Фарғона: истиқболли режаларнинг амалий натижаси

29.06.2018, 11:05

 Раҳматулло Камолов
Раҳматулло Камолов

O‘zLiDeP Фарғона вилоят Кенгаши раиси

Хабарингиз бор, бугун давлатимиз раҳбари жойларда ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг бориши, амалга оширилаётган бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари, янги лойиҳалар билан танишиш, халқ билан мулоқот қилиш мақсадида Фарғона вилоятига ташриф буюрди.

Эслатиб ўтиш жоиз, бундан роппа-роса бир йил аввал Президентимиз мазкур вилоятга ташриф буюриб, мутасаддиларга қурилиш-бунёдкорлик ишларини кенг кўламда давом эттириш, туризм, саноат, қишлоқ хўжалиги, хизмат кўрсатиш ва сервис соҳаларини жадал ривожлантириш, аҳоли учун муносиб турмуш шароити яратиш юзасидан тегишли топшириқлар берган эди. Таъкидлаш жоизки, ўтган бир йил мобайнида мазкур топшириқлар ижроси доирасида улкан ишлар амалга оширилди. Вилоятда янги саноат корхоналари, тадбиркорлик субъектлари ташкил этилди. Маҳсулот ишлаб чиқариш ва экспорт ҳажми ошди. Замонавий уй-жойлар, инфратузилма объектлари бунёд этилди.

Биламиз, Фарғона тадбиркорлик соҳасида ўзига хос мактаб яратган вилоятлардан саналади. Айнан шу соҳада рўй берган ўзгаришлар ушбу қатлам манфаатларини ифода этиб келаётган O‘zLiDeP учун ғоят муҳим аҳамият касб этади.

Агар рақамларга мурожаат қиладиган бўлсак, вилоят иқтисодий салоҳиятини янада ошириш, хорижий инвестицияларни жалб этиш борасида аниқ чора-тадбирлар белгилаб олинган. 2018 йилги минтақавий инвестиция дастури доирасида 285 лойиҳа амалга оширилиши режалаштирилган бўлиб, бугунга қадар 35 лойиҳа ҳаётга тадбиқ этилди. Айни пайтда вилоятда 212 қўшма корхона фаолият кўрсатаётган бўлиб, жорий йилнинг ўтган даврида 45 та хорижий сармоя иштирокидаги корхона рўйхатга олинган.

Вилоятда 2018 йил учун ҳудудий тасарруфдаги хўжалик субъектларига жами 189 миллион долларлик экспорт прогнози белгиланган бўлиб, шундан 38 миллион доллари саноат ва 151 миллион доллари мева-сабзавот маҳсулотлари ҳисобига тўғри келади. Бу тадбиркорлар учун экспортга кенг йўл очилганидан далолат беради албатта.

Барча соҳаларда ушбу факт ва рақамларни  узоқ давом эттириш мумкин. Лекин, бир нарса аниқки, Шавкат Мирзиёевнинг сайловолди дастурида мамлакатимизнинг ҳар бир ҳудудини ривожлантириш, иқтисодиётни модернизация ва диверсификация қилиш, улкан бунёдкорлик ишларини амалга ошириш, аҳоли ҳаёт даражасини юксалтириш борасида аниқ режа ва мақсадлар баён этилган эди. Бугун ушбу истиқболли режалар жойларда ўзининг амалий тасдиғини топаётганини барчамиз бирдек ҳис этиб турибмиз.


  • Кўрилди
    1316
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+