Депутатлар ҳам фаоллик кўрсатишлари лозим

17.03.2021, 18:24

Депутатлар ҳам фаоллик кўрсатишлари лозим

Мамлакатимизнинг Жанубий ҳудудида жойлашган Қашқадарё вилояти иқлими, дарё ва ирмоқлари, унумдор ерлари, хомашё ресурслари ва табиий захираларга бойлиги билан катта салоҳиятга эга. Шундай улкан имкониятлар мавжуд бўла туриб, улардан нега унумли фойдаланилмаяпти, деган савол туғилиши табиий.

Мана биргина мисол:  вилоятда бир йилда 106 минг тонна гипсокартон, 102 минг квадрат метр кафель ва бошқа қурилиш материалларига эҳтиёж мавжуд. Вилоятда бу маҳсулотларни ишлаб чиқаришга хомашё етарли бўлса-да, умуман ишлаб чиқарилмайди. Қурилиш учун жуда зарур бўлган гипсокартон ва кафель маҳсулотларини бошқа ҳудудлардан сотиб олиб келиш жуда қимматга тушмоқда.

Яқинда Президентимиз Шавкат Мирзиёев Қашқадарё вилоятида ҳамда электр энергияси тармоғида амалга ошириладиган инвестиция лойиҳалари тақдимоти билан танишиш жараёнида айнан шу масалаларга ҳам эътибор қаратилди. Қашқадарё вилоят ҳокими Зойир Мирзаев бу масалаларга тўхталар экан, Чироқчи туманида 210 миллиард сўмлик лойиҳа эвазига гипсокартон, пардозбоп тошлар, газобетон, темир-бетон конструкциялар ишлаб чиқариш мўлжалланаётганини, бунинг натижасида уй-жойлар қурилишида 1 квадрат метр таннархини 25 фоизгача қисқартириш имконияти пайдо бўлишини айтиб ўтди. Чироқчи туманида кафель ишлаб чиқариш, Шаҳрисабз шаҳрида гранит ва мармарни қайта ишлаш бўйича ҳам лойиҳалар амалга оширилади.

Бундан ташқари пахта-тўқимачилик кластерлари томонидан 26 та лойиҳа таклифи билдирилган бўлиб,  шундан 10 таси тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришга мўлжалланган. Бу лойиҳа амалга оширилса, пахта хомашёсини вилоятнинг ўзида қайта ишлаш даражасига сезиларли ошади ва  7 минг 600 нафардан зиёд янги иш ўрни очишга имконият яратилади.

Яна бир қулай имконият шундан ибратки, Шаҳрисабз туманидаги тоғолди ҳудудларида картошкачиликни ривожлантириш учун иқлим жуда мос, ер, сув ва ишчи кучи ҳам мавжуд. Агар аҳолига ер ажратиб берилса, шу ҳудудларнинг ўзида вилоятда етиштирилаётган картошканинг 34 фоизини ишлаб чиқарса бўлади. Ҳисоб-китобларга кўра, бу лойиҳа амалга оширилса, 6 минг 500 нафар аҳолини фойдали меҳнат билан банд қилиш имконияти яратилади.

Хулоса шундан иборатки, Қашқадарёни ривожлантириш учун жорий йилнинг ўзида умумий қиймати 11 триллион 300 миллиард сўм бўлган 1 минг 125 та ҳудудий лойиҳа амалга оширилади. Мақсад ҳудудда саноатни, қишлоқ хўжалигини, хомашё ресурсларини, тўқимачиликни ва туризмни ривожлантириш орқали халқ фаровонлигини таъминлаш, миллий юксалиш сари дадил қадам ташлаш экан, бу улуғвор вазифаларни амалга оширишда ҳар бир киши хусусан, депутатлар ҳам фаоллик кўрсатишлари лозим. 

  Асила Султонова,

  O’zLiDeP Қашқадарё вилоят Кенгаши

мафкуравий тарғибот-ташвиқот ишлари

 бўлими мудири.

  • Кўрилди
    1006
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+