг йўқолиб кетаётган турларини сақлаб қолиш, ушбу фаолият билан шуғулланиш учун ижарага бериладиган давлат мулки бўлган моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектлари рўйхатини шакллантириш ва уларни мунтазам янгилаб бориш зарур. Рўйхатга асосан ҳунармандчилик фаолияти билан шуғулланиш учун ижарага бериладиган давлат мулки бўлган моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектларини электрон онлайн аукционга чиқариш айни муддао бўлади. “Халқ амалий санъати усталарининг миллий каталоги” ва “Туризм соҳасида фаолият юритаётган ҳунармандлар реестри”ни e­auksion электрон савдо платформасига интеграция қилиш керак.

Бундан ташқари, импорт ўрнини босувчи қаттиқ турдаги ёғоч хомашё базасини етиштириш учун Тошкент вилояти Янгийўл тумани ҳудудида захирадаги 300 гектар қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларни ҳунармандларга ижарага бериш учун белгиланган тартибда электрон танловларни ташкил этиш соҳа ривожи учун хизмат қилиши таъкидланди. Тошкент шаҳридаги “Янги Ўзбекистон” боғига туташ ҳудудда захирадаги ерларнинг 0,3 гектар ер участкасида маҳаллий бюджет маблағларининг орттириб бажарилган қисми ва қонунчиликда тақиқланмаган бошқа маблағлар ҳисобидан намойиш зали, “Уста­шогирд” мактаби ва устахонани ўз ичига олган “Ҳунармандлар” масканини барпо этиш ва уларга белгиланган тартибда ижарага бериш каби вазифалар ижросига алоҳида эътибор қаратилди.

Ҳунармандларнинг юридик шахс ташкил қилган ҳолда фаолият юритиши учун қулай шароит яратиш мақсадида улар фаолиятини иқтисодий фаолият турлари умумдавлат таснифлагичи рўйхатига қўшиш, миллий ҳунармандчилик маҳсулотларини жаҳон бозорларига олиб чиқишда доимий амалий ёрдам кўрсатиш, жумладан, электрон тижорат (E­commerce) йўналиши орқали сотишни кенгайтириш жоизлиги айтилди. Пичоқчилик, ўчоқ, болта, чўян қозон каби экспортбоп маҳсулотларни экспортга ташиш харажатларининг бир қисмини компенсация қилиш, миллий матолар ва каштачиликдаги гул ва нақшларни миллий ҳунармандчилик бойлиги сифатида асраб­авайлаш, ҳимоя қилиш ва ушбу турларини ривожлантириш тилга олинди.

Айниқса, фаолиятни ҳар томонлама қўллаб­қувватлашга қаратилган норматив­ҳуқуқий асосларни такомиллаштириш – “Ҳунармандчилик фаолияти тўғрисида”ги қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш вазифаларининг ижроси юзасидан ҳудудлардан қатнашган ҳунармандлар томонидан эътирозлар ҳамда таклифлар билдирилди.

Бахшилло ЖУМАЕВ, “Совға устозодаи зардўзон” оилавий корхонаси раҳбари, O‘zLiDeP фаоли, Ўзбекистон Республикаси халқ устаси, Бухоро шаҳри:

Бухоролик зардўзларнинг умрбоқий маҳсулотлари асрлар давомида бутун дунёни ҳайратга солиб келган. Ушбу бетакрор санъатни янада ривожлантиришга давлатимиз томонидан катта эътибор қаратилмоқда.

Шундай бўлса-да, соҳада ечимини кутаётган муаммолар ҳам йўқ эмас. Гап шундаки, кўҳна ва ҳамиша навқирон Бухорои Шарифда шу кунгача яратилган юзлаб ва минглаб нусхадаги зардўзлик маҳсулотлари тарқоқ ҳолда, шаҳарнинг ҳар ер-ҳар еридаги савдо шохобчаларида намойиш этилган ҳолда савдога қўйилган. Уларни бир бутун, яхлит ҳолда намойиш этадиган жойнинг ўзи йўқ. Ҳолбуки, энг ноёб зардўзлик намуналари бир қатор хорижий давлатлардаги кўргазмалардан мустаҳкам ўрин олган. Биргина шу мисолнинг ўзи чет эллик сайёҳларнинг диққат эътибори нафақат кўп асрлик тарихий ёдгорликларимиз ва осори-атиқаларимизга, балки заргарлик ва зардўзлик санъатимизга ҳам қаратиб келинаётганлигини исботлаб турибди.

Юқоридаги фикр-мулоҳазаларни ҳисобга олган ҳолда Бухоро шаҳрида Зардўзлик санъати давлат музейини ташкил этиш мақсадга мувофиқ деб ҳисоблаймиз. Шунингдек, Буюк ипак йўли чорраҳасида жойлашган кўҳна шаҳарда вилоят тарихий музейи ташкил этилса янада хайрли иш бўларди.

Сирож МАДРАҲИМОВ, гиламдўз ҳунарманд, Хива шаҳри:

Халқимизнинг асрлар бўйи шаклланган ижодий меҳнати натижасида яратилган ва яратилаётган ўзбек халқ ҳунармандчилиги, амалий санъатини кўз қорачиғидек асраш, уларни келгуси авлодларга етказиш асосий вазифамиздир.  Масалан, биз қўлда гилам тўқиш фаолияти билан анча йиллардан бери шуғулланиб келамиз. Олдин ҳар ойда 8 млн  сўм миқдорида ижара пули тўлаб келар эдик. Бугунги кунга келиб ҳеч қандай асосларсиз ижара шартномасини 43 млн сўмга оширишди. Бу эса биз каби ҳунармандларга катта қийинчилик туғдирмоқда.

Бу борада ўз вақтида амалий чора кўрилса айни муддао бўлар эди. Акс ҳолда машаққатли ва нозик ҳунар эгалари янада қийинчиликка дуч келиши, бу эса фаолият ривожига салбий таъсир кўрсатиши табиий.

Нурхон ЭЛМИРЗАЕВА,

“XXI asr” мухбири

  • Кўрилди
    137
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+