ЎЗБЕКИСТОН ДУНЁГА ҚЎЛ УЗАТДИ, ДУНЁ ЭСА ЎЗБЕКИСТОНГА ҚУЧОҚ ОЧДИ

23.05.2024, 12:05

ЎЗБЕКИСТОН ДУНЁГА ҚЎЛ УЗАТДИ, ДУНЁ ЭСА ЎЗБЕКИСТОНГА ҚУЧОҚ ОЧДИ

Учинчи Тошкент халқаро инвестиция форуми ҳақида ўйлар

Дунё терак учига қурилган қуш уясидек қалқиб турибди. Турли давлатлараро зиддиятлар авж олмоқда. Одамзод келишмовчиликлар, талатўплар ичида яшамоқда. Бунинг устига табиий ресурсларни ҳаддан зиёд ишлатиб юборганимиз оқибатида экология инқироз ёқасига келиб қолди. Глобал исиш, қурғоқчилик, чўлланиш, деградация ва санаб ҳисобига ета олмайдиган шундай муаммолар пайдо бўляптики, инсоният табиат олдида ўзи қилган гуноҳини оқлаш ундан “кечирим” сўрашга мажбур бўляпти.

Ана шундай зиддиятлар кучайиб бораётган пайтда Ўзбекистон дунёга қўл узатди, дунё эса унга қучоқ очди. Ҳар қандай муаммо ёки ўткир масала ечими ҳамкорлик, ҳамжиҳатлик, бир-бирини қўллаб-қувватлаш эканини Ўзбекистон дунёга намоён эта бошлади. Ўзингиз бир ўйлаб кўринг, бундан чамаси 7-8 йил олдин ҳаттоки, ён қўшниларимиз билан муносабатларимиз ҳаминқадар эди. Ёки олди-берди, логистика, ўзаро савдо-сотиқ, ҳатто қуда-андачилик, қариндошлик ришталарини боғлаш ҳам жуда азобу уқубатлар билан амалга ошириларди. Аслида Ўзбекистоннинг дунёга қўл узатгани бу нафақат халқимиз юрагидаги иш бўлди, балки инвесторларни кўпроқ жалб этиш учун имконият эшикларини ланг очиб юборди.

Узоққа бормайлик, бундан уч йил олдин  биринчи Тошкент халқаро инвестиция форумини бир эслайлик. 2022 йилда ўтказилган биринчи инвестиция форумида 56 давлатдан 2 мингдан зиёд йирик инвесторлар Тошкентга келган эди. Буни қарангки, 2023 йилда ўтказилагн форумда эса 70 давлатдан 2500 нафар иштирокчи пойтахтимизга етиб келди. 2024 йилда эса бу миқдор тағин юксалди. Яъни 93 давлатдан 2500 нафардан зиёд йирик инвесторлар Тошкент заминига қадам қўйди.

Айтинг, бу ниманинг далолати? Ўзбекистон қайдаю, АҚШ, Англия, Африка ёки Шарқий Осиё давлатлари қаёқда? Дунёнинг барча қитъаларидан Тошкент форумига йирик инвесторларнинг келаётгани, сармоя тикаётганининг сабаблари нимада деб ўйлайсиз? Менинг назаримда бу юртимизда сармоядорлар учун яратилган қулай имконият, эмин-эркин фаолият юритиши учун бизнес муҳити яратилгани бўлса, иккинчи томондан минтақамиздаги тинчлик, хотиржамлик, десам сира муболаға қилмаган бўламан. Юртимизда Менделеев даврий жадвалида қайд этилган элементларнинг ҳаммаси бор. Бу ҳам инвесторларни жалб қилаётгани аниқ. Аммо инвестор анойи эмас. У етти ўлчаб бир кесади. Ўз сармоясини киритаётганда мамлакатдаги сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий аҳволни обдан ўрганади, таҳлил қилади. Бу нимага керак дейсизми?

Инвестиция бу эртага ўзига қайтадиган, даромад келтирадиган манба. Шундай бўлгач, йирик инвесторлар мамлакатни ўрганар экан, ҳатто шу ерда яшовчи халқлар минталетитидан тортиб, тарихий қадриятларигача ўрганади. Учинчи Тошкент халқаро инвестиция форумига келган йирик бизнесменлар халқимиз ҳаёти, турмуш тарзи, миллий қадрият ва урф-одатлари билан қизиққани бунга аниқ мисол бўла олади. Чунки бугунги замонавий инвестор фақат фойда олиб, жуфтакни ростлаш ҳақида эмас, ҳам ўзи, ҳам шу мамлакат фойда кўришини, эртага унинг изидан яхши ном қолишини истайди. Бусиз инвестор ўз мақсад муддаосига эриша олмайди. Шундан бўлса керак, жорий йилда ўтказилган сўнгги инвестиция форумида 26 миллиард долларлик шартномалар имзоланди. Бу айтишга осон. Шунча маблағ биласизми, қанча янгиланиш ва ривожланишга асос бўлиб хизмат қилади.

Ҳар галгидек, сўнгги форумда давлат раҳбари даражасидаги ялпи мажлис, турли масалалар муҳокамасига бағишланган экспертларнинг 50 дан ортиқ учрашувлари, жумладан панел мунозаралари, давра суҳбатлари ва B2B музокаралар ўтказилди. Форумнинг ҳар бир иштирокчиси ҳамкорлар билан манфаатлар кесишадиган нуқталарини топишди, муайян инвестиция лойиҳаларини ўрганишди, ўнлаб йўналишларда рўй бераётган сўнгги тенденцияларни муҳокама қилишди ва истиқболли таклифларни қабул қилишди. Юқорида таъкидлаб ўтганимиздек, бу дунёнинг Ўзбекистонга қучоқ очгани, юртимизнинг, Марказий Осиёнинг инвестиция марказига айланиб бораётганига аниқ далил бўла олади.

Президентимиз томонидан “Учинчи Тошкент халқаро инвестиция форуми ва Хорижий инвесторлар кенгашининг навбатдаги йиғилиши доирасида эришилган келишувларнинг ижросини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарор қабул қилингани эса анжуман нуфузини янада оширди. Учинчи Тошкент халқаро инвестиция форуми ва Хорижий инвесторлар кенгашининг йиғилиши доирасида 26 млрд АҚШ долларидан зиёд миқдордаги инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш бўйича келишувларга эришилди.

Давлатимиз раҳбари ўтган уч йил давомида мазкур форум икки ва кўп томонлама ҳамкорликни кенгайтириш, энг долзарб муаммоларни муҳокама қилиш, илғор ғоя ва ёндашувларни ишлаб чиқиш учун самарали мулоқот майдонига айланганини алоҳида таъкидлади. Бу ўз навбатида мамлакатимизда ортга қайтмайдиган ислоҳотларга, ўзаро манфаатли ҳамкорликни йўлга қўйишга бўлган улкан қизиқишдан далолат беради. Ислоҳотлар ортга қайтмайди деган фикр бу адолатли ҳақиқат. Халқимиз энди биздан ҳам, раҳбариятдан ҳам ислоҳот давомий бўлишини талаб қилади. Шуни алоҳида айтмоқчиманки, мамлакатимизда ортга қайтмайдиган тус олган ислоҳотлар давом эттирилади, деди Президент.

Яна рақамларга қайтадиган бўлсак, бу йил форумда рекорд миқдордаги иштирокчилар қатнашгани, делегат, жумладан, ҳукумат раҳбарлари, йирик компаниялар раҳбарлари ва БМТ, ЕТТБ, ОПЕК ва ШҲТ каби нуфузли халқаро ташкилотлар вакилларининг келгани бу йирик сармоявий анжуманга қизиқиш ортиб бораётганини кўрсатмоқда. Форум рақамли трансформация, транспорт-логистика йўналишларини ривожлантириш, инфратузилма ва яшил иқтисодиёт каби истиқболли тармоқларда ишбилармонлик алоқаларини ўрнатиш учун ноёб имконият яратди.

Ўзбекистоннинг сармоявий салоҳиятини очиб бериш учун 40 дан ортиқ тадбирлар, жумладан, секциялар, давра суҳбатлари ва тақдимотлар ўтказилгани фикримизни тасдиқлаб турибди. Форумнинг энг муҳим қисми хорижлик ҳамкорлар иштирокида бир қатор йирик лойиҳаларни ишга тушириш маросими ўтказилди. Бундан ташқари, форум доирасида Ўзбекистон президенти ҳузуридаги Хорижий инвесторлар кенгашининг иккинчи ялпи мажлиси бўлиб ўтди.

Шарқ — дунё тамаддунининг маркази эканини Тошкент форуми яна бир бор исботлади. Чунки дунёдаги глобал миқёсдаги мураккаб ва таҳликали жараёнлар, ноаниқликлар дунё иқтисодиётига жиддий путур етказаётгани ҳеч кимга сир эмас. Ана шу таҳликали вазиятнинг ўзи мамлакатларни бирлашишга, ўзаро ҳамкорлик қилишга ундамоқда. Ўзбекистон эса бу жиҳатдан дунёга намуна бўлмоқда. Давлатлар ўртасидаги иқтисодий ҳамкорлик алоқаларининг мустаҳкамланиши ҳаётий заруратдир. Албатта, унда учинчи Тошкент халқаро инвестиция форумининг нечоғли катта аҳамият касб этганини сўз билан таърифлаш қийин.  Чунки мазкур форум йирик бизнесменлар ўртасида икки ва кўп томонлама ҳамкорликни кенгайтириш, энг долзарб муаммоларни муҳокама қилиш, илғор ғоя ва ёндашувларни ишлаб чиқиш учун энг самарали мулоқот марказига айланди.

Дунёнинг энг йирик инвесторларини Тошкентда жам бўлиши замирида яна бир ҳақиқат ётади. Бу  мамлакатимизда янги таҳрирдаги Конституциямиз қабул қилингани билан чамбарчас боғлиқ. Чунки Бош Қомусимизда хусусий мулк дахлсизлиги, бозор муносабатларини ривожлантириш ва ҳалол рақобат учун шарт-шароит яратиш, тадбиркорлар қонунчиликка мувофиқ ҳар қандай фаолиятни амалга оширишга ва ўз фаолияти йўналишларини мустақил равишда танлашга ҳақлилиги, банк операцияларининг, омонатларининг ва ҳисобварақларининг сир тутилиши белгилаб қўйилган. Бу албатта, дунё бизнсесменларини ўз маблағларини Ўзбекистон учун тикишга муҳим омил бўлиб хизмат қилаётгани шубҳасиздир.

Дунёда чуқур трансформация жараёнлари кечаётган, товар ва хизматлар бўйича узвий ришталар салқи тортган, халқаро савдо-сотиқ пасайган, инвестиция оқимлари камайган энг муҳими иқлим офатлари кучайган шароитда йирик инвесторлар учун мулоқот қилиш, муаммоларга ечим топиш учун бир майдон керак эди. Тошкент форуми улар жонига аро кирди. Бу ҳақда Президентимиз ўз маърузасида жаҳон иқтисодиётининг ўсиш суръатлари сўнгги уч йил давомида пасаяётганини кўрсатиб ўтди. Тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар билан боғлиқ тенденциялар ҳам кутилган умидларни оқламаяпти. 2023 йилда ривожланаётган давлатларга киритилган инвестициялар умумий ҳажми 9 фоизга камайди.

Давлатимиз раҳбари бугун жаҳонда инвесторлар учун мислсиз кураш кетаётганини қайд этиб,  ҳеч бир мамлакат бу каби ўткир муаммоларни якка ҳолда ҳал эта олмаслигини айтди.  Ўзаро ишонч ва ҳурмат руҳи, бир-бирини қўллаб-қувватлаш тамойили узоқ муддатли ҳамкорликнинг мустаҳкам устуни бўлиб қолаверишига алоҳида урғу берди.

Ўзбекистон етакчиси айтганидек, мамлакатимизда инвестиция ва бизнес муҳитини тубдан яхшиланмоқда. Бу борадаги тўсиқлар босқичма-босқич бартараф этилмоқда. Мамлакатимизга ўз маблағини тиккан ҳар бир сармоядор ўзини эркин ва ишончли ҳис қилиши учун барча имкониялар яратилмоқда. Масалан, сўнгги йилларда иқтисодиётимиз қарийб икки баробар ўсди. Савдо айланмаси кўрсаткичлари ошиб боряпти. Охирги йилларда мамлакатимизда 60 миллиард доллардан зиёд хорижий инвестициялар ўзлаштирилди. 2023 йилда хорижий инвестициялар ҳажми қарийб икки баробар ошди. Яна шуни алоҳида эътироф этиш лозимки, халқаро молия институтлари маблағларини ижтимоий ва инфратузилма соҳаларига жалб қилишда муайян натижаларга эришилмоқда.

Энди шу ўринда бир савол туғилиши табиий. Нега юртимизда бу масалага бу қадар катта эътибор қаратилмоқда? Бунинг боиси шундаки, миллий иқтисодиётимизни кўтариш, техник ва технологик янгилаш, юқори барқарорлик ва иқтисодий юксалишларга эришишда инвестициялар жалб қилишнинг аҳамияти жуда катта. Ўзбекистоннинг инвесторларга ўз эшигини катта очаётганининг боиси ҳам шунда. Масалан, энергетика соҳасини олайлик. “ACWA Power”, “Masdar”, “Total Eren”, “Voltalia”, “Ҫalɩk” ва “Aksa”, кимё саноатида “Air Products”, “Indorama” ва “CAMCE”, тоғ-кон ва металлургияда – “Orano” ва “DANIELI”, автомобилсозлик ва электротехника йўналишларида “BYD”, “Kia” ва “Samsung”, қурилиш соҳасида “Коҫ” ва “KNAUF” каби дунёнинг етакчи компаниялари ҳамда йирик брендлари билан 300 дан ортиқ инвестиция ва саноат лойиҳалари ишга туширилгани ва юз минглаб янги иш ўринлари яратилгани ана шу саъй-ҳаракатлар самараси, десак муболаға қилмаган бўламиз.

Форум доирасида дунёнинг илғор компаниялари ҳисобланган “Linde”, “Orascom”, “DataVolt”, “Bonafarm”, “PASHA holding” ва бошқа шериклар иштирокида янги йирик лойиҳаларга старт берилгани эса оламшумул воқеа бўлди. Бу лойиҳалр жонажон диёримизда иқтисодий юксалишларга қанот бўлади. Натижада халқ турмуш фаровонлиги, ижтимоий-иқтисодий муаммолар ўз-ўзидан бартараф этилади. Чунки юртимизда инвесторлар билан ҳамкорликда амалга оширилаётган бундай истиқболли лойиҳалар яқин йилларда ўзининг ижобий самарасини беради. Бунга ишончимиз комил.

         Яна бир гап. Дунёнинг манаман деган йирик инвесторларининг Ўзбекистонга очиқ чеҳра, яхши ният билан кириб келиши юртимизнинг мислсиз ғалабаси, десак, сира муболаға қилмаган бўламиз. Ахир ўзингиз бир ўйлаб кўринг, дунёда сиқилиб, бир чеккадан номи чиқмай, ўз маҳсулотини дунёга чиқара олмай юриш қайдаю, 93 та мамлакатнинг 2500 дан зиёд чўнтагида сармояси бор бизнесменлар билан ҳамкорлик қилган қайда?  Тасаввур қилаётган бўлсангиз, учинчи Тошкент халқаро инвестициялар форуми бу Ўзбекистоннинг дунё устидан қозонган мислсиз ғалабасидир. Қолверса, давлатимиз раҳбарининг узоқни кўра олган оқилона сиёсати туфайли хорижий инвесторларга дивиденд солиғидан имтиёзлар берилди. Хусусийлаштириш жараёнининг ҳуқуқий асослари мустаҳкамланди ва хусусийлаштириш дастури янада кенгайтирилди. Муҳими эса тадбиркорлар барқарорлиги рейтинги жорий қилинди, саноат зоналари инфратузилмаси ривожлантирилмоқда. Ерларни ажратишнинг шаффоф тизими жорий қилинди.

         Кўряпсизми, бу каби имтиёз ва енгилликлар юртимизда фаолият бошлаётган хорижий инвесторлар фаолиятига ҳам ижобий таъсир ўтказади. Инвесторлар учун яна бир муҳим манба: охирги етти йилда олий таълим қамрови 9 фоиздан 42 фоизга ошди, олий ўқув юртлари сони 200 тадан ортди. Ўзбекистонда 90 дан ортиқ давлатлар учун визасиз режим жорий этилди. Махсус иқтисодий зоналар фаолият муддатлари бўйича чекловлар ҳам бекор қилинади, хорижий сармоядорлар учун ерларни ижарага бериш муддати 25 йилдан 49 йилгача узайтирилади. Ахир бундай янгиланишлар қайси йирик инвесторнинг кўзини “ўйнатмайди” дейсиз.

 Президентимиз бизнинг асосий мақсадимиз – Ўзбекистонни хорижий инвесторлар учун ишончли ва узоқ муддатли ҳамкорга айлантиришдир, деганида ана шундай имтиёзларни кўпайтиришни назарда тутгани аниқ. Бинобарин, юртимизда бозор муносабатларини ривожлантириш, инвесторлар ҳуқуқлари ишончли ҳимоя қилиниши, қулай инвестиция ва ишбилармонлик муҳитини янада такомиллаштириш, ҳалол рақобат учун янада кенг шарт-шароитлар яратиш, хусусий мулк дахлсизлиги ва суд тизимининг мустақиллигини таъминланиш йўлида изчил ислоҳотлар олиб борилмоқда.

         Она сайёрамиз “ҳансираб” турибди. Дардини биз тингламасак, ким тинглайди? Дунёнинг йирик инвесторлари лойиҳаларида ҳам келажакда фарзандларимизга мусаффо ҳаво, яшил табиат, соғлом ер қолдиришдек, мақсадлар мужассам. Буни улар билан суҳбат жараёнида бир неча бор гувоҳи бўлдик. Шу жиҳатдан бугун тилимизда “яшил энергетика”, “яшил иқтисодиёт”, “яшил саноат” каби иборалар тушмай қолди. Бунинг ўзига хос сабаблар бор. Мисол учун ер ости захираларидан фойдаланиб, электр энергияси ишлаб чиқариш атроф-муҳитга қанчалик зарарли эканини бугун тушуниб етяпмиз. Шу боис инвесторлар Ўзбекистонда қуёш ва шамол электр станцияларини қуришда фаоллик кўрсатишмоқда. Инвесторлар билан ҳамкорликда “яшил” энергетика тармоғи самарадорлигини ошириш нафақат Ўзбекистон балки бутун минтақамиз учун жуда долзарбдир. Бу борада мамлакатимизда 28 та лойиҳа устида иш олиб борилаётгани қувонарли. 2030 йилгача 20 гигаваттдан ортиқ қайта тикланувчи энергия қувватларини яратиш ва энергетика балансида унинг улушини 40 фоизга етказиш кўзда тутилган. Стратегик шериклар билан биргаликда йирик шамол ва қуёш электр станциялари барпо қилинмоқда, “яшил водород” ишлаб чиқариш ишлари бошланди. Ўтган йилнинг ўзида 1,4 гигаватт қувватдаги йирик шамол ва қуёш электр станциялари ишга туширилди.

         Форумда яна бир қувонарли воқеа рўй берди. Яъни қўшни Қирғизистон ва Тожикистондаги гидроэлектр станцияларини биргаликда қуриш лойиҳалари тақдимоти ўтказилди. Ушбу лойиҳалар давлат-хусусий шериклик тамойили асосида амалга оширилаётганига эътибор қаратиб, мамлакатимиз етакчиси барча давлатлар етакчи компанияларини очиқ мулоқот ва амалий ҳамкорликка таклиф этди. Демак форум доирасидаги лойиҳалар минтақада муаммоларни ҳал этишда ҳам муҳим аҳамият касб этмоқда. Бу эса қўшни давлатлар билан алоқаларимизни янада мустаҳкамлайди.

         Ўзбекистон худо ёрлақаган давлат. Ер ости бойликларининг ўзи истиқболи порлоқ юрт эканидан далолат бериб турибди. Аммо биз бу табиий бойликлардан унумли фойдалана оляпмизми? Қайси маъданларнинг ҳали “кўзи” очилмаган, қайси минерал ресурслар ўзлаштирилмасдан турибди? Бу борада форумда инвесторларни жалб қилиш юзасидан шартномалар имзолангани нур устига нур бўлди. Ҳаммамизга маълумки, юртимизда олтин, мис, вольфрам, кумуш, уран, 30 дан ортиқ камёб металларнинг улкан захиралари мавжуд ва халқаро тажриба асосида ишлаб чиқилган янги таҳрирдаги “Ер ости бойликлари тўғрисида”ги қонуннинг қабул қилиниши ҳамкорликни ривожлантиришда муҳим асос бўлиб хизмат қилади.

         Барибир ҳамкорлик яхши нарса-да. Айниқса, қўшни давлатлар билан “ол товғим, бер товоғим” каби қўшничиликнинг минг йиллик анъаналари қайта тиклангани бу янги тараққиёт сари ташланган муҳим қадамдир. Яна бир мисол: хорижий шериклар билан биргаликда Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон ва Ўзбекистон – Афғонистон – Покистон темир йўлларини қуриш бўйича дастлабки ишлар бошлангани қандай яхши.  Ушбу стратегик лойиҳалар минтақадаги геоиқтисодий вазиятни бутунлай ўзгартириб юборишини тасаввур қиляпсизми? Ахир Марказий Осиё Шимол ва Жануб, Шарқ ва Ғарб билан боғланадиган глобал транзит марказига айланса, бу имкониятларимизни янада кенгайтиради-ку! Шундай оламшумул лойиҳалар амалга оширилаётганидан биз қанча фахрлансак арзийди.

Фикримиз сўнггида Президентимизнинг  “Инвестициялар – бу мамлакатимиз трансформациясининг локомотиви ва иқтисодий тараққиётимизнинг мустаҳкам драйверидир” деган ибратли сўзларини келтириб ўтмоқчиман. Хулоса шуки, мамлакатимиз раҳбари раҳнамолигида Ўзбекистон дунё саҳнига янги қадам қўймоқда. Бу — Янги Ўзбекистоннинг қутлуғ қадамидир. Унинг шахдам ва ўктам бўлишини тилам қоламиз.

Нодир ЖУМАЕВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси

Саноат, қурилиш ва савдо масалалари қўмитаси  раиси,

иқтисодиёт фанлари доктори, профессор

 

  • Кўрилди
    192
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+