Инвестициявий муҳит ва банк кафолати

12.09.2019, 17:15

Инвестициявий муҳит ва банк кафолати

O‘zLiDeP Наманган вилоят Кенгашида тадбиркорлик фаолияти эркинлигини таъминлаш, хорижий сармоядорлар учун қулай ишбилармонлик муҳитини яратиш борасидаги ишларни янада ривожлантириш, мулкдорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, чет эл инвестициялари иштирокидаги корхоналар фаолиятини қўллаб-қувватлаш мақсадида турли дастурларга киритилган лойиҳалар ташаббускорлари билан очиқ мулоқот ташкил этилди.

 – Чет эллик сармоядорларни жалб этган ҳолда газоблок ишлаб чиқаришни режалаштирганман, – дейди тўрақўрғонлик тадбиркор Исмоилжон Мирзааҳмедов. – Бугунги очиқ мулоқотда юртимизда хорижий инвесторлар учун яратилган имтиёзлар ва инвесторларни жалб этиш борасида биринчи навбатда амалга оширилиши лозим ишлар тўғрисида батафсил маълумотларга эга бўлдим. Партия тавсияси асосида самарали фаолият юритаётган салоҳиятли тадбиркорлар билан ҳамкорликни мустаҳкамлашни мақсад қилиб олдим.

– Очиқ мулоқот давомида мамлакатимизга чет эл инвестицияларини жалб қилиш борасидаги ишлар, соҳадаги мавжуд муаммолар ва уларни ҳал этиш йўллари муҳокама қилинди, – дейди O‘zLiDeP Наманган вилоят Кенгаши бўлим мудири Иброҳим Сатторов. – Тадбирда хорижий инвесторлар томонидан инвестицияларни киритишда лойиҳа ташаббускори бўлган тадбиркорлик субъектларига хизмат кўрсатувчи тижорат банкларининг кафолати талаб этилиши таъкидланди. Шунинг учун тижорат банклари томонидан салоҳиятли, иқтисодий барқарор бўлган корхоналарга хорижий инвестиция жалб этиш жараёнларида инвесторлар талаб этаётган кафолатни бериш масаласини меъёрий ҳужжатлар билан қатъий белгилаб қўйиш таклифи билдирилди.

Учрашув якунида инвесторлар ва инвестиция лойиҳаларини амалга оширмоқчи бўлган тадбиркорлик субъектлари томонидан кўтарилган масалаларнинг ҳал этилиши юзасидан аниқ чора-тадбирлар белгиланди.

  • Кўрилди
    1020
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+