Хизмат кўрсатиш салмоғи ортмоқда

17.01.2024, 16:31

Хизмат кўрсатиш салмоғи ортмоқда

“MEBEL CITY” мебель ишлаб чиқариш корхонаси 2015 йилдан бери фаолият юритиб келади. Корхона ходимлари дастлаб эшик ишлаб чиқариш билан ўз иш фаолиятларини бошлаган эдилар. Ҳозирги кунда 30 нафардан зиёд тажрибали усталар воҳамиздаги туман, шаҳарлардан ва қўшни вилоятлардан келиб, шартнома асосида ишлаётган 100 нафар мебелчи усталарга йўл-йўриқ кўрсатишдан ташқари, Австрия, Хитой ва Россия давлатларидан келтирилган мебель маҳсулотларини сотиш ва хизмат кўрсатиш билан шуғулланадилар. Корхона ҳудуди 2 гектар майдондан иборат бўлиб, у ерда жойлашган офис, шоурум, хизмат кўрсатиш ва ишлаб чиқариш цехларида 36 нафар ишчи-ходим меҳнат қилиб келишмоқда.

Моҳир усталардан Жасур Шамсиддинов, Аҳрор Зокиржонов, Муроджон Муҳаммадиев, цех назоратчиси Арзу Сейдеметова ва чет эллик ҳамкасблар билан ҳамкорлик қиладиган маркетинг бўлими бошлиғи Саддам Маҳмудов ва муҳандис Тўлқин Ғафуровлар ўз бурчларини шараф билан бажармоқдалар.

— Президентимизнинг биз тадбиркорларга алоҳида эътибор бераётганидан мамнунмиз, — дейди O’zLiDeP Сайҳунобод тумани Кенгаши раиси, “MEBEL CITY” мебель ишлаб чиқариш корхонаси раҳбари Ойбек Ниёзов. — Янги йилнинг “Ёшлар ва  бизнесни қўллаб-қувватлаш йили” деб номлангани ҳам бежиз эмас. Келгусида хорижлик ҳамкорлар билан фаолиятимизни давом эттириб, хизмат турлари ва иш ўринларини оширамиз.

Яқинда “MEBEL CITY” мебель ишлаб чиқариш корхонаси қошида “Yechim” мебели аксессуарлар дўконининг очилиш маросими ўтказилди.

Тадбирда O’zLiDeP Сирдарё ва Сайхунобод туманлари кенгаши ходимлари, депутатлар, тадбиркорлар, “Маданият” БПТ аъзолари, ёшлар ва ОАВ вакиллари иштирок этишди. Дўконда асосан Туркия давлатидан келтирилган маҳсулотлар савдоси йўлга қўйилган. Шу кунгача Тошкент шаҳрида, Наманган, Андижон ва Сирдарё вилоятларида дўконнинг ўз филиаллари очилган бўлиб, 2024 йилнинг илк ойларида Тошкент шаҳри, Фарғона вилояти ва Қорақалпоғистон Республикасида янги филиалларини ташкил этиш режалаштирилган.

Тадбир давомида иштирокчилар билан бир қанча қизиқарли ўйинлар ташкил этилди ва ғолибларга ташкилотчиларнинг эсдалик совғалари топширилди.

  • Кўрилди
    255
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+