Инсонийлик, меҳр-оқибат ва бағрикенглик айёми

24.03.2022, 10:58

Инсонийлик, меҳр-оқибат ва бағрикенглик айёми

Яшариш ва янгиланиш фасли – Наврўзи олам ўзининг маъно-мазмуни, кўрку таровати, теран фалсафаси билан бошқа байрамлар орасида алоҳида ўрин тутади. У жуда қадимий байрамлардан бири бўлиб, ушбу айём янги йил, янги кун элчисидир.

Ўзбекистон халқ шоири Абдулла Орипов айтганидек,

Аввал юрагингга мўралайди у,

Сўнгра куртакларга ўргатади сўз.

Заминнинг кўзидан қочади уйқу,

Демак, баҳор келди,

Келмоқда Наврўз.

Бугун юртимиз бўйлаб инсонийлик, меҳр-оқибат ва бағрикенглик айёми – Наврўзи олам шукуҳи кезмоқда. Ўлкамизга баҳорнинг кириб келиши севимли шоиримиз тилга олган гўзалликлар, кўркамликлар, янгиланишларда намоён бўлмоқда. Наврўз байрамини яна кексаю ёш барча биргаликда катта шоду хуррамлик билан қарши олмоқда.

Меҳнаткаш ва олижаноб халқимиз миллий ривожланишнинг янги даврига улуғвор мақсад ва амалий ишлар билан кириб бормоқда. Буни бугун ҳар бир оила, ҳар бир маҳалла, қишлоқ ва овуллар, шаҳарларимиз мисолида ҳам кўриш мумкин.

Юртимизда юзлаб замонавий корхоналар, йўл ва коммуникация тармоқлари, шинам турар-жойлар, янги боғча ва мактаблар, олийгоҳлар ҳамда маданият масканлари, тиббиёт ва спорт иншоотлари барпо этилмоқда.

Барча ҳудудларда “Янги Ўзбекистон” боғлари, “Янги Ўзбекистон” массивларини бунёд қилиш ишлари кенг қулоч ёзди. “Обод маҳалла” ва “Обод қишлоқ” дастурлари қаторида бутун мамлакатимиз бўйлаб “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси амалга оширилаётир.

Аҳамиятлиси, ушбу бектакрор айёмда Наврўзнинг олижаноб қадриятларидан куч-қувват ва илҳом олган халқимиз маҳаллаларда ҳашарлар қилиб, кўчат ва гуллар экиб, янги-янги боғ-роғлар, сайилгоҳлар яратмоқда.

Бу йилги Наврўз хушхабарлар билан келди. Айниқса, Ўзбек пахтасидан бойкот олиб ташлангани жорий йилдан мамлакатимизда янги иқтисодий юксалиш даври бошланади, дегани. Бу ўз навбатида, мамлакатимиз пахта-тўқимачилик саноатини дунёнинг энг жозибадор тармоқларидан бирига айланишига кенг йўл очиб беради.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев Наврўз умумхалқ байрамига бағишланган тантанали маросимдаги табрик нутқида қайд этганидек, Наврўзи олам бизни табиат фарзанди бўлиб, Ватан тупроғини, она заминдаги ҳар бир гиёҳни кўзимизга тўтиё қилиб яшашга ўргатади. Наврўз ҳаммамизга инсонийлик, меҳр-оқибат ва бағрикенглик фанидан сабоқ беради.

Ушбу файзли лаҳзаларда барчамиз тинчлик ва осойишталик нақадар бебаҳо неъмат эканини, унинг қадр-қиммати ва аҳамиятини яхши англаймиз. Зеро, шу кунларда бағрикенг диёримизда миллатлараро дўстлик, ўзаро ҳурмат, саховат ва мурувват туйғулари яққол намоён бўлаётир.

Наврўз умумхалқ байрами арафасида Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан “Озодликдан маҳрум этиш жазосини ўтаётган, қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган бир гуруҳ шахсларни афв этиш тўғрисида”ги фармоннинг имзолангани халқимизга хос эзгулик, бағрикенглик, инсонпарварлик, меҳр-оқибат ва кечиримли бўлиш каби олижаноб фазилатларнинг ёрқин ифодаси бўлди.

Мазкур ҳужжатга мувофиқ, жазо муддатини ўтаётган ҳамда қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган 75 нафар шахс афв этилди. Бу шунча оилага шодлик, қувонч ва бахт кириб борди, шунча одам эъзоз топди дегани.

Буларнинг ҳаммаси инсониятга эзгу қадриятлар улашувчи, тинчлик ва бирдамликка даъват этувчи, бутун инсоният бой маданий меросининг ажралмас қисми сифатида эътироф этилган Наврўз байрами юртдошларимизга олам-олам қувонч, шодик олиб келганидан далолат беради.

Бир сўз билан айтганда, Наврўзи олам юксак маънавий қадриятларни акс эттириб, янгиланиш, тинчлик ва бирликка чорлайди, кишини. Азал-азалдан ушбу айём юртимизга шодлик ва фаровонлик олиб келган. Зотан, у эзгу интилишлар, пок орзу-умидларни ўзида мужассам этган қадимий байрамдир.

 

Актам ҲАИТОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик

палатаси Спикери ўринбосари

  • Кўрилди
    505
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Рўйҳатга ўтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+