Аҳоли муаммоларини ўрганишнинг амалий механизмларини ишлаб чиқиш депутатларнинг диққат марказида бўлди

19.04.2024, 13:42

Аҳоли  муаммоларини ўрганишнинг амалий механизмларини  ишлаб чиқиш депутатларнинг диққат марказида бўлди

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари Нодир Абдувалиев ҳамда Виктор Пакларнинг Тошкент вилоятидаги партия ташкилотлари мутасаддилари ва фаоллари билан Нурафшон шаҳрида  учрашувлар ўтказди.

Унда депутатлар томонидан аҳолини қийнаб келаётган муаммоларнинг тизимли ўрганилиши, ижобий ечимлар топилишида самарадорликка эришилиши электорат ишончини оқлашга хизмат қилиши, қолаверса, юртимизнинг ижтимоий-иқтисодий ривожида муҳим ўрин тутиши хусусида тўхталинди.

Жойларда ечимини кутаётган масалалар кўплигини, уларни ўрта ва қуйи бўғиндаги ташкилотлар даражасида ҳал этилишига эришиш лозимлиги айтилди.

Аҳолининг ҳақли эътирозларига сабаб бўлаётган муаммолар билан ишлаш учун ҳар томонлама кучли тайёрланиш, уларни аниқлаш ва бартараф этиш, бу борада самарали мулоқотни йўлга қўйиш усуллари бўйича амалий тавсиялар берилди.

Аҳоли манфаатларини кўзлаб қабул қилинаётган янги Қонун ва Қарорларнинг мазмун-моҳиятини тарғиб қилиш, ҳуқуқий саводхонликни оширишда партия ташкилотлари ва фаолларининг ўрни, ташвиқотлар самарадорлигини ошириш йўллари ҳақида суҳбатлашилди.

Шу куннинг ўзида депутатлар ҳудудга чиқиб, аҳолининг турли қатламлари ўртасида мулоқот учрашувларини ташкил этишди.

Жумладан, Пискент туманидаги 20 ўринга мўлжалланган, аҳолига неврология, гинекология, урология, шунингдек, тиббий лаборатор диагностика хизматларини кўрсатувчи “AZIZ MEDICAL CENTER” хусусий тиббиёт муассасасида бўлган депутатлар бу ердаги аҳолига тиббий хизматлар кўрсатиш сифати, хизмат нархларининг мақбуллиги, маскан раҳбарлари дуч келаётган муаммолар билан қизиқишди. Туманда хусусий тиббиёт муассасаларини кўпайтириш лозимлигига эътибор қаратишди.

Депутатлар инвестициявий лойиҳа доирасида фаолият юритувчи “Mark Formelle IT” МЧЖнинг Пискентдаги текстиль корхонасида ҳам бўлишди. 600 дан ортиқ ишчи-ходимлар меҳнат қиладиган корхонада яратилган меҳнат шароитлари, ойлик маошларнинг ўз вақтида тўланиши, ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларнинг ички ва ташқи бозорга йўналтирилгани масалаларини ўрганишди. Айниқса, бу ердаги хотин-қизлар билан кечган ўзаро суҳбатларда аёлларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга қаратилган ислоҳотларнинг моҳияти тарғиб қилинди. Уларнинг таълим, иш билан бандлик, уй-жой билан таъминланиш, ижтимоий хизматлардан фойдаланиш, ижтимоий таъминот каби масалалардаги муаммолари тингланиб, жойида ижобий ечимлар топиш чоралари кўрилди. Айримларига тавсиявий характердаги ҳуқуқий маслаҳатлар берилиб, йўл-йўриқлар кўрсатилди.

Шунингдек, қўшма корхона маъмурияти билан кечган суҳбат асносида уларнинг сўнгги йилларда мамлакатимизда қулай инвестициявий муҳитни яратиш, хусусий мулк эгаларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш юзасидан амалга оширилган тизимли ислоҳотлардан мамнунликларига гувоҳ бўлинди. Корхона фаолиятини янада ривожлантиришда ўйлантираётган муаммолар ҳам ўрганиларкан, сўнгги беш йил ичида хусусийлаштириш соҳасини ислоҳ қилишга қаратилган 10 дан ортиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилингани, натижада давлат мулкини очиқ ва шаффоф тарзда ҳамда инсон омили иштирок этмайдиган электрон савдо платформалар орқали хусусийлаштириш тизими жорий этилгани хусусида маълумотлар берилди. Корхона маъмурияти томонидан ўртага ташланган масалани тегишли вазирлик ҳамда қўмиталар билан биргаликда ўрганиб, ижобий ҳал этиш чоралари кўрилиши маълум қилинди.

Зухро Мирзоҳамдамова,

O’zLiDeP Тошкент вилоят Кенгаши бўлим мудири

  • Кўрилди
    74
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+