Янгиланиш даврига янгича тафаккур билан қадам қўяйлик

02.09.2021, 16:09

Янгиланиш даврига янгича тафаккур билан қадам қўяйлик

Жонажон Ватанимизнинг қутлуғ ўттиз йиллик тўйини нишонлар эканмиз, қалбларимиз ўзгача бир ҳаяжон ва ифтихор ҳислари билан тўлиб тошмоқда. Бу ифтихор туйғусини бизларга Истиқлол берди.

Мустақиллик ўзлигимизни, шаъну қадр-қимматимизни юксалтирди. Ҳаётимиз, турмуш тарзимиз, фикру ўйимиз, қарашларимиз, юрт эртасига ишончимиз ва эътиқодимиз мустаҳкамланди.

Президент Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 30 йиллик байрамига бағишланган тантанали маросимдаги нутқида ҳам бу ҳақда аниқ далилларга асосланган фикрлар билдирилди.

Мамлакатимиз янгиланиш даврига қадам қўйган биринчи кунлардан бошлаб очиқ, прагматик ва амалий ташқи сиёсат юритиб келинаётганлиги, ўтган қисқа даврда Ватанимизнинг минтақа ва жаҳон миқёсидаги сиёсий ўрни ва нуфузи кескин ошиб, дунёда Ўзбекистонга нисбатан ишонч руҳи ва ҳамкорликка интилиш тамойиллари кучайиб бораётгани айтилди.

Энг қувонарлиси, минтақамиздаги давлатлар билан дўстлик ва яхши қўшничилик муносабатлари йўлга қўйилганидир.

Чегаралар очилгани, одамлар қавму қариндошлари билан алоқаларини тиклаб, бир мамлакатдан иккинчи давлатга эмин-эркин бориб келаётгани халқларимизнинг юрт истиқболи ва тараққиётига бўлган эътиқодини янада юксалтирди.

Ўтган даврда Россия, Хитой, Жанубий Корея, Япония, Туркия, Бирлашган Араб Амирликлари ва бошқа мамлакатлар билан самарали битим ва келишувларга эришилгани, Америка Қўшма Штатлари ва Ғарб давлатлари билан прагматик ҳамкорлик сари янги қадамлар ташланаётгани Ўзбекистонни дунё сари юзланаётгани ва дунё ҳам юртимизга интилаётганини кўрсатмоқда.

Жонажон юртимиздаги бу янгиланишлар бардавом бўлсин! Барча юртдошларимизни Ватанимизнинг қутлуғ 30 йиллик шодиёнаси билан қутлар эканман, Янги Ўзбекистонни барпо қилишда биргаликда, ҳамжиҳатликда ҳаракат қилайлик, дейман. Яна бир карра энг улуғ, энг азиз айёмимиз барчангизга қутлуғ бўлсин!

Дилбар Усмонова,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати.

***

Мустақиллик халқимизнинг бахту иқболи, шаъни, қадр-қиммати, ҳуқуқи ва эркинлигидир. Ана шу улуғ неъматдан баҳра олаётганимизга мана 30 йил тўлди. Бу улуғ байрамни халқимиз ўзгача шоду хуррамлик билан нишонламоқдалар. Куни кеча халқимизнинг фахру ғурури тимсоли сифатида қад ростлаган “Янги Ўзбекистон” мажмуаси очилганини кўриб, жуда қувондим. Президент Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 30 йиллик байрамига бағишланган тантанали маросимдаги нутқида эътироф этилган ҳаётбахш фикрларни эшитганимда эса юрагимда фахр туйғулари уйғонди.

Албатта, тан олиш керак, Мустақиллик йилларида барча соҳаларда бўлгани каби тиббиёт соҳаси ҳам жадал ривожланиш босқичига ўтди. Биргина мисол: 2016 йилда мавжуд бўлган 800 та “Тез ёрдам” шохобчасининг сони бугунга келиб 1 минг 666 тага етказилди. Тез тиббий ёрдам бригадалари сони эса 1 минг 648 тадан 2 минг 685 тага кўпайтирилди. Илгари кўплаб юртдошларимиз мураккаб тиббий операцияларни ўтказиш учун чет элларга боришга мажбур эди.
Кейинги йилларда тиббиёт соҳасини ривожлантиришга оид ислоҳотлар натижасида бундай амалиётлар энди ўзимизда ҳам муваффақиятли амалга оширилмоқда.

Мана, олайлик, Республикамиз аҳолисига ихтисослашган тиббий ёрдам кўрсатаётган марказлар сони 2016 йилда 10 тани, уларнинг ҳудудий филиаллари эса атиги 2 тани ташкил этарди. Бугунги кунда бундай марказларнинг сони 20 тага етказилди, жойларда эса 124 та филиал фаолияти йўлга қўйилди. 2021 йил учун давлат бюджетида 3 триллион сўм захира шакллантирилиб тиббиёт соҳасининг жавокаш, аҳоли соғлиғини сақлаш ва коронавирусга қарши эмлаш чоралари кўрилаётгани халқимизни тезкор ва самарадор, сифатли тиббий ёрдам билан таъминлашга қаратилган ислоҳотлар изчил давом эттирилаётганидан далолат бермоқда.

Тиббиёт соҳаси вакилларини, улар тимсолида барча юртдошларимизни Мустақиллигимизнинг 30 йиллиги билан табриклаб, оилаларига қут-барака, ўзларига битмас-туганмас соғлик-саломатлик тилайман.

Мавлуда Ибрагимова,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

O'zLiDeP фракцияси аъзоси

***

Президент Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 30 йиллик байрамига бағишланган тантанали маросимдаги нутқида миллий иқтисодиётимизда ҳақиқий бозор муносабатларини жорий этиш, шу асосда мамлакатимизни тараққий эттириш учун тадбиркорларга бундан буён ҳам барча шароитларни яратиб бериш борасида фикрлар билдирилди. Нега деганда, тадбиркор – иқтисодиётнинг, ислоҳотларимизнинг асосий таянчи ва локомотиви, мана шу ҳақиқатни ҳеч ким унутмаслиги керак, дея таъкидланди.

Ватанимизнинг 30 йиллик қутлуғ тўйи нишонланаётган шу кунларда мамлакатимизда кўплаб йирик инвестициявий лойиҳалар амалга оширилаяпти. Жумладан, яқинда Олмалиқ кон-металлургия комбинатининг қиймати 2 миллиард АҚШ долларига тенг бўлган 3-мис бойитиш фабрикаси қурилишига тамал тоши қўйилгани, Навоий вилоятининг Кармана туманида 110 миллион доллар инвестиция ҳисобидан қуёш электр станцияси ишга туширилгани, “Навоийазот” акциядорлик жамиятида иккита янги завод – азот кислотаси ҳамда аммиак ва карбамид ишлаб чиқариш корхоналари фаолияти йўлга қўйилгани сўзимизга яққол мисол бўла олади.

Бундай муҳим воқеалар миллий саноатимиз тарихида янги давр бошланаётганидан далолат беради. Юртимизда кичик ва хусусий бизнес субъектлари икки баробар кўпайиб, соҳада 1 миллион 400 мингта янги иш ўрни яратилди. Бу корхоналарнинг ярмидан кўпроғи кейинги уч йилда ташкил этилгани алоҳида аҳамиятга эга. Тадбиркорлик фаолиятини эркинлаштириш мақсадида 16 та қонун, 100 дан зиёд қарор қабул қилинди. Ўтган бир йил давомида лицензия ва рухсатномаларни расмийлаштириш тартиби соддалаштирилди ҳамда уларни бериш муддатлари қисқартирилди.
Тадбиркорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мақсадида барча текширувлар учун мораторий эълон қилинди.

Президентимиз нутқида айтилган бу имтиёз ва енгилликлар мамлакатимизда тадбиркорликни янада авж олишида муҳим аҳамият касб этади. Энг улуғ, энг азиз байрамимиз Мустақиллигимизнинг 30 йиллиги билан юртдошларимизни қизғин табриклар эканман, Янги Ўзбекистонни барпо этиш йўлида ҳар бирингизга қуч-қувват ва муваффақиятлар ёр бўлишини тилайман.

Ҳазратқул Хўжамқулов,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати.

  • Кўрилди
    490
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Рўйҳатга ўтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+