Аниқланган муаммолар депутат назоратига олинди

28.01.2022, 15:55

Аниқланган муаммолар депутат назоратига олинди

Шу кунларда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ўз сайлов округларида бўлиб, сайловчилар билан учрашувлар ташкил қилмоқда.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Мавлуда Ибрагимова аҳолининг турли қатламлари билан тўғридан-тўғри мулоқотни кенгайтириш, мавжуд долзарб муаммоларни аниқлаш, уларни бевосита жойига чиққан ҳолда бартараф этиш мақсадида ўз сайлов округида бўлди.

Депутат дастлаб Қўқон шаҳридаги Шошилинч тез тиббий ёрдамининг реаниматология ва анестезиология бўлими фаолияти билан яқиндан танишди. Ҳозирда ушбу масканда барча шарт-шароитлар муҳайё қилинган. Бино янгидан таъмирлаб берилган. Шифокорлар ва у ерда даволанаётган беморлар учун барча қулайликларга эга бўлган замонавий тиббиёт анжомлари келтирилган бўлиб, фуқаролар учун туну-кун хизмат кўрсатиб келяпти.

Халқ вакилининг шифокорлар билан суҳбати жараёнида ютуқлар билан бирга баъзи муаммоларини ҳам тилга олиб ўтишди. Уларнинг айтишича, беморларнинг кунлик сони ортиб бораётгани лекин штатлар етишмаслиги қийинчилик туғдирмоқда. Депутат ушбу масалани ўз назоратига олди. Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасига депутатлик сўрови чиқариш орқали қўшимча штатлар ажратилиб берилишида ёрдам кўрсатишини билдирди.

Депутат Мавлуда Ибрагимова Бувайда тумани Шошилинч тез тиббий ёрдамининг реанимация бўлими фаолияти билан ҳам яқиндан танишди. Мулоқот жараёнида қатор муаммолар кўзга ташланди. Хусусан, ушбу бўлимда қўшимча штат ажратилмаганлиги, анестизиология ҳамширалари етишмаслиги, ойлик маошида тафовут борлигини шифокорлар томонидан  ҳақли эътирозлар билдирилди.

Депутат ушбу кўтарилган барча муаммоларни бартараф этиш мақсадида тегишли ташкилотлар билан боғланган ҳолда масалани ижобий ҳал қилиб беришда ваъда берди.

Бугунги кунда давлатимиз раҳбари томонидан демократик тузилма бўлган маҳалла институти имкониятларидан самарали фойдаланиш, унинг ваколатларини янада кенгайтириш, пировард натижада маҳаллани жамиятимизнинг ҳал қилувчи бўғиниѓа айлантириш борасида салмоқли ишлар амалга оширилмоқда.  Маҳалла тинч бўлса, юрт тинч бўлади. Маҳалла обод бўлса, бутун мамлакат обод бўлади. Жорий йилнинг “Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили” деб номланишида ҳам катта ҳикмат борлигини кўриш мумкин. Маҳаллада бугунги кунда барча фуқароларимиз ўз мурожаатларини билдиришади, барча масалалар ўз маҳалламизда ҳал қилинади.

Депутат Мавлуда Ибрагимова Қўқон шаҳридаги ушрашувлари давомида “Оқ олтин” МФЙ фаолиятини яқиндан ўрганди. Ҳозирда ушбу маҳалла ўз биносига эга эмас. Мана икки йилдирки маҳалла масканини қуриб беришни ваъда қилган мутасаддилар ҳали-ҳанузгача ёрдам қўлини чўзишмаяпти. Маҳалладаги саховатпеша тадбиркорлар кўмагида бинонинг ярми қурилиб, ҳозирда шу ахволга ташлаб қўйилган. Маҳалла раисининг айтишича, ушбу масалани бир неча бор тегишли ташкилотларга мурожаат билан чиқишган, лекин натижа бермаган.

Депутат маҳалла раиси билан суҳбатлашиб, ушбу муаммони ўз вақтида ҳал қилиб беришга ваъда берди. Шу куннинг ўзида депутат ҳокимликка мурожаат қилди ва тез фурсатда ижобий ечим топилишида кўмак кўрсатишини билдирди.

Халқ вакилининг сайловчилар билан учрашувлари давом этмоқда.

  • Кўрилди
    381
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+