Аёлларнинг дарди билан яшайдиган янги тизимни ҳаётга тадбиқ этишда масъулмиз

02.03.2022, 18:21

Аёлларнинг дарди билан яшайдиган янги тизимни ҳаётга тадбиқ этишда масъулмиз

Кеча давлатимиз раҳбари раислигида хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш тизими ҳамда уларнинг жамиятдаги мавқейини янада мустаҳкамлаш масалалари бўйича ўтказилган видеоселектор йиғилишида илгари сурилган ҳаётий ташаббуслар юртимиздаги миллионлаб опа-сингилларимиз қатори мени ҳам қувонтирди. Сабаби йиғилишда Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси доирасида барча хотин-қизларни бирдек қамраб олишга қаратилган янги тизим жорий этилмоқда.

Мазкур тизимнинг мазмун-моҳияти ҳақида кенгроқ мушоҳада юритадиган бўлсак, эндиликда хотин-қизларнинг оила ва жамиятдаги ўрнини янада мустаҳкамлаш борасида белгиланган устувор вазифаларни тизимли, ҳар бир маҳалла кесимида амалга ошириш билан янги ташкил этилган Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси шуғулланади. Эътиборга молик жиҳати юртимиздаги 9 минг 309 та маҳалла раисининг хотин-қизлар ва оила бўйича ўринбосари лавозимлари ҳам қўмита тизимига ўтказилади ҳамда ҳар бир маҳаллада хотин-қизлар фаоли лавозими янгидан жорий қилинади. Улар марказдан тортиб энг олис ҳудудлардаги аёлларнинг дарди билан яшайди, уларни эшитади ва муаммоларини ҳал қилишга кўмаклашади.

 Йиғилишда қизларнинг яхши таълим олиши, касб-ҳунар эгаллаши ҳамда улар учун таълим шароитларини кенгайтириш бўйича тарихий қарорлар қабул қилингани диққатга сазовордир. Жумладан, 2022-2026 йилларга мўлжалланган Хотин-қизлар таълимини қўллаб-қувватлаш дастури ишлаб чиқилади. Дастур доирасида, пойтахтимизда асосан хотин-қизларни ўқитиш учун давлат-хусусий шерикчилик асосида тўқимачилик соҳасида алоҳида университет ташкил этилади. Пахта-тўқимачилик ва пиллачилик кластерлари иштирокида жойларда университетнинг техникумлари ҳам очилади.

Янги ўқув йилидан бошлаб, таълим контрактларини тўлаш учун қизларга илк маротаба 7 йил муддатга фоизсиз кредит бериш жорий қилинади. Шунингдек, келгуси ўқув йилидан бошлаб, магистратурада ўқиётган қизларнинг контракт пуллари тўлиқ бюджетдан қоплаб берилади. Шунингдек, эҳтиёжманд оила вакиллари, ота ёки онасини йўқотган талаба қизларнинг таълим контракти маҳаллий бюджетдан тўланади. Қолаверса, жамиятимизда олима аёллар улушини сезиларли ошириш учун докторантура йўналишида хотин-қизлар учун ҳар йили камида 300 тадан мақсадли квота ажратилади.

Бу ҳаётий қарорларни тўла қўллаб-қувватлайман ва опа-сингилларимизни мазкур имкониятлардан унумли фойдаланишга чорлайман. Бинобарин қиз бола олий маълумотли бўлса, қанчалик билим ва салоҳият олса, буни келгусида фарзандларига ҳам беради, ҳар томонлама баркамол авлодни вояга етказиш масаласига масъулият билан ёндашади. Юртнинг келажаги эса мана шундай дунёқарашга эга оналар томонидан яратилади.

Видеоселектор йиғилишиида давлатимиз раҳбари томонидан ҳар бир йўналишда вазифа ва уни амалга ошириш механизмлари аниқ белгилаб берилди. Мана масалан, эҳтиёжманд хотин-қизлар бандлигини таъминлаган тадбиркорларга кўплаб солиқ ва савдо имтиёзлари бериладиган бўлди. Қолаверса, 2022-2024 йиллар учун «Бизнес аёллар» дастури қабул қилиниши белгиланди. Унинг ижросига жами 8 триллион сўм йўналтирилади. Аёллар учун тадбиркорлик курслари ташкил этилади, имтиёзли кредитлар тақдим этилади.

 Аёлларнинг ҳуқуқий ҳимоясини кучайтириш бўйича ҳам тизимли вазифлар белгилаб берилди. Хусусан, тазйиқ ва зўравонликка учраган аёлларнинг ҳуқуқий ҳимояси суд томонидан таъминланиши, алоҳида ҳимояга олиш бир йилгача белгиланиши белгиланди.

Умуман олганда йиғилишда хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасида ҳеч бир масала эътибордан четда қолмади. Бу устувор вазифалар ижросини таъминлаш биз депутатлар зиммаисига ҳам алоҳида масъулият юклайди. Биринчи галда жойларда сайловчилар билан учрашувларга чиққанимизда  белгиланган вазифаларнинг мазмун-моҳиятини хотин-қизларга кенгроқ тушунтиришимиз, керак. Яна бир муҳим вазифамиз, йиғилишда илгари сурилган ташаббусларни ижросини депутатлик назоратига олишимиз зарур.

Шаҳноза Холмаҳматова,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги

O'zLiDeP фракцияси аъзоси 

  • Кўрилди
    376
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Рўйҳатга ўтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+