Умумманфаатларга хизмат қилувчи ҳаётий долзарб ташаббуслар илгари сурилди

26.01.2022, 17:35

Умумманфаатларга хизмат қилувчи ҳаётий долзарб ташаббуслар илгари сурилди

 Хабарингиз бор давлатимиз раҳбари шу йилнинг 25 январь куни Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпин ташаббуси билан дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 30 йиллигига бағишлаб ташкил этилган Марказий Осиё ва Хитой давлат раҳбарларининг видеоанжуман шаклидаги учрашувида қатнашди.

Саммитда Президентимиз нутқ сўзлаб умумманфаатларга хизмат қилувчи қатор ташаббусларни илгари сурди. Хусусан, мамлакатимиз етакчиси тўсиқларсиз савдони таъминлаш ҳамда саноат кооперацияси ва маҳаллийлаштиришнинг умумий маконини шакллантиришга қаратилган Янги “Хитой – Марказий Осиё” иқтисодий мулоқот стратегиясини ишлаб чиқиш ташаббуси билан чиқди.  Шунингдек, “Хитой – Марказий Осиё” йўналишида узлуксиз юк оқимини таъминлаш ва трансминтақавий логистика тармоқларини ривожлантириш учун тизимли ечимлар ишлаб чиқиш муҳим экани қайд этилди. “Хитой – Қирғизистон - Ўзбекистон” темир йўлини барпо этиш лойиҳасини амалга оширишни жорий йилдаёқ бошлаш таклифи билдирилди.

Айтиш керакки ушбу амалий ташаббуслар келгусида минтақамиздаги мавжуд ва янги транспорт йўлакларидан унумли фойдаланиш, минтақалараро транзит хабларини ташкил этиш, замонавий транспорт ва йўл инфратузилмаларини ривожлантириш, транспорт ва транзит тарифларини оптималлаштириш, соҳага рақамлаштиришни татбиқ этиш борасида бошланган ва давом этаётган ишларни янги босқичга олиб чиқишига шубҳа йўқ.

Ҳам шифокор ҳам депутат сифатида саммитда соғлиқни сақлаш ва юқумли касалликларга қарши кураш соҳасидаги ҳамкорлик борасида билдирилган фикр-мулоҳазаларга эътибор қаратмоқчиман.  Давлатимиз раҳбари томонидан вакциналар ишлаб чиқиш, синаш ва ишлаб чиқаришда Хитой билан шерикликни давом эттиришга тайёрлик билдирилди. Шунингдек, Ўзбекистон мамлакатларимиз ўртасида одамлар ва товарлар ҳаракатини енгиллаштириш мақсадида вакцинация паспортларининг ўзаро тан олиниши тарафдори эканлиги айтилди.

Бу шу кеча-кундузда бир ёқадан бош чиқариб ҳал этилиши керак бўлган ниҳоятда муҳим ташаббус десак хато бўлмайди.  Тўғри коронавирус ҳали чекингани йўқ. Лекин ушбу касалликни бутунлай кетишини кутиб ўтириш ҳам ўзини оқламайди. Вирусга нисбатан ҳар бир давлат озми кўпми кўникма ва тажрибага эга. Чегараларни бутунлай ёпиш билан касалликни қисман жиловласа бўлади, лекин бу йўл одамлар ва товарлар ҳаракатини чеклаб қўйишини унутмаслик керак. Бу эса ўз-ўзидан иқтисодиётга сезиларли зарар келтириши мумкин. Шу маънода давлатимиз раҳбари илгари сурган ташаббус пандемия шароитидан келиб чиқиб биргаликда оқилона ҳаракат қилишга қаратилгани билан аҳамиятлидир.

Дилбар УСМОНОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

O'zLiDeP фракцияси аъзоси.

  • Кўрилди
    249
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Рўйҳатга ўтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+