Деҳқончилик қилмоқчи бўлган ёшлар учун нималар ўзгарди?

07.05.2024, 16:45

Деҳқончилик қилмоқчи бўлган ёшлар учун нималар ўзгарди?

Ўтган йил статистикаларида мамлакатимизда 30 ёшгача бўлган ёшлар 19 миллион 600 минг нафар, ёхуд аҳолининг 55,6 фоизини ташкил қилганини қайд этилган. Минтақамизда меҳнат бозорига ҳар йили ўртача 600 минг нафар ёшлар кириб келаётгани ҳисобга олинса, келгуси 10 йилда бу рақам 1 миллионга етиши инобатга олинса, уларни олий таълимга қамраб олиш, касб-ҳунарга йўналтириш ва энг муҳими, бандлигини таъминлаш масаласи кун тартибига чиқади.

Давлатимиз раҳбарининг жорий йилнинг 5 апрель куни имзолаган “Ёшларга ер ажратиш орқали уларнинг даромадларини ошириш ва бандлигини таъминлаш, шунингдек, янги ер майдонларини ўзлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-153-сонли қарори ёшларни фойдали меҳнатга жалб қилиш орқали даромадини ошириш ва бандлигини таъминлаш, ташаббусларини қўллаб-қувватлаш борасидаги янги имкониятлар эшигини очиши шубҳасиз. Айтиш керакки, бугун ёш тадбиркорлар, хусусан, деҳқончилик, чорвачилик, уруғчилик ёки ишлаб чиқаришни йўлга қўйган ёшлар сафи анчагина кенгайди. Уларнинг нафақат маҳаллий бозор, балки хорижий бозорлар учун ҳам маҳсулот етказиб беришаётгани ҳам бор гап. Энг муҳими, мактабни битираётган ёшлар орасида ўзини-ўзи банд қилиш учун кредит олиб фаолиятини бошлаётганлари ҳам талайгина.

Янги қарорга биноан, эндиликда мамлакатимизнинг барча ҳудудларида ҳокимлик захирасида бўлган жами 60 минг гектар Ер майдони сабзавот, картошка, полиз экинлари, гул, кўкатлар, маккажўхори дони, дуккакли ва мойли экинлар етиштиришга суғориладиган экин майдонлари, доривор ўсимликлар етиштириш, чорвачилик йўналишлари учун чорва озуқаси экинларини етиштиришга мўлжалланган, лалми, бўз, яйлов ва янги ўзлаштирилган ер майдонлари электрон онлайн-аукцион орқали 30 йил муддатгача кичик лотларда «бир массив – бир маҳсулот» тамойили асосида ёшларга ижарага берилади.

Шунингдек, қарорда «Темир дафтар», «Ижтимоий ҳимоя ягона реестри»га киритилган оилалар фарзанди, «Аёллар дафтари», «Ёшлар дафтари», «Меҳр дафтари»га киритилган ёшлар, оиласи кам таъминланган ва ижтимоий ҳимояга муҳтож ёш фуқаро, ҳуқуқ-тартибот ва мудофаа органларига бириктирилган, хорижда меҳнат фаолиятини амалга оширишдан қайтган ёшларга ер ажратилиши назарда тутилган. Бундан ташқари, боқувчисини йўқотган ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган ижтимоий ҳимояга муҳтож ва табиий офатлар, ҳалокатлар, ёнғинлар ва бошқа фавқулодда вазиятлар оқибатида ҳаётига, соғлиғига, мулкига зарар етган ёш фуқароларга ҳам ер ажратиш белгиланган.

Шу ўринда савол туғилади: “Е-аукцион”да  кимлар иштирок эта олади? Иштирок этиш тартиби қандай? 

Аукцион “маҳалла еттилиги” томонидан тавсия этилган ёшлар ўртасида ўтказилади. Унда қатнашиш учун талабгорлар бадал пули сифатида ўртача ойлик иш ҳақининг бир баравари миқдорини тўлашлари лозим. Аукцион ғолиблари Ер участкасини 10 йил давомида тенг улушларда, фоизсиз тўлаш, яъни ҳар йили бир хил миқдорда тўлов қилишади. Бу уларнинг режа асосида ишлашларини таъминлаб, асосий фаолиятидан чалғимасликларини таъминлайди. Агар аукционда фақат битта талабгор қатнашса, бу аукцион ўтказилган деб ҳисобланади ҳамда ушбу имтиёзли шартлар асосида ўтказиладиган аукцион савдоларида ёшлар ер майдонини фақат бир маротаба ижарага олишлари мумкин бўлади. Ҳа яна бир гап: қарорга кўра, 30 сотихдан кўп томорқа ери бўлиб, ундан фойдаланмаётган, илгари очиқ электрон танловларда ёки электрон онлайн-аукцион савдоларида ерни ижарага олган ёшларга ушбу электрон онлайн-аукцион савдоларида қатнашиб, ерни ижарага олишига йўл қўйилмайди.

Қарорга кўра, талабгорларга ажратиладиган ер майдонлари ўлчамлари «маҳалла еттилиги» таклифига кўра аниқланади. Энг муҳими, «E-auksion» электрон савдо платформасига жойлаштириладиган ер майдонлари бўйича кичик лотларни мажбурий бириктиришга йўл қўйилмайди. Шунингдек, қарорга мувофиқ, ишни яхши ташкил қиладиган тадбиркорлар, маҳсулотни қайта ишловчи ёки экспорт қилувчиларга яхлит контурдаги ер майдонлари «Ёшлар дафтари»даги бир нечта ёшларнинг бандлигини таъминлаш мажбурияти билан берилади. Шу ўринда яна бир жиҳатга эътибор қаратсак: ер майдонларини электрон онлайн аукцион савдолари орқали ижарага олган ёшлар «Темир дафтар», «Аёллар дафтари», «Ёшлар дафтари»дан чиқарилмайди ва улар учун қонунчиликда белгиланган барча имтиёз ва преференциялар сақлаб қолинади.

Дарвоқе, яна бир эслатма: қарорда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштиришдан сотишгача бўлган занжирни қамраб олувчи янги тизимни жорий қилиш мақсадида талабгорлар Ёшлар ишлари агентлиги туман (шаҳар) бўлими билан келишилган ҳолда «Агробанк» АТБнинг «Фермерлар мактаби», «Сувчилар мактаби», аграр соҳада кадрлар тайёрлайдиган олий таълим муассасаларига ва ҳудудлардаги кичик бизнесга кўмаклашиш марказларида ўқитилади. Бу эса уларни соҳага оид билим ва кўникмаларини мустаҳкамлаб, тажриба орттиришларига замин ҳозирлайди.

          Бундан ташқари, Олий таълим, фан ва инновациялар ва Қишлоқ хўжалиги вазирликлари ҳамкорлигида аграр соҳадаги ва ҳудудлардаги бошқа олий таълим муассасаларига тегишли ўқув-тажриба участкаларида боғ ва токзорларни барпо этиш, сабзавот, картошка, полиз, дуккакли ва мойли экинларни етиштириш бўйича кўргазмали дала майдонлари барпо этилади.

Эътиборли жиҳати шундаки, аукционда қатнашиб, Ер ижарага олган ёшлар «Агробанк» АТБ ҳамда Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши томонидан ҳудудлардаги 167 та «Агромарказлар» орқали хусусий секторни жалб этган ҳолда уруғ, кўчат етказиш, минерал ўғит бериш, мини-техника ва агроном хизматлари йўлга қўйилади ҳамда етиштирилган маҳсулотни харид қилишга қайта ишловчилар ва экспорт қилувчилар бириктирилади.

Дарвоқе, шуни ҳам ёдда тутиш лозимки, ушбу қарорга мувофиқ ижарага бериладиган ер майдонларида турар жой, бино ва иншоотлар қуриб, яшаш ёки бошқа фаолият тури билан шуғулланиш мумкин эмас.

Табиийки, тадбиркорни ҳам, деҳқонни ҳам солиқлар билан боғлиқ имтиёзлар қизиқтиради. Солиқ кодексининг 428-моддасига мувофиқ, томчилатиб суғориш технологиялари жорий этилган ерлар – ушбу амалиёт жорий этилган ой бошидан беш йилгача бўлган муддатга, қишлоқ хўжалигида фойдаланиш учун янги ўзлаштирилаётган ерлар – ваколатли орган томонидан тасдиқланган лойиҳага мувофиқ, ўзлаштирилган вақтдан эътиборан беш йил мобайнида ер солиғидан озод этилади.  Бу солиқ имтиёзи янги барпо этилаётган боғлар, токзорлар ва тутзорлар эгаллаган ерлар учун ҳам татбиқ этилади. Солиқ кодексининг 337-моддасига мувофиқ, ушбу Кодекснинг 57-моддасида назарда тутилган мезонларга жавоб берувчи қишлоқ хўжалиги товар ишлаб чиқарувчиларига ўзи ишлаб чиқарган ўз қишлоқ хўжалиги маҳсулотини реализация қилишдан олинган фойдаси бўйича фойда солиғи ставкаси ноль фоиз миқдорида белгиланади.

Бир сўз билан айтганда, бугун том маънода меҳнат қиламан, ўзимни ҳам, бошқаларни ҳам иш билан таъминлайман деган тадбиркорликда қобилиятли бўлган ёшлар учун шарт-шароит, имконият ва имтиёзлар бисёр. Ёшларнинг зиммасида эса бироз изланувчанлик билан лойиҳалар ишлаб, фаолиятида татбиқ қилиш, шижоат билан ўзи учун яратилган шароиту имкониятлардан унумли фойдаланишгина қолган холос.

Моҳинур Баҳрамова,
юридик фанлари доктори,
O`zLiDeP Чилонзор туман кенгаши аъзоси

  • Кўрилди
    295
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+