БИРГАЛИКДА ПОЙТАХТИМИЗНИ ЯНАДА ОБОД ШАҲАРГА АЙЛАНТИРАМИЗ

01.12.2017, 14:02

БИРГАЛИКДА ПОЙТАХТИМИЗНИ ЯНАДА ОБОД ШАҲАРГА АЙЛАНТИРАМИЗ

Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясининг Тошкент шаҳрида давлат ҳокимияти вакиллик органларига 2017 йил 24 декабрда бўлиб ўтадиган сайловлардаги иштирокига оид мақсад ва вазифалари

Биринчи мақола

Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси (ЎзЛиДеП) 2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси – янгиланишнинг амалий ҳаракатлар дастурлари устувор йўналишларининг фаол амалга оширилаётгани Ўзбекистоннинг ҳар томонлама пухта ўйланган ва ишлаб чиқилган қатъий либерал ислоҳотлар йўлини тутгани, мамлакатимизнинг янги қиёфасини шакллантиришга киришганидан далолат эканини алоҳида таъкидлайди.

Биз давлат органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари, фуқаролик жамияти институтлари Ҳаракатлар стратегиясини самарали амалга ошириш, давлат ва жамиятнинг барча соҳаларини ривожлантириш борасида амалда бир ёқадан бош чиқариб, фаол иш олиб бораётганини қайд этамиз. Давлат ва жамият қурилиши тизимини такомиллаштириш, чуқур маъмурий ислоҳотларни амалга ошириш, суд-ҳуқуқ тизимини тубдан кўриб чиқиш, судларнинг чинакам мустақиллиги ва эркинлигини таъминлаш, иқтисодиётни либераллаштириш, қулай ишбилармонлик ва инвес­тиция муҳитини шакллантириш, миллатлараро тотувликни таъминлаш, чуқур ўйланган, ўзаро манфаатли ва амалий ташқи сиёсатни амалга ошириш борасида тизимли, ўзаро мувофиқлаштирилган ва мутаносиб тадбирлар амалга оширилмоқда.

ЎзЛиДеП Ҳаракатлар стратегияси доирасида илгари сурилган вазифаларнинг тўлақонли ижросини таъминлашда ўзининг сиёсий масъуллигини тўла ҳис қилган ҳолда, ана шу мақсадлар йўлида вакиллик ва ижро органларидаги ўзининг барча имкониятларини ишга солишини алоҳида таъкидлайди.

Тошкент шаҳар халқ депутатлари туман Кенгашларига сайловлар – давлат ҳокимиятининг демократик асосларини либераллаштириш ва мустаҳкамлаш билан боғлиқ чинакам тарихий воқеадир. Биз буни пойтахтимиз ҳокимият вакиллик органлари ва жамоатчилигининг Тошкентдаги социал-иқтисодий ва ижтимоий-сиёсий ислоҳотларни рўёбга чиқариш, туман Кенгашлари томонидан маҳаллий бюджетни шакллантириш ва ижросини таъминлаш, туманларни ривожлантириш истиқболли дастурларини амалга ошириш, маҳаллий солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни белгилаш устидан назорат ўрнатиш борасидаги ролининг кучайиши учун улкан имконият деб биламиз. Сайловларда сайловчилар эркин овоз бериш йўли билан ўзларининг эртанги кунини ва пойтахтимизни истиқболда ривожлантириш йўлини белгилайдилар.

Мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётидаги фаол иштирокидан, барча соҳаларда эришилган ва эришилаётган марралар ва Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган мақсад ва вазифалар ҳамда Тошкентни ривожлантириш истиқболларидан келиб чиқиб, ЎзЛиДеП ўз олдига Тошкент жаҳондаги ривожланган мегаполислар сафидан ўзининг муносиб ўрнини эгаллашини таъминлашнибош мақсад, вазифа сифатида қўяди.

Шу мақсадда Тошкент шаҳрини ривожлантиришнинг узоқ муддатли дастурини ишлаб чиқишни ва амалга оширишни таклиф қиламиз.

Дастур шаҳарни социал-иқтисодий барқарор ривожлантиришни таъминлаш, уни тадбиркорлик, молия ва бизнес бўйича етакчи халқаро марказлардан, жаҳонда тан олинган йирик фан ва маданият, маориф ва маънавият марказларидан бирига айлантириш, шунингдек, аҳолиси ҳаётининг юксак сифатини таъминлашга йўналтирилган бўлиши керак деб ҳисоблаймиз.

Биз ушбу дастурда таянадиган асосий тамойиллар: пойтахтимизда истиқомат қилувчи ҳар бир одамга ғамхўрлик кўрсатиш; барча масалаларни илғор тажрибага асосланган ҳолда самарали ва тежамкорлик билан ҳал қилиш; иқтисодиётнинг муҳим манбаи сифатида хусусий ташаббусларни, бизнесни рағбатлантириш; қарорлар қабул қилиниши ва шаҳарни бошқариш жараёнларига фуқаролик жамияти институтлари ва фуқароларнинг ўзларини имкон қадар кенгроқ жалб этиш; ҳокимият органларининг ҳисобдорлигини ва очиқлигини таъминлаш.

ПАРТИЯНИНГ БОЗОР ИСЛОҲОТЛАРИНИ ЧУҚУРЛАШТИРИШ, ИҚТИСОДИЁТНИ ЛИБЕРАЛЛАШТИРИШ ВА ТОШКЕНТНИНГ РАҚОБАТБАРДОШЛИГИНИ ОШИРИШ БОРАСИДАГИ УСТУВОР ВАЗИФАЛАРИ

Бу йўналишда ЎзЛиДеП қуйидаги ғояларни илгари суради:

Яқин истиқболдаги Тошкент – инвестицияларни жалб этиш ҳамда бизнесни ривожлантириш учун энг жозибадор шаҳарга айланади

Бизнинг мақсадимиз – Тошкентни иқтисодиёти самарали, жадал ва барқарор ривожланаётган, иқтисодиёти янгича шакл – “илмга асосланган иқтисодиёт”, “инновацияга асосланган иқтисодиёт” ва қудратли “ахборот ҳамжамияти”га таянувчи шаҳарга айлантириш. Биз ушбу мақсадларга эришиш учун қуйидаги энг муҳим вазифаларни амалга ошириш лозим деб ҳисоблаймиз: тадбиркорлик фаолиятига монелик қилаётган барча тўсиқларни бартараф этиш ҳамда тадбиркорлик ривожи учун қулай шароит яратиш; иқтисодиётнинг юксак технологиялар ва инновацияга асосланган секторларида бизнесни қўллаб-қувватлаш, саноат ишлаб чиқаришини модернизация қилиш, ишлаб чиқариш ҳудудларидаги саноат зоналарини ривожлантириш ва қайта ташкил этиш; инвестицияларни жалб этиш.

Биз қулай ишбилармонлик ва инвестиция муҳити – шаҳримизни ва унинг иқтисодиётини жадал ва барқарор ривожлантиришнинг муҳим гарови эканига қатъий ишонамиз. Хусусий мулк ҳуқуқларининг ишончли ҳимоясини ва кафолатларини таъминлаш, барча тўсиқлар ва чекловларга барҳам бериш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш борасида тўла эркинлик бериш, “Одамлар бой бўлса – давлат бой бўлади” тамойилининг ижросини амалда таъминлаш – иқтисодий ва социал сиёсатнинг энг муҳим йўналишларига айланмоғи даркор.

Бизнинг идеалимиз – тадбиркорликни ривожлантиришга хизмат қиладиган солиқ ва молия-банк сиёсатини янада такомиллаштириш. Бизнинг устувор вазифамиз – иқтисодиёт ва хўжалик юритувчи субъектлар зиммасидаги солиқ юкламаларини пасайтиришга оид курсни давом эттириш, солиқ солиш тизимини соддалаштириш, солиқ маъмуриятчилиги ва назоратининг замонавий услубларини жорий этиш, самарасиз солиқ имтиёзларини бекор қилиш, вақтинчалик молиявий қийинчиликларга дуч келган инсофли солиқ тўловчилар – хўжалик юритувчи субъект­ларга “солиқ таътили” тақдим этилишига кўмаклашиш.

Биз учун устувор масала – аҳоли турмуш даражасининг юксалиши ва яхшиланишига, ҳудудларни жадал ва комплекс ривожлантиришга хизмат қиладиган иқтисодиёт тармоқларини, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни барқарор ривожлантириш орқали шаҳар ва туман бюджетларининг даромад қисмини кенгайтириш.

Биз ишонамизки, банклар корхоналар ва тадбиркорларнинг ривожланишидан манфаатдор чин ҳамкорларига айланиши даркор. Биз учун муҳим устувор вазифа – аҳолининг банкларга ишончини ошириш, омонатларни ва омонатларнинг инвестицияга айланишини рағбатлантириш, тижорат банкларининг инвестициявий имкониятларини мустаҳкамлаш, истиқболли инвестиция лойиҳаларини, шунингдек, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларини кредитлашини кенгайтириш. Биз пойтахтимизда тадбиркорлик субъектлари ва аҳоли кенг қатламларига мўлжалланган имтиёзли кредитлардан кенг фойдаланишни таъминлашга доир тадбирларни қатъий депутатлик назоратига оламиз.

ЎзЛиДеП банклар билан бир қаторда бозор инфратузилмаларининг бошқа институтлари ҳам тезкор ривожланмоғи даркор, деб ҳисоблайди. Булар – хизмат кўрсатишнинг янги турларини жорий этиш ва сифатини ошириш орқали консалтинг, маркетинг, инжиниринг, лизинг, суғурта сингари молия хизматлари, шунингдек, капитални ва корхоналар, молия институтлари ҳамда аҳолининг бўш турган ресурсларини жалб этишнинг муқобил манбаси сифатида фонд бозорларидир.

Биз янгиланаётган Тошкентнинг замонавий марказига айланиб, замонавий бизнес, молия ва шаҳар сайёҳлик инфратузилмасининг жадал ривожланишини таъминлашга хизмат қиладиган “Tashkent city” халқаро бизнес марказини барпо этиш борасидаги вазифаларни амалга оширишда фаол иштирок этамиз.

Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик – пойтахтнинг кучли ва янги иқтисодиёти асоси

Биз учун устувор масала – кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг шаҳар ҳудудий ялпи маҳсулотидаги улушини изчиллик билан ошириб бориш, тадбиркорлик субъектларини, айниқса, уларни ўз фаолиятини йўлга қўяётган даврда қўллаб-қувватлашнинг самарали тизимини яратиш, тармоқ йўналишларини ишлаб чиқариш ва инновация компаниялари томонга кўпайтириш, аҳолини тадбиркорлик фаолиятига кенг жалб этиш.

Бизнинг мақсад ва вазифамиз – кичик бизнеснинг саноат ишлаб чиқаришидаги улушини кўпайтириш, йирик саноат корхоналари ва кичик бизнес ўртасидаги кооперация алоқаларини ривожлантириш. Биз йирик ишлаб чиқариш корхоналари атрофида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг саноат корхоналарини фаол жалб этган ҳолда юқори қўшимча қийматли маҳсулот ишлаб чиқарувчи корхоналар тизимини яратиш тарафдоримиз. ЎзЛиДеП саноат гуруҳларини яратишни рағбатлантиришни таклиф қилади, токи, истиқболда бундай гуруҳлар юқори қўшимча қийматли маҳсулотлар экспорти ҳажмини жадал ошириш орқали жаҳон бозорида муносиб ўрин эгаллаш учун барча зарур ресурсларни ишга сола олсин.

Тошкент – янги инновацион иқтисодиёт тараққий этган шаҳар

Биз учун устувор масала пойтахтимиз иқтисодиётида саноатнинг, юқори технологияларга асосланган илмталаб ишлаб чиқаришнинг улушини сезиларли даражада кўпайтириш. Биз шаҳар иқтисодиётида экспортга йўналтирилган тайёр маҳсулот ишлаб чиқарувчи, тугал технологик жараёнга эга ишлаб чиқариш корхоналари етакчи ўрин тутиши зарур, деб ҳисоблаймиз. Бунда асосий эътибор асосан мамлакатимизнинг табиий ва хомашё салоҳиятига таянадиган, илғор замонавий технологияларни қўлловчи ишлаб чиқариш корхоналарини ривожлантиришга қаратилмоғи зарур.

Биз янги рақобатбардош ишлаб чиқаришлар ва кичик корхоналарни ривожлантириш, муҳандислик коммуникациялари ва зарур инфратузилмалар ўтказиш йўли билан уларнинг муайян ҳудудда жамланишини таъминлаш, саноат кооперациясини ривожлантириш, илмий-технологик ва инновацион салоҳиятни мустаҳакамлашга қаратилган тадбирларни қўллаб-қувватлаймиз.

Айни мақсадларда фаолият кўрсатаётган эркин иқтисодий зоналар, технопарклар ва кичик саноат зоналари самарадорлигини ошириш, янгиларини барпо этишни биз юқори технологияли янги ишлаб чиқаришларни ўзлаштириш, ишлаб чиқариш, муҳандислик-коммуникация, йўл-транспорт, социал инфратузилмаларини ва логистика хизматларини жадал ривожлантиришни таъминлашнинг муҳим омили, деб биламиз.

Партия айни пайтда ушбу масалаларни инновацияга асосланган иқтисодиётга ўтиш, илмий-технологик ва инновацион тадбиркорликни барқарор ривожлантиришни таъминлашнинг муҳим йўли деб билади. Биз инновацияни модернизациянинг энг муҳим омили ва ХХI асрда иқтисодий тараққиёт айнан инновация­лар негизида таъминланади, деб ишонамиз.

Биз технологиялар йўналишида кескин чора-тадбирлар амалга оширилиши муҳимлигини эътироф этамиз. Биз иқтисодиётнинг ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланишга асосланган тармоқларини шакллантириш ва жадал ривожлантириш борасида қулай шарт-шароитлар яратишга қаратилган чора-тадбирларни қўллаб-қувватлаймиз. Бизнинг устувор вазифамиз – пойтахтимиз ҳудудий ички маҳсулотида АКТ сектори улушининг жадал ўсишига эришиш. Биз айни пайтда Мирзо Улуғбек туманидаги инновация маркази фаолиятини самарали ташкил этиш ва дастурий маҳсулотлар экспорти ҳажмларини жадал ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратмоқдамиз.

Биз ахборот технологиялари маҳсулотларини ишлаб чиқувчилар ва уларга буюртма берувчиларга имтиёзлар ва преференция­лар тақдим этиш, мамлакатимиз ва хориж инвестициясини жалб қилишни рағбатлантириш, замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш ва уларнинг имкониятларидан янада самаралироқ фойдаланиш тарафдоримиз. “Ахборот технологиялари” бўйича мутахассисликка эга бўлган олий таълим муассасалари ва касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини ишга жойлаштиришга, жумладан, иқтидорли ёшларни уларнинг “старт-ап” лойиҳаларини рўёбга чиқаришида қўллаб-қувватлаш йўли билан алоҳида эътибор қаратамиз.

Тошкент – энергия самарадорлигига асосланган иқтисодиётга эга шаҳар

Пойтахтимиз саноати, иқтисодиётининг рақобатбардошлигини оширишдаги энг муҳим вазифа – энергия ва ресурслар сарфини камайтириш, ишлаб чиқаришга энергия тежайдиган технологияларни кенг жорий этиш, қайта тикланадиган энергия манбаларидан фойдаланишни кенгайтириш, иқтисодиёт тармоқларида меҳнат унумдорлигини ошириш. Биз бу соҳада ноёб, тикланмайдиган ресурсларга тежамкорлик билан ёндошишни таъминлашга, муқобил энергия ресурсларини излаб топиш ва жорий этишга йўналтирилган узоқ муддатли дастурларни ишлаб чиқиш ва амалга оширишни қўллаб-қувватлаймиз.

Биз қуйидаги масалаларга алоҳида эътибор қаратамиз: муқобил энергия манбаларидан фойдаланаётган жисмоний ва юридик шахсларни моддий рағбатлантириш; аҳоли ўртасида энергия ресурсларига тежамкор муносабатни, энергия тежайдиган технологиялар ва муқобил энергия манбаларидан фойдаланишни тарғиб қилиш; энергия тежайдиган маҳсулотлар, жиҳозлар ва тизимлар ишлаб чиқариладиган лойиҳаларни амалга ошириш.

Ҳурматли сайловчилар – азиз ҳамшаҳарлар!

Биз партиямизнинг сайловлардаги иштироки билан боғлиқ бўлган иқтисодий соҳадаги устуворликларимиз билан сизни қисқа тарзда таништиришга ҳаракат қилдик.

Ушбу устуворликларни келажакда амалга ошириш мақсадида биз сайловларда энг муносиб номзодларни илгари сурдик.

Биз сизлар билан биргаликда шаҳримизнинг янги қиёфасини яратамиз деб ишонамиз.

Тадбиркорлар ва ишбилармонлар Ҳаракати –
Ўзбекистон Либерал-демократик партияси номзодларига овоз беринг!

Тадбиркорликни ривожлантириш жамиятимиз тараҚҚиёти ва фаровон Ҳаётимизнинг энг
муҲим кафолатидир!

ЎзЛиДеП Тошкент шаҳар Кенгаши

Теглар
Сайлов 2017
  • Кўрилди
    1728
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+