O'zLiDeP фракцияси “Инсон қадри учун” тамойилидан келиб чиққан ҳолда Омбудсман фаолиятининг муайян йўналишлари бўйича ўз нуқтаи назарини баён қилди

16.02.2022, 09:29

O'zLiDeP фракцияси “Инсон қадри учун” тамойилидан келиб чиққан ҳолда Омбудсман фаолиятининг муайян йўналишлари бўйича ўз нуқтаи назарини баён қилди

Парламент қуйи палатасининг навбатдаги ялпи мажлиси бўлиб ўтди.

Йиғилишда айрим қонунларни қайта кўриб чиқиш, тегишли қонун лойиҳаларини муҳокама қилиш, баъзи ташкилотларнинг ўтган йилга оид ҳисоботларини эшитиш каби бир қанча муҳим масалалар муҳокама қилинди.

Хусусан, мажлис қатнашчилари эътибори дастлаб Олий Мажлис Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилининг 2021 йилги фаолияти сарҳисобига қаратилди. Ҳисоботда қайд этилганидек, Омбудсман номига жами 18 минг 738 та (2020 йилда 14 минг 975 та) мурожаат йўлланган. Омбудсман парламент назорати субъекти сифатида 11 минг 257 та мурожаатни ўз иш юритувига олиб, улардан 2 минг 517 таси ёки 23 фоизини ижобий ҳал қилишга эришди. Шунингдек, 2021 йилда Омбудсман томонидан 177 маротаба (2020 йилда 76 маротаба) мониторинг ташрифлари амалга оширилганини ҳам таъкидлаш зарур.

Биз – O'zLiDeP фракцияси, айниқса, Омбудсманнинг фуқаролар иқтисодий ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш йўналишидаги фаолиятига алоҳида диққат қаратдик. Бу борадаги 4 минг 554 та (2020 йилда 1 минг 472 та) мурожаатнинг 2 минг 773 таси иш юритувга олиниб, уларнинг 741 таси ёки 26,7 фоизи ижобий ҳал этилган. Батафсилроқ баён этадиган бўлсак, судларга 442 млн. сўм миқдоридаги меҳнат ҳақини ундиришга қаратилган 43 та даъво аризаси киритилди. 10 нафар юртдошимиз ишга тикланди. Иш жойида меҳнат қобилиятини йўқотганлиги учун 5  фуқаро фойдасига 9,2 млн. сўмлик зарар ундирилди. Шунингдек, талабгорларга 148 млн. сўмлик кредитларни расмийлаштиришда кўмаклашилди. Бундай мисоллар ҳисоботда яна кўплаб келтирилди.

Аён бўляптики, Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили юртимизда “Инсон қадри учун”, “Янги Ўзбекистон – халқчил ва инсонпарвар, адолатли давлат” тамойиллари қарор топишига муайян ҳисса қўшяпти.

Лекин шуни ҳам назардан соқит қилмаслик керак: Омбудсман ўз фаолиятида ечими топилиши зарур салбий тенденцияларга ҳам дуч келяпти. Хусусан, жисмоний ва юридик шахсларнинг иқтисодий ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлаш ҳамда тадбиркорлик фаолиятини рағбатлантиришга доир  мурожаатлар  таҳлили (бу йўналишда 2 минг 118 та шикоят ва ариза келиб тушган)  маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан хусусий мулкни давлат эҳтиёжлари учун қонунчилик ҳужжатларига зид ҳолда олиб қўйиш ҳолатлари ҳанузгача давом этаётганлигини кўрсатяпти.

Шу ҳақда сўз юритганда, мисол сифатида,  мулкдорларнинг мулки мусодара қилиниши ҳақидаги огоҳлантиришнинг олти ойлик муддатига риоя қилмаслик, объект учун компенсация маблағларини тўламай ёки қиймати бўйича тенг мол-мулкни тақдим этмай мулкдорларни мажбуран чиқариб юбориш ҳолатларини тилга олиш зарур. Баъзи маҳаллий давлат ҳокимияти органлари вакилларининг мулк эгаларига қўпол муносабатда бўлишлари аҳолининг ижтимоий кайфиятига путур етказяпти, бу эса халқ билан мулоқотни янада ривожлантириш ва тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш борасидаги ислоҳотларга зид ҳолатдир.

Парламент қуйи палатасидаги O'zLiDeP фракцияси фуқароларнинг қонуний ҳақ-ҳуқуқларини таъминлаш йўналишидаги ишларни ижобий баҳолайди. Ва, ўз навбатида, Омбудсманга хусусий мулкни, тадбиркорлик субъектлари ва фермерлар ҳуқуқларини ҳимоя қилишни таъминлаш масалаларига янада кўпроқ эътибор қаратиш, жисмоний ва юридик шахслар мурожаатларининг ҳал этилганлиги масаласини алоҳида эътиборга олиб, зарур чоралар кўриб боришни, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Халқ қабулхоналари, Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг Тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхоналари, Бизнес-омбудсман билан ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйишни, жойларда фуқаролар билан сайёр қабуллар ва учрашувларни кўпроқ ташкил этишни таклиф этади. Шунингдек, фракциянинг фикрича, хусусий мулкни ҳимоя қилиш, муносиб меҳнат шароитларига доир ҳуқуқларни таъминлашда Инсон ҳуқуқлари бўйича вакил маҳаллий давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари ҳамда фуқаролик жамияти институтлари билан ҳамкорлик янада кучайтириши мақсадга мувофиқ. Зеро, партиямиз ўз дастурий мақсадларида Ўзбекистонда яшаётган, миллати, тили ва динидан қатъи назар, ҳар бир ватандошимизнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатлари ҳимоя этилишига урғу берилган. Шунингдек, дастуримиздан ўрин олган –  2026 йилга бориб хусусий секторнинг ялпи ички маҳсулотдаги улуши  67 фоиздан 80 фоизга, экспорт ҳажмида эса 32 фоиздан 60 фоизга ўсиши таъминланиши устувор йўналишларидан бири экани ана шундай ўзгаришларни тақозо этмоқда.

Актам Хаитов,

Олий Мажлис Қонунчилик

палатаси спикери ўринбосари,

O'zLiDeP фракцияси раҳбари

  • Кўрилди
    1457
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+