Электрон тижоратни жадал ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида

15.05.2018, 09:59

Электрон тижоратни жадал ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори


Замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлар иқтисодиёт тармоқларини рақамлаштиришда, шу жумладан, электрон тижоратни ривожлантиришда муайян натижаларга эришиш имконини берди. 

Шунга қарамай, мамлакатда электрон тижоратнинг тўлақонли бозорини яратишга, товарлар (хизматлар) ишлаб чиқарувчи маҳаллий корхоналарнинг ташқи бозорларга чиқишига тўсиқ бўлаётган қатор муаммо ва камчиликлар сақланиб қолмоқда. Хусусан: 

биринчидан, электрон тижорат соҳасидаги муносабатларни ҳуқуқий тартибга солишнинг амалдаги тизими соҳа тараққиётининг жадал суръатлардаги ўзгаришларига мос келмайди ва ўз навбатида аҳоли кенг қатлами ва тадбиркорлик субъектлари учун электрон тижоратдан фойдаланиш имконини таъминламайди; 

иккинчидан, маҳаллий тадбиркорлик субъектларига ташқи бозорларда тўлиқ рақобатлашиш, шунингдек, харажатларни оптималлаштириш имконини бермаётган электрон тижорат орқали товарлар (хизматлар)ни экспорт қилишнинг эскирган бюрократик тўсиқлари сақланиб қолмоқда; 

учинчидан, электрон тижоратни ривожлантиришга йўналтирилган замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш жараёни лозим даражада йўлга қўйилмаган, бу эса иқтисодиётни рақамлаштириш ва тадбиркорлик фаолияти ривожланишининг тўхтаб туришига олиб келмоқда; 

тўртинчидан, маҳаллий тўлов тизимларининг машҳур хорижий аналоглари билан интеграцияси йўқлиги, мамлакат тадбиркорлик субъектларининг электрон тижорат соҳасидаги етакчи хорижий ташкилотлар билан тўлиқ халқаро ҳамкорликда ишлашларига, шунингдек, маҳаллий бозорнинг экспорт салоҳияти ва рақобатбардошлигига таъсир қилмоқда; 

бешинчидан, электрон тижорат имкониятлари ва афзалликларини, жумладан, товарлар (хизматлар) учун, айниқса, жойларда нақд пулсиз ҳисоб-китобларни оммалаштириш даражаси пастлигича қолмоқда, бу эса хуфёна иқтисодиёт ҳажмининг ошишига ва давлат бюджетига солиқ тушумларининг камайишига олиб келмоқда; 

олтинчидан, амалдаги солиққа тортиш тизими электрон тижорат соҳасидаги тадбиркорлик субъектлари, жумладан, ахборот воситачилари фаолиятини кенгайтиришни рағбатлантирмайди, бу эса Интернет тармоғи орқали маҳсулотларни хуфёна айирбошлаш ҳажми ошишига олиб келмоқда, шунингдек, ушбу соҳага инвестициялар ва замонавий технологияларни жалб қилишни чекламоқда. 

Мамлакатда электрон тижоратни ривожлантириш учун қулай шарт-шароитлар яратиш, товарлар (хизматлар)ни Интернет тармоғи орқали реализация қилиш учун замонавий механизм ва тартиб-таомилларни жорий қилиш, маҳаллий тадбиркорлик субъектлари маҳсулотларини экспорт қилиш географиясини кенгайтириш ва ҳажмини ошириш мақсадида: 

1. Белгилаб қўйилсинки: 

қонун ҳужжатларига мувофиқ электрон тижорат иштирокчилари томонидан хизматлар кўрсатиш жараёнида ахборот тизимлари томонидан шакллантириладиган, битимлардаги томонларни идентификациялаш имконини берувчи электрон чеклар, квитанциялар, хабарлар ва бошқа усуллар товарлар (хизматлар) учун тўловларни тасдиқловчи квитанциялар, талонлар, чипталар ва бошқа ҳужжатларга тенглаштирилади; 

тадбиркорлик субъектлари томонидан электрон тижорат битимларини амалга оширишда тўловлар виртуал терминаллар (E-POS) орқали харидорга нақд пулни қабул қилганлиги тўғрисида электрон чек ёки бошқа тасдиқловчи хужжатни мажбурий юборган ҳамда инкассация қоидаларига қатъий риоя қилган ҳолда пул маблағларини хизмат кўрсатувчи банкга топшириш шарти билан нақд пул шаклида қабул қилиниши мумкин; 

электрон тижорат субъектлари савдо фаолиятини амалга оширишда тўлов терминалларидан фойдаланган ҳолда тадбиркорлик субъектларининг корпоратив банк карталари, шунингдек, электрон тўлов тизимлари орқали тўловларни қабул қилиш ҳуқуқига эгадирлар; 

электрон тижорат орқали реализация қилинган уч минг АҚШ долларигача бўлган товарлар (хизматлар)ни экспорт қилиш Ташқи савдо операцияларининг ягона электрон ахборот тизимига киритилмасдан ва юк божхона декларацияси тўлдирилмасдан почта хизматларини кўрсатиш қоидаларига мувофиқ амалга оширилади; 

виртуал терминаллар (E-POS) шу турдаги назорат-касса машиналари 
ва тўлов терминалларига тенглаштирилади. 

2. Белгилансинки, 2018 йил 1 июлдан бошлаб: 

электрон тижорат орқали реализация қилинган товарларни етказиб бериш бўйича хизматлар кўрсатувчи тадбиркорлик субъектларига учинчи шахслар (товарларни сотувчилар) учун тўловларни кейинчалик уларни белгиланган тартибда инкассация қилиш шарти билан қабул қилиш ҳуқуқи берилади; 

электрон тижорат орқали сотиладиган товарлар (хизматлар) учун уларнинг умумий қийматидан мажбурий 15 фоизли олдиндан тўлов тўлаш талаби бекор қилинади; 

электрон тижорат орқали реализация қилинган товарларни сотувчига 
ва етказиб берувчига шахсий мулк, ижара ва бошқа фойдаланиш ҳуқуқига асосан тегишли бўлган автомобиль транспортида Ўзбекистон ҳудуди бўйлаб етказиб беришда шаҳар, шаҳар атрофи, шаҳарлараро ва халқаро автомобилда йўловчилар ва юк ташишларни амалга ошириш учун лицензия олиш талаб қилинмайди, қонунчиликда белгиланган ҳолатлар бундан мустасно; 

электрон тижорат орқали дори воситалари ва тиббиёт буюмларини реализация қилиш, фақат сақлаш ва етказиб беришда уларнинг хавфсизлигини таъминлаш тартиби ва талабларига қатъий риоя қилган ҳамда қонун ҳужжатлари талабларини инобатга олган ҳолда амалга оширишга рухсат этилади. 

3. Ўзбекистон Республикаси Ташқи савдо вазирлиги Марказий банк билан биргаликда бир ой муддатда етакчи хорижий савдо майдончалари (ebay, Amazon ва бошқалар), тўлов тизимлари (Paypal) билан музокаралар ўтказишни ташкил этсин ва ўтказилган музокаралар якуни бўйича маҳаллий тадбиркорлик субъектларига ушбу савдо майдончалари ва тўлов тизимлари орқали товарлар (хизматлар)ни реализация қилиш ва ҳисоб-китобларни амалга ошириш имконини яратиш бўйича аниқ таклифларни Ўзбекистон Республикаси Президенти девонига киритсин. 

4. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда бир ой муддатда электрон тижорат орқали дори воситалари ва тиббий буюмларни, уларни сақлаш ва етказиб бериш талаблари ва шартларини инобатга олган ҳолда, реализация қилиш ва етказиб бериш тартибини назарда тутувчи Ҳукумат қарори лойиҳасини киритсин. 

5. Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги: 

икки ой муддатда электрон тижорат соҳасида давлат миқёсидаги ижтимоий аҳамиятга эга лойиҳаларни молиялаштириш механизмини инобатга олган ҳолда Ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш жамғармаси тўғрисидаги Низомга ўзгартиришлар киритсин; 

мижозларни мобиль алоқа рақамига боғлиқ ҳолда масофадан идентификация қилиш механизмининг самарали ишлашини таъминлаш мақсадида 2018 йил якунига қадар мобиль алоқа тармоғи абоненти бошқа мобиль алоқа тармоғига ўтганда телефон рақамини сақлаб қолиш тартибини ишлаб чиқсин ва тасдиқласин. 

6. Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, Давлат божхона қўмитаси, Давлат солиқ қўмитаси икки ой муддатда электрон дастурий маҳсулотлар, ахборот маҳсулотларидан фойдаланиш ҳуқуқини расмийлаштириш, шу жумладан, “булутли технологиялар” хизматини харид қилиш ва унга обуна бўлишнинг бухгалтерия ҳисобини юритиш ва божхона расмийлаштируви (декларациялаш) тартибини назарда тутувчи Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қарори лойиҳасини киритсин. 

7. Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси Марказий банк 
билан биргаликда 2018 йил якунига қадар мобиль телефонлар (планшетлар) қўлланилишини инобатга олган ҳолда банк карталари ва нақд пул тўловларини қабул қилувчи ягона қурилмаларни (E-POS терминал ва онлайн НКМ бир қурилмада) жорий этиш бўйича зарур чоралар кўрсин. 

8. Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, Адлия вазирлиги ва Давлат солиқ қўмитасининг 2018 йил 1 июлга қадар муддатда Электрон тижорат иштирокчиларининг миллий реестрини (кейинги ўринларда Миллий реестр деб юритилади) яратиш тўғрисидаги таклифлари қабул қилинсин. 

Белгилаб қўйилсинки: 

Миллий реестрни юритиш электрон шаклда онлайн режимда амалга оширилади; 

Миллий реестрга ихтиёрий ва бепул асосда товар (хизмат)ларни электрон тижорат орқали сотишдан олган даромадлари умумий сотилган товарлар (хизматлар) ҳажмининг камида 80 фоизини ташкил этувчи, шу жумладан, электрон тижоратда электрон савдо майдончалари, товарларни етказиб бериш, электрон ҳужжатлар ва хабарларни сақлаш хизматларини кўрсатувчи юридик шахслар ва хусусий тадбиркорлар киритилади. 

9. Миллий реестрни шакллантириш, юритиш ва келгусида ривожлантириш вазифаси Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ҳузуридаги “Электрон ҳукумат” тизимини ривожлантириш марказига юклатилсин. 

10. Миллий реестрни юритишнинг асосий вазифалари этиб қуйидагилар белгилансин: 

электрон тижорат иштирокчилари тўғрисидаги ягона электрон ахборот банкини яратиш; 

электрон тижоратни жорий этиш ва ривожлантириш ҳолатининг тизимли мониторингини олиб бориш ва баҳолаш, шу жумладан, ахборот тизимлари ва ресурсларини жорий қилишнинг самарадорлигини ўрганиш; 

электрон тижоратни самарали ривожлантириш учун мақсадли таҳлилини олиб бориш ва амалдаги қонун ҳужжатларини такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш. 

11. Белгилансинки, Миллий реестрга киритилган юридик шахслар ва хусусий тадбиркорлар 2 фоиз ставка бўйича ягона солиқ тўловини тўловчилар ҳисобланади. 

12. 2018-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасида электрон тижоратни ривожлантириш дастури иловага мувофиқ тасдиқлансин. 

13. Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, Давлат божхона қўмитаси, Давлат солиқ қўмитаси манфаатдор идоралар билан биргаликда бир ой муддатда қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартиш ва қўшимчалар тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин. 

14. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Президенти Давлат маслаҳатчисининг биринчи ўринбосари Б.М.Мавлонов зиммасига юклансин. 


Ўзбекистон Республикаси Президенти                                     Ш.МИРЗИЁЕВ 

Тошкент шаҳри, 2018 йил 14 май 

O‘zLiDePнинг Facebook ва Instagramдаги расмий саҳифаси ҳамда Telegram’даги каналига аъзо бўлиб, сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг!

  • Кўрилди
    1984
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Билдирилган фикрлар

Имомов Муроджон Учкуприк туман Кенгаши Еркин ХИЧФ БПТ раиси2018-05-16 10:10:05

Президентимиз худди бизнинг дардимизни,шикоятимизни эшитгандек,бизга керакли булган Карорни чикардилар.Мамлакатимиз иктисодиети бунданда ривожланиб кетишига асосий сабаблардан бири шу Карор булади деб уйлайман.


Сергели туман Кенгаши O'zLiDeP фаоли Мухамедов Умид2018-05-16 09:37:01

Президентимиз биз тадбиркорга кенг имкониятлар яратмокдалар. Улар халк дардидан келиб чиккан холда сиёсат олиб бормокдалар.


Жалолхон Тайлок туман БПТ раиси2018-05-15 18:52:19

Президентимизнинг мазкур карорлари тадбиркорликни жадал ривожлантириб, ракоботбордош махсулотлар ишлаб чикарилишига, ишбилармонлар ва тадбиркорларни бевосита ички ва ташки бозорга олиб чикади ва юртимизнинг экспорт салохиятини оширишга хизматкилади.


А.Дуйсенов- Универсал коньсалтинг МЧЖ кошидаги БПТ раиси 2018-05-15 16:55:17

Мамлакатимизда электрон тижоратни ривожлантириш учун инфратузилма ва қулай муҳитни шакллантириш, меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар, халқаро ҳамкорликни йўлга қўйиш, крипто-валюталар, блокчейн технологиялари ва электрон тижорат бўйича бошқа таклифларни тақдим этиш имконияти яратилди.


Юлдаш Маткаримов- O`zLiDeP Тўрткўл туман Кенгаши аппарат рахбари2018-05-15 16:20:24

Ушбу Қонуннинг асосий вазифалари фуқароларнинг тадбиркорлик фаолиятида эркин иштирок этиши ва ундан манфаатдор бўлиши учун кафолатлар ҳамда шароитлар яратишдан, уларнинг ишчанлик фаоллигини оширишдан, шунингдек тадбиркорлик фаолияти субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишдан иборат.


Чилонзор туман Кенгаши Мухримов Абдунаби 2018-05-15 15:55:27

Реестрга киритилган юридик шахслар ва хусусий тадбиркорлар 2 % ставка бўйича ягона солиқ тўлов тадбиркорлар учун жуда яхши яратилган имкониятдир.


Гурлан туман "Давлат хизматлари" маркази БПТ раиси Жуманиязов Хушнуд2018-05-15 15:52:16

Технологиялар асрида ушбу карор жуда мухим рол уйнайди. Юртимзда тадбиркорларга берилаётган имтиёзлар ва қулай шарт шароитлар яратиш ўз махсулотини дунё бозорига олиб чиқиш имконини беради.


Айбек Матчанов- Тўрткўл туман Кенгаши депутатлик гурухи рахбари 2018-05-15 15:48:04

Замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлар иқтисодиёт тармоқларини рақамлаштиришда, шу жумладан, электрон тижоратни ривожлантиришда муайян натижаларга эришиш имконини берди.


Шарипова Дилбар Худайбергеновна КР Элликқалъа тумани Кенгаш аппарат рахбари2018-05-15 15:45:06

Бу карор тадбиркор учун биринчи навбатда вактни тежайди, тижоратни электрон тразда амалга оширади бу тадбиркорликни ривожлантиришга хисса кушади.


Қорақалпоғистон Республикаси, Нукус ш, Қ.Бекназаров2018-05-15 15:44:59

Президентимизнинг тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқий манфаатларини ҳимоя қилиш, қулай бизнес муҳитни яратиш ва фаолиятларини соддалаштириш борасидаги ҳаракатлари бизнинг партиямиз учун янги йўл очиб бермоқда. Партия ушбу қарордан келиб чиқиб тадбиркорлар учун янги механизмлар яратиш керак бўлади. Шунингдек, ҳозирда ахборот-технологиялар даврида тадбиркорларни интернет тармоғидан фойдаланиш ва компьютер саводхонлиги ошириш учун махсус курсларда бепул ўқитиш керак.


Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+