Давлатимиз раҳбари чинакам халқона суҳбатдошга айландилар

18.06.2021, 18:23

Давлатимиз раҳбари чинакам халқона суҳбатдошга айландилар

Президентимиз халққа, тадбиркорларга камарбасталикни амалда ҳар қадам исботлаб келмоқдалар. Вилоятимизга ташрифи чоғида ҳам айни елкадошлик яққол намоён бўлди.

Ташрифни Избоскан туманининг олис “Қўғай” маҳалласида бунёд этилган “And gold” тикув-трикотаж корхонаси фаолияти билан яқиндан танишишдан бошлаган давлатимиз раҳбарининг чинакам халқона суҳбатдошга айланганларига гувоҳ бўлдик. Бу ерда меҳнат қилаётган хотин-қизлар билан самимий фикр алмашаркан, уларнинг “Қачон аёл ишли бўлиб кайфияти яхши бўлса, оиласи ҳам бахтди бўлади”, деган сўзларидан биз ҳам тўлқинландик.

Ушбу корхона фаолиятига назар ташласак. O’zLiDeP тадбиркори, “Соҳиб омад барака” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Эркин Наралиев томонидан жорий йилда ишга туширилган мазкур ишлаб чиқариш корхонаси киймати 2 миллион 500 минг АҚШ долларини ташкил этувчи лойиҳа асосида барпо этилган. Корхона йилига 3 миллион 500 минг дона трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқариш қувватига эга.

Партиямиз тадбиркори томонидан чекка ҳудудда амалга оширилган бундай бунёдкорлик Президентимиз томонидан алоҳида эътироф этилганидан мамнун бўлдик. Аслида ишбилармоннинг ютуғи замирида тинимсиз меҳнат, фидойилик билан қилинган изланиш турганини ҳис қилдик. Давлатимиз раҳбари томонидан фаолиятига берилган ижобий баҳони партиямизда бирлашган мана шундай андижонлик ёниқ қалбли тадбиркорларга берилган эътироф деб қабул қилдик. 

Хуршидахон ХАЛИЛОВА,

O’zLiDeP Андижон вилоят Кенгаши раиси,

халқ депутатлари вилоят кенгаши депутати

***

Андижон вилояти азалдан аҳоли зич жойлашган ҳудудлиги билан ажралиб туради. Табиийки, бу шароитда уй-жой масаласи ҳам долзарблик касб этади. Президентимизнинг вилоятимизга ташрифи чоғида айни муаммо эътибордан четда қолмаганидан хурсанд бўлдик.

Давлатимиз раҳбари ўтган галги ташрифлари давомида ҳам бу масалага алоҳида ёндашиб, Андижон туманидаги адирликларда янги шаҳар қуриш ташаббусини илгари сургандилар. Ташаббус ташаббуслигича қолиб кетмади, тез фурсатда туркиялик мутахассислар ҳамкорлигида лойиҳа ишлаб чиқилганди. Ушбу лойиҳа тақдимоти 12 апрель куни бўлиб ўтганди.

Куни кеча 17 июнь куни эса давлатимиз раҳбари раҳнамолигида мазкур янги шаҳар қурилишига тамал тоши қўйилди. Президентимиз сўзи билан айтганда, “бу қурилиш халқимиз бунёдкорлигини намоён этадиган тарихий воқеа” бўлди.

Келгусида қурилишлар ниҳоясига етиб, уй-жойлар фойдаланишга топширилганда, янги шаҳарчадаги 130 мингдан ортиқ хонадонли кўп вақатли уйларда 450 мингдан зиёд андижонликлар истиқомат қилади.

Ўзим ҳам қурилиш соҳаси мутахассиси бўлганим боис, янги шаҳар лойиҳаси билан қизиқдим. Лойиҳа 8 босқичда амалга оширилиши кўзда тутилган. Умумий майдони 4 минг гектар бўлган янги шаҳарнинг 2 минг гектарида уй-жойлар, ижтимоий объектлар, саноат зоналари, хизмат ва сервис объектлари бунёд этилади.

Президентимиз шу жараёнда андижонликларнинг билими ва матонати катта эзгу ишларга қодирлигини айтганда, Андижоннинг бир қурувчи қизи, эрка фарзанди, зиммасида сайловчилари масъулияти турган депутати сифатида тўлқинланиб кетдим. Ташриф олдимизга қурилиш соҳасида ҳам, депутатлик соҳасида катта вазифалар ижросига масъулликни қўйгани бизни янада ғайрат ва фидойилик билан ишлашга ундайди.

Давлатхон ҚОДИРОВА,

халқ депутатлари Андижон

шаҳар кенгаши депутати,

“Азимут строй” МЧЖ раҳбари

***

Президентимизнинг вилоятимизга навбатдаги ташрифи олдимизга жуда кўплаб вазифаларни қўйди. Андижоннинг бугунги ҳолати, уни ҳар томонлама ривожлантириш сари янги муваффақиятларга эришиш, янги ислоҳотларни амалга ошириш йўли билан дадил бориш кераклигини англатди.

“Андижоннинг бирини икки қилиш учун яна қандай ўсиш нуқталари бор, одамларни қийнаётган нима муаммолар бор, деб савол қўйиб, уларга чора топиш зарур” дея таъкидлаган давлатимиз раҳбаримиз бу билан биринчи навбатда биз депутатларни янада масъулиятли, янада ёниқ қалбли, янада шижоатли, янада халққа камарбаста бўлишга чақирди.

Вилоят мутасаддилар, фаоллар, депутатлар билан ўтказилган йиғилиш долзарб муаммоларга ечим излагани билан аҳамиятли бўлди. Иқтисодиёт тармоқларини ривожлантириш, камбағалликни қисқартириш, иш ўринлари яратиш масалаларини қамраб олган мазкур йиғилишда вилоятнинг “ўсиш нуқталари” сифатида – ҳунармандчилик, томорқа ва иссиқхона хўжалиги, боғдорчилик, гулчилик, паррандачилик каби йўналишлар қайд этилди.

Энг муҳими ушбу ўсиш нуқталарига масъул этиб ҳар бир маҳаллага салоҳиятли тадбиркорларнинг бириктирилгани бўлди. Бу билан эндиликда ҳар бир маҳаллада ўз-ўзидан тажриба мактаби яратилади. Маҳаллаларда ўз-ўзидан ишбилармонлик муҳитини яратишда “Ким ўзар”га беллашувлар бошланиши табиий.

Яна бир қувончли жиҳат шу бўлдики, Президентимиз томонидан жорий йилда вилоятимиз ўрта ва кичик бизнесини қўллаб-қувватлаш ҳамда инвестиция лойиҳаларини молиялаштириш учун Тикланиш ва тараққиёт жамғармасидан қўшимча равишда 100 миллион доллар ажратилишининг белгилангани вилоятнинг иқтисодий ўсиши учун келгусида салмоқли ва мустаҳкам пойдевор бўлишига хизмат қилади.

Шунингдек, давлатимиз раҳбари томонидан қайд этилганидек, шу йилнинг ўзида Асака туманидаги “Асака текстиль”, Жалақудуқ туманидаги “Зумрад текстиль” корхоналарида янги қувватлар, Хўжаобод туманида цемент заводи ва қурилиш материаллари кластери, “Андижон-фарм” эркин иқтисодий зонасида шприц корхонаси ишга туширилиши билан вилоят аҳли вакилларининг, биринчи навбатда, бандлик муаммоси имкон қадар бартараф этилади. Ва албатта, иқтисодий тараққиёт, импорт ва экспорт салоҳияти ошади.

Тоҳиржон АҲМАДАЛИЕВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

O'zLiDeP фракцияси аъзоси

  • Кўрилди
    413
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Рўйҳатга ўтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+