Туризмни ривожлантириш имкониятлари кўрсатиб ўтилди

27.04.2022, 16:39

Туризмни ривожлантириш имкониятлари кўрсатиб ўтилди

Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 26 апрель куни туризм хизматлари кўламини кенгайтириш ва инфратузилмасини ривожлантириш чора-тадбирлари бўйича видеоселектор йиғилиши ўтказилди.

Дунёда пандемия пайтида ўрнатилган чекловлар бирин-кетин камаяётгани туфайли туризм индустрияси тиклана бошлаяпти. Жорий йил биринчи чоракда юртимизга хориждан 610 минг нафар ёки ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 2 баравардан зиёд туристлар келган. Кейинги ойларда янада кўп туристлар келиши кутилмоқда.

Йиғилишда туризм инфратузилмасининг бунга тайёрлик даражаси таҳлил қилиниб, камчиликлар кўрсатиб ўтилди.

Хусусан, Қорақалпоғистон, Андижон ва Қашқадарёда меҳмонхона ўринлари етишмайди. Навоий, Жиззах, Сурхондарё, Қашқадарё ва Тошкент вилоятларида катта имкониятлардан фойдаланилмаяпти. Ёшларга мос туристик хизматлар жуда кам. “Оилавий” ва “барчаси ичида” хизматларни жорий қилиш ишлари суст.

Ҳудудлардаги 206 та термал ва минерал сувли булоқларнинг 18 тасидан фойдаланилмоқда, холос. Мисол учун, Қамчиқ довонида жойлашган Арашан кўллари сувининг ҳарорати қишин-ёзин 36 градус иссиқликда бўлиб, хорижий курортлардан қолишмайди. Ёки, Чимбой, Қораўзак ва Тахтакўпирда ер остидан 40-70 градус иссиқликда чиқадиган термал булоқлар атрофида санатория-курортлар ташкил қилиш мумкин.

Сайёҳларни жалб қилишда юртимиздаги 122 та музей салоҳиятидан ҳам фойдаланилмаяпти. Уларда 2 миллион 500 мингдан ортиқ ашёлар бўлиб, шундан 112 мингтаси жаҳон тарихи ва маданияти учун ҳам ноёб ҳисобланади.

Йиғилишда шу каби имкониятларни ишга солиб, туризм соҳасида пандемиягача бўлган кўрсаткичларни тиклаш, хизматлар кўламини кенгайтириш чора-тадбирлари муҳокама қилинди.

Аввало, ҳар бир вилоятда туристларни ўзига оҳанрабодай жалб қиладиган йирик лойиҳаларни амалга ошириш зарурлиги таъкидланди.

Масалан, Намангандаги “Афсоналар водийси”, Бўстонлиқдаги “Амирсой” мажмуаларига кунига минглаб хорижий ва маҳаллий туристлар боради. Хорижий инвесторлар иштирокида Хонободда яна бир шундай лойиҳа бошланган.

Президент юртимизда бундай жойлар кўплигини таъкидлаб, қатор имкониятларни кўрсатиб ўтди. 

Хусусан, Бойсунда дунёдаги энг чуқур ғорлардан бири ҳисобланган Бойбулоқ, неандертал одам қолдиғи топилган Тешиктош ғорлари, қадимий эллин маданияти ёдгорлиги бўлмиш Узундара қалъаси бор. Туманнинг табиати, иқлими ҳам зўр. У ерда меҳмонхона, кемпинг, “дор йўли”, туристлар уйлари ташкил этиш орқали 500 минг сайёҳни жалб қилса бўлади.

Бундай имкониятлар Бўстонлиқдаги Товоқсой, Оҳангарондаги Овжасой, Ангрендаги Янгиобод, Шаҳрисабздаги Мираки, Янгиқўрғондаги Нанай, Попдаги Чодак қишлоқларида ҳам бор.

Шунингдек, Нукусдаги Ашшикўл, Бухородаги Зикрикўл, Жиззахда Айдаркўл ва Тузкон кўлида худди Чорвоқдагидек чўмилиш зоналари ташкил этиш мумкинлиги таъкидланди.

“Ўзбекистон туризм магистрали” бўйлаб, 31 та туман ва шаҳар ҳудудидан ўтувчи йўллар бўйида автотураргоҳ, кемпинг, автосервис, овқатланиш, ёқилғи қуйиш каби хизматларни қамраб олган “Карвонсарой”лар барпо этиш чоралари белгиланди.

Тошкент шаҳрида хорижий туристлар учун камида 3 кунга мўлжалланган “1 минг долларлик хизматлар тўплами” шакллантирилади. Бу дастур йил давомида ишлайдиган аквапарк ва мавзули парклар, гастрономик ва савдо кўчалари, жонли ижро концертлари, шоу ва фестивалларни ўз ичига олади.

Йиғилишда ички туризмни ривожлантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Бу борадаги кўрсаткични 10 миллион нафарга етказиш вазифаси қўйилар экан, бунинг имкониятлари ҳам белгилаб берилди.

Хусусан, 1 июлдан бошлаб, туризм қишлоқларида меҳмон уйлари, овқатланиш ва савдо шохобчалари, кўнгилочар жойлар ташкил этган тадбиркорлар уч йил давомида айланмадан олинадиган солиқ ва ижтимоий солиқни 1 фоиз ставкада, мол-мулк, ер, сув солиқларини ҳисобланган суммадан бор-йўғи 1 фоизини тўлайди. Оилавий тадбиркорлик дастурлари доирасида, бундай қишлоқларда меҳмон уйлари ташкил этишга 50 миллион сўмгача, ўтов ва эко-уйлар мажмуасига 300 миллион сўмгача, чодирли лагерлар қуришга 300 миллион сўмгача кредитлар берилади. Ҳар йили туризм қишлоқларининг 200 нафар ёшлари бюджет ҳисобидан Туризм техникумларида бепул ўқитилади.

Ҳокимларга туризм қишлоқларида йўл, электр энергияси, ичимлик суви, алоқа тармоқларини яхшилаш бўйича топшириқлар берилди. Бунга жорий йилда республика бюджетидан 250 миллиард сўм ажратилади.

Шу билан бирга, хорижий туристларга саёҳатнинг барча босқичларини ташкиллаштиришга кўмаклашувчи сайтлар, мобил иловалар яратиш зарурлиги таъкидланди.

Туристларни жалб этиш ва саёҳатларни мазмунли ўтказишда маданий тадбирлар ҳам муҳим ўрин тутади. Юртимизда 186 хил халқаро ва маҳаллий фестиваллар ташкил этилади. Улар орқали қўшимча 1 миллион хорижий ва 5 миллион нафар ички туристларни жалб қилиш имконияти бор. Мутасаддиларга ушбу тадбирларни юқори савияда ва хавфсиз ташкил этиш, бутун дунёга кенг тарғиб қилиш бўйича кўрсатмалар берилди.

Жорий йилда Наврўз байрами муносабати билан қўшимча дам олиш кунлари белгилангани, 250 та меҳмонхона ва музейларда чегирма берилгани, зиёрат объектлари бепул қилингани ички туризм учун катта туртки берди. Бунинг натижасида Бухоро ва Самарқандга қўшимча 110 минг маҳаллий туристлар борган. Келгуси ҳафтада Рамазон ҳайити муносабати билан ҳам халқимизга яна 5 кунлик дам олиш берилади.

Давлатимиз раҳбари бундай ишларни фақат байрамлар арафасида эмас, балки йил давомида тизимли равишда ташкил этиш зарурлигини таъкидлади.

Шу мақсадда, бу йилдан бошлаб барча давлат ташкилотлари ходимлари учун йилига бир марта маҳаллий саёҳатга чиқиш харажатларининг 20 фоизини бюджетдан ташқари маблағлар ҳисобидан қоплаш амалиёти йўлга қўйилиши белгиланди.

Бундан ташқари, 1 сентябрдан бошлаб, юртимиз бўйлаб саёҳат қилаётган фуқароларга авиа, темир йўл ва автобус чипталари нархининг 15 фоизи, меҳмонхона харажатининг 20 фоизи, музей ва бошқа маданият объектларига чипта нархининг 50 фоизини қайтариш тизими жорий этилади.

Музейлар фаолиятини самарали ташкил этиш ҳам туризмни ривожлантиришда муҳим аҳамиятга эга. Шу боис, республика бўйича барча музейлар экспонатларини тўлиқ хатловдан ўтказиб, уларнинг электрон базасини яратиш, музейлар раҳбар ва ходимларининг малакасини ошириш бўйича кўрсатмалар берилди.

Музейларнинг кўргазма майдонлари камлиги сабабли атиги 1 фоиз экспонат намойишга қўйилган. Қолаверса, аҳолининг узоқдаги музейларга бориш имконияти йўқ. Шунинг учун, “Санъатни халққа яқинлаштириш” дастури доирасида ҳудудларда музейларнинг кўчма кўргазмаларини ташкил қилиш кераклиги айтилди. Юртимиздаги 4 минг 500 дан ортиқ археология ёдгорлигини очиқ осмон остидаги музейларга айлантириш вазифаси қўйилди.

Сайёҳатларни ташкил этишдаги энг муҳим воситалардан бири транспортдир. Ҳозирги кунда транспорт харажатларининг юқорилиги хорижий туристларни жалб қилишда асосий тўсиқлардан бири бўлиб қолмоқда. Халқаро ва маҳаллий йўналишларда “лоукостер”лар кўп эмас. Замонавий “Афросиёб” поездига чипта олиш учун бир неча ҳафта олдин мурожаат қилиш зарур.

Шу боис, Транспорт вазирлигига туризм соҳасида транспорт инфратузилмасини яхшилаш бўйича топшириқлар берилди.

Сайёҳларнинг авиақатновларга бўлган талабини қондириш мақсадида 1 июлдан бошлаб, “Зиёрат туризми” дастури доирасида хорижий авиакомпанияларга кўрсатиладиган хизматларга 50 фоизгача чегирмалар жорий қилинади. 1 октябрга қадар маҳаллий авиақатновларга мўлжалланган янги “Silk avia” компанияси ташкил этилади. Харажатларни камайтириш мақсадида 9 та самолёт тўлиқ эконом-классга ўтказилади.

Йиғилишда соҳа мутасаддилари, ҳокимлар ва тадбиркорлар сўзга чиқиб, режа ва таклифларини билдирди.

  • Кўрилди
    87
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+