“Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида Бўстонлиқда “O'zLiDeP боғи” барпо қилинди

07.04.2024, 15:18

“Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида Бўстонлиқда “O'zLiDeP боғи” барпо қилинди

Хабарингиз бор, Президентимиз томонидан 2024 йил 29 март куни “Яшил макон” лойиҳаси доирасида баҳорги экиш мавсумини ташкил қилиш ва чиқиндиларни бошқаришни такомиллаштириш юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида устувор вазифалар белгилаб берилган эди.

Бу йилги “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида 125 миллион туп кўчат экиш режалаштирилган.

Шу кунларда юртимизда “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасининг баҳорги мавсуми доирасида турли манзарали ва мевали кўчатларни экиш жараёнларида Ўзбекистон Либерал-демократик партияси ҳам фаол қатнашяпти. Ушбу лойиҳа доирасида республика бўйлаб “O'zLiDeP боғи” ташкил қилиняпти.

 Хусусан, Тошкент вилояти Бўстонлиқ тумани “Қўшқўрғон” МФЙда ҳам “O'zLiDeP боғи” барпо қилинди. Унда Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги партия фракцияси аъзолари, партия Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси, Тошкент шаҳар ва Тошкент вилояти Кенгашлари ходимлари катта уюшқоқлик ва шижоат билан иштирок этишди.

Дастлаб партия фаоллари иштирокида семинар ташкил қилиниб, кўчат экиш тартиби ва сирлари мутахассислар томонидан батафсил тушунтириб берилди. Шундан сўнг партия вакиллари кўчат ўтқазишга киришдилар. Мазкур ҳудудга 1000 туп манзарали ва мевали дарахт кўчатлари ўтқазилиб, унинг парвариши бўйича ҳам масъулиятни ўз зиммаларига олишди.

- Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан республика бўйлаб давом этаётган “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасида биз депутатлар ҳам фаол қатнашяпти, - дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзЛиДеП фракция аъзоси Ғайрат Абдиев. - Мана уч йилдирки, мазкур хайрли лойиҳа доирасида кенг кўламли ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш ишлари амалга ошириб келинмоқда. Лойиҳа доирасидаги тадбирларни амалга ошириш механизми ҳам тобора такомиллашиб бормоқда. Хусусан, кўчат етиштириш ва етқазиш, иқлим шароитига мос ниҳолларни экиш ва парваришлаш, суғориш масалаларига ҳар қачонгидан катта аҳамият қаратилмоқда.

Айтиш керакки, келажагимизга дахлдор ҳаётий ҳаракат бутун эл-юртимизни ягона улуғвор мақсад атрофида жипслаштира олди. Умуммиллий лойиҳани қўллаб-қувватлаган халқимиз аллақачон маҳаллалари ва оилаларига тегишли бўш жойларга яхши ният билан ниҳол қадашни бошлаб юборди. Ҳар бир фуқаромиз ўзи истиқомат қилаётган масканнинг ободлиги, кўркамлиги йўлида фаол иштирокчига айланди. Бу эса, ўз навбатида халқимизнинг бунёдкорлик салоҳиятининг яна бир ёрқин намунаси бўляпти, десак асло янглишмаган бўламиз.

Она Ватан тақдирига бефарқ бўлмасдан, уни тобора ободлик ва кўркамлик касб этишида камарбаста бўлиш – бугун ҳар бир юртдошимизнинг ҳаётий маслагига айланиши лозим. Зотан, барпо этаётганимиз яшил майдонларнинг мамлакатимиз экологияси ва халқимиз саломатлигидаги аҳамияти беқиёс бўлиб, бугун эзгу ниятлар билан қадаган ниҳолларимиз эса жонажон Ўзбекистонимизнинг, ҳар биримизнинг ортимиздан униб-ўсиб келаётган авлоднинг улуғ манфаатлари учун хизмат қилади”.

  • Кўрилди
    236
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+