Пойтахтимиз иссиқлик таъминоти тизими юксак ривожланган давлатларникидек бўлади

03.08.2021, 17:37

Пойтахтимиз иссиқлик таъминоти тизими юксак ривожланган давлатларникидек бўлади

Мамлакатимиздаги аҳоли турмуш сифати таъминланиши билан боғлиқ барча  тармоқ, йўналишлар Президентимиз доимий диққат-эътиборида. Ўтган беш йил ичида жуда кўп ижтимоий-иқтисодий масалалар ҳал қилинди, халқимиз фаровонлигига хизмат қилувчи кўплаб ишлар амалга оширилди. Яқин кунларда эса иссиқлик таъминотини яхшилашга йўналтирилган чора-тадбирлар амалга татбиқ қилиниши бошланади.        

Давлатимиз раҳбари шу йил 2 август куни Тошкент шаҳрида иссиқлик таъминоти тизимини модернизация қилиш лойиҳаси тақдимоти билан танишди.

Тошкент аҳоли сони жиҳатидан ҳам, иссиқлик тармоқларининг кўлами бўйича ҳам Ўзбекистоннинг энг катта шаҳридир. Лекин магистрал ва тарқатиш тармоқларнинг 72 фоизи, марказий қозонхоналарнинг ҳаммаси, маҳаллий қозонхоналарнинг 90 фоизи эскирган. Хизмат сифати пастлиги аҳолининг жиддий эътирозларига сабаб бўлмоқда.

Шу боис 2019 йил 2 декабрда «Тошкент шаҳрининг иссиқлик таъминоти тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» Президент қарори қабул қилиниб, тизимда бозор тамойиллари ва давлат-хусусий шерикликни жорий этиш бўйича вазифалар белгиланган эди.

Ўтган даврда бу борада лойиҳа концепцияси тайёрланиб, таклифлар олиш учун танлов эълон қилинди. Осиё тараққиёт банкининг хулосасига кўра, Франциянинг Veolia компаниясининг лойиҳаси энг самарадор деб топилди. Шу кунларда Тошкент шаҳар ҳокимлиги билан компания ўртасида хусусий шериклик шартномаси имзоланиши кутилмоқда.

1,4 млрд евро эвазига 181 та иссиқлик қозонхонаси модернизация қилиниши, 28 мингта иссиқлик пункти ўрнатилиши, 841 километр тармоқ реконструкция қилиниб, 576 километр тармоқ янгидан қурилиши режалаштирилган. Шунингдек, 391 та махсус автомашина ва бошқа ускуналар сотиб олинади. Халқаро даражадаги техник аудит ва биллинг тизими жорий этилади.

Президент таклиф этилаётган лойиҳани Тошкент шаҳридаги мавзелардан бирида намуна сифатида жорий этиб, самарадорлигини тажрибадан ўтказиш, ҳар томонлама чуқур ўйлаб, қарор қабул қилиш зарурлигини таъкидлади.

Қисқаси, иссиқлик таъминоти тизимини модернизациялашга жуда катта куч ва маблағлар йўналтирилмоқда. Бу улкан саъй-ҳаракатлар кутилган ижобий натижаларни бериши аниқ.  

Равшан ФОЗИЛОВ,

O'zLiDeP Тошкент шаҳар Кенгаши раиси,

Халқ депутатлари Тошкент шаҳар кенгаши депутати

  • Кўрилди
    379
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Рўйҳатга ўтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+